14:24 / 17.06.2024
9093

50 минг кишидан 250 млн кишигача – дунёдаги энг йирик иш ташлашлар қайси давлатларда содир бўлган?

Хорижий давлатларда бир корхонада ёки қайсидир соҳада ишловчилар турли сабаблар билан тез-тез иш ташлашлар уюштириб туришади. Бунда раҳбариятга талаблар етказилади ва бир муддат ўтиб икки томон келишувга эришади. Бундай иш ташлашлар асосан касаба уюшмалари ташаббуси билан ташкил этилади. Яқинда ана шундай иш ташлашлардан бири Samsung Electronics ходимлари томонидан уюштирилди.

Июн ойининг бошларида Жанубий Кореянинг йирик ишлаб чиқарувчиларидан бири бўлган Samsung Electronics ходимлари компаниянинг 55 йиллик тарихида биринчи марта иш ташлаш ўтказган.

Иш ташлашни 28 мингга яқин аъзоси бўлган Samsung Electronics миллий иттифоқи (NSEU) ташкил қилган. Компания ходимлари Сеулдаги Samsung офиси олдига йиғилиб, раҳбариятдан иш ҳақи оширилишини ва йиллик таътилга қўшимча кун берилишини талаб қилган.

Турли компаниялар ходимлари ёки маълум бир соҳага тегишли ишчи-ходимларнинг иш ташлаш уюштириб, турли намойишларга чиқиши иқтисодиётни эркин бозор муносабатлари асосида юритувчи давлатлар учун нормал ҳолат ҳисобланади.

Собиқ СССР ва ундан ажралиб чиққан республикаларидан фарқли равишда уларда иш ташлаш уюштириб намойишга чиққан ишчиларни ҳеч ким қувиб солмайди.

Ишчилар ўз талабларини раҳбариятга етказишади ва ўртада музокаралар бошланади. Охирида томонлар ўзаро келишувга эришади ва шу билан жараён тугайди.

Фото: REUTERS

Жумладан, Samsung Electronics’да ҳам иш ташлаш ва компания офиси олдида намойиш бошлангач, уни уюштирган касаба уюшмаси ҳамда компания раҳбарлари музокараларга тайёрлигини билдирган.

Қуйида тарихдаги энг йирик иш ташлашлар ҳақида маълумотларни келтириб ўтамиз.

Ҳиндистон

2020 йил 26 ноябр куни Ҳиндистондаги касаба уюшмалари бир кунлик умуммиллий иш ташлаш ўтказади. Ўшанда бу иш ташлашни кўплаб йирик касаба уюшмалари билан бирга Ҳиндистондаги Сўллар ва Ҳиндистон миллий конгресси партиялари ҳам қўллаб чиқади. Шунингдек, Ҳиндистон деҳқонлари уюшмаси ҳам иш ташлаган ишчиларни қўллашини айтиб чиқади.

Бу иш ташлаш иноният тарихидаги энг йирик иш ташлаш бўлиб, унда 250 млн киши қатнашади. Ишчилар бу тадбирни “Деҳлига қараб марш” деб аташади.

Фото: IndustriALL Global Union

Ҳинд ишчилари ҳукумат олдига шундай талаблар қўйган эди:

1. Аҳолининг кам даромадли қисмига, ҳар бир оила учун 7 500 рупийдан тарқатиш (ўшанда бу сумма 100 АҚШ долларига тенг бўлган);

2. Муҳтожлар учун ҳар ой 10 килограммдан буғдой тарқатиш;

3. Ишчиларга қарши қонунларни бекор қилиш ва қишлоқ хўжалигида деҳқонлар зарарига ишлаётган ислоҳотларни тўхтатиш;

4. Давлат қарамоғида бўлган турли иқтисодий ташкилотларни хусусийлаштириш жараёнини, давлат унитар корхоналарини ҳиссадорлик жамиятларига айлантиришни тўхтатиш;

5. Суғурта бўйича қабул қилинган қонунларни соддалаштириш;

6. Барчага бирдай пенсия тўлаш тартибини ўз ичига олган эски пенсия ҳақидаги қонунни қайта қабул қилиш;

7. Ҳиндистон қишлоқларида янги иш ўринлари ташкил этиб, ишсизларни камайтириш.

Юз миллионлаб одамларнинг иш ташлаш уюштиришини кутмаган ҳукумат ишчилар қўйган шартдан фақат ишчиларга қарши қабул қилинган қонунларни бекор этишни қабул қилади.

Полша

1981 йил 27 март куни Полшада ишчилар томонидан Бутунполша огоҳлантириш иш ташлаш тадбири ўтказилади. Унда 13 миллиондан 17 миллион нафаргача одам қатнашади.

Полшанинг аҳолиси камлиги инобатга олинса, ўшанда Ҳиндистондагидан фарқли равишда мамлакатдаги катта ёшли аҳолининг аоссий қисми иш ташлашда иштирок этади.

Фото: Alamy 

Иш ташлаш тадбирларини мамлакатдаги “Бирдамлик” ҳаракати ташкиллаштиради. Ишчилар ва деҳқонлар аввалроқ қабул қилинган, деҳқонларга ўз касаба уюшмаларини тузишни тақиқловчи қонунни бекор қилишни талаб этади.

Полшада ўтказилган иш ташлашлар тарихи 1980 йилга бориб тақалади. Ўша йили ишчилар йил давомида мустақил касаба уюшмаларини тузишга рухсат берилишини сўраб намойишлар, кичик кўламда иш ташлашлар ўтказади.

Август ойига бориб Полша коммунистик партияси ён беради ва ишчиларга мустақил касаба уюшмаларини тузишга рухсат беради. “Бирдамлик” мустақил касаба уюшмаси ҳам ўшанда ташкил этилади.

1981 йил баҳорда энди ишчилар ва деҳқонлар биргаликда ҳукумат олдига деҳқонларга ҳам мустақил касаба уюшмаларини ташкил этишга рухсат беришни талаб қилиб чиқади.

Кенг кўламдаги иш ташлашдан сўнг ҳукумат ён беради ва деҳқонлар ҳам ўзларининг мустақил касаба уюшмаларини ташкил этади.

АҚШ

АҚШдаги энг йирик иш ташлаш 20-аср бошларида юз берган. 1919 йил 6 февралдан 11 февралгача Вашингтон штатидаги Сиэтл шаҳрида қарийб 100 минг одам иштирокида иш ташлаш тадбирлари бўлиб ўтади.

Ўша пайтда Россияда октябр тўнтариши содир бўлган ва унинг акс садоси Америкагача етиб борганди. Болшевикларнинг “ҳаммани тенг қилиш” ҳақидаги ғоялари океан ортидаги ишчиларни ҳам руҳлантириб юборади.

Фото: Alamy 

Америкалик ишчилар бу ёлғон ғояларга ишониб, зимдан болшевикларни қўллай бошлайди. Сиэтлдаги иш ташлаш тарихи ҳам шунга бориб тақалади. Улар 1918 йилда бир неча марта Россияда болшевикларга қарши курашаётган кучларга юборилаётган қурол-яроғларни кемага ортишдан бош тортишади.

Биринчи жаҳон уруши тугагандан кейин бир муддат ўтгач ишчилар маошларини оширишни талаб қилиб чиқади. Сиэтлда ҳам шундай бўлади. Ўшанда АҚШ раҳбарияти Сиэтлдаги иш ташлашларда болшевикларни айблаб чиқади. Полиция кўчага намойишга чиққан одамларни ҳибсга ола бошлайди.

Иш ташлаш давом этган кунларда Сиэтл кўчалари бўйлаб варақалар тарқатилади. Уларда одамларга иш ташлаш тадбирларига қўшилишга чақирувлар билан бирга Россия ишчиларидан ўрнак олиш ҳақидаги гаплар ҳам бор эди.

Иш ташлаш кўлами кенгайгач Сиэтл мэри ишчиларга шаҳарга 3 минг ҳарбийни чақиришини айтиб таҳдид қилади. Шундан сўнг 11 феврал куни иш ташлаш тўхтайди.

Янги даврдаги энг йирик иш ташлашлар

АҚШ, General Motors компанияси ходимларининг иш ташлаши. 2007 йил 24-26 сентябр кунлари автомобилсозлик саноатида ташкил этилган United Auto Workers Union касаба уюшмалари иттифоқининг 73 минг аъзоси General Motors компаниясига қарши иш ташлаш уюштиради.

Фото: cnbc.com

Оқибатда компаниянинг АҚШ ва Канададаги бир нечта корхонаси фаолияти тўхтаб қолади. Ишчилар компания раҳбарлари олдига бошқаларда бўлгани каби меҳнат шароитини яхшилаш, компенсация миқдорини ошириш каби оддий талабларни қўяди.

Икки кундан сўнг томонлар келишувга эришади ва ишчилар иш ташлашни тўхтатади. Корхоналар иши қайта тикланади. Бу иш ташлаш янги даврдаги энг йирик иш ташлаш ҳисобланади.

Британия, почта ходимларининг иш ташлаши. 2009 йил ёзда Британия почтасига бўйсунувчи RoyalMail компаниясининг 80 мингга яқин ходими иш ташлайди ва бу жараён 2010 йил баҳоригача давом этади.

Оқибатда Британияда 30 миллиондан ошиқ мактублар ва турли жўнатмалар ўз манзилига етиб бормайди.

Фото: dailymail.co.uk

Бу иш ташлашга Британия қироллик почтасининг почта хизматини модернизация қилиш ҳақида эълон қилиши сабаб бўлади. Унда почта ходимларнинг қарийб ярмини ишдан бўшатиш, иш ҳақи тўлаш тартибини ўзгартириш назарда тутилганди.

Бир неча ой давом этган иш ташлашлардан сўнг почта хизмати раҳбарияти ва ходимлари келишувга эришади. Унга кўра компания 75 фоиз иш ўринларини сақлаб қолиш ва маошларни оширишга рози бўлади. Шундан сўнг иш ташлаш тўхтатилади.

Жанубий Африка Республикаси, кончилар иш ташлаши. 2007 йил 27 ноябр куни Африка қитъасида жойлашган Жанубий Африка Республикасида кончилар миллий иттифоқи мамлакат бўйлаб тоғ-кон саноатида ишловчи барча шахтёрлар иш ташлаганини эълон қилади.

Гап шундаки, 2006 йилда конларда шахтёрларнинг ўлими билан боғлиқ ҳодисалар кўпаяди. Шунда ҳукумат конларга эгалик қилувчи компанияларга босим ўтказиб, меҳнат шароитларини яхшилаш ва шу йўл билан ўлимлар сонини камайтиришга ваъда беради.

Фото: IndustriALL Global Union

Бироқ амалда ҳеч иш қилинмайди ва 2007 йилнинг биринчи ярмида ҳам кўплаб шахтёрлар шунчаки техника хавфсизлиги чоралари кўрилмагани учун ҳалок бўлишади. Шундан сўнг шахтёрлар умуммиллий миқёсда иш ташлашга қарор қилишади.

Бир неча кундан сўнг ЖАРдаги 60 та конда ишлаётган қарийб 250 минг одам иш ташлагани маълум бўлади. Иш ташловчиларнинг асосий талаби мамлакатдаги 700 дан ошиқ шахтада меҳнат шароитларини яхшилаш ва техника ходимлари хавфсизлиги қоидаларини яхшилашни талаб қилади.

Ўшанда шахтёрлар иш ташлаш билан чекланиб қолмайди. Йоханнесбург шаҳри кўчаларида қарийб 30 минг шахтёр йиғилиб, намойишлар ҳам ўтказилади.

Ўшанда ҳукумат иш ташловчиларга меҳнат шароитларини яхшилаш бўйича яна ваъдаларни беради ва иш ташлаш тўхтайди.

АҚШ, Verizon компанияси ходимларининг иш ташлаши. 2016 йил апрелда АҚШда йирик иш ташлашлардан бири бўлиб ўтади. Verizon Communications Inc компаниясининг 40 мингдан ошиқ ходими иш ташлайди.

Оқибатда телекоммуникация соҳасида фаолият олиб борувчи компаниянинг кўплаб корхоналарида иш тўхтаб қолади.

Фото: nyti.ms

Бу иш ташлашни Workers of America ва International Brotherhood of Electrical Workers номли касаба уюшмалари ташкил этади. Компания ходимлари раҳбариятдан тиббий суғурта пулини тўлашни, меҳнат хавфсизлиги, пенсия ва даволаниш варақаларини беришни талаб қилади.

Охир-оқибат компания раҳбарияти ходимлар қўйган талабларни бажариш мажбуриятини олади ва шундан сўнг иш ташлаш тўхтатилади.

АҚШ, жамоат транспорти ходимларининг иш ташлаши. 2005 йил 20 декабр куни Ню-Йорк шаҳридаги жамоат транспорти ҳайдовчилари ва бошқа ходимлар иш ташлайди.

Оқибатда шаҳар кўчарида автобуслар ва ер остида метро ҳаракати тўхтаб қолади. Бу иш ташлашни транспорт соҳасида ишловчиларни ўзида жамлаган Transport Workers Union деб номланган касаба уюшмаси ташкил этади. Иш ташлаш тадбирларида қарийб 50 минг одам қатнашади.

Фото: Alamy 

Иш ташловчиларнинг асосий талаблари пенсия ёшини кўтармаслик ва маошларни ошириш бўйича эди. Ўшанда ишчилар пенсия ёшини 55 дан 50 ёшга туширишни талаб қилиб чиқишади.

22 декабр куни раҳбарият ҳайдовчиларнинг талабларини қабул қилади. Аввалроқ транспорт соҳасида ишловчиларнинг пенсияга чиқиш ёшини 62 ёшга кўтармоқчи бўлган шаҳар маъмурияти уни эски ҳолида 55 ёшда қолдиришга ва маошларни оширишга рози бўлади.

Шундан сўнг уч кунлик танаффусдан кейин Ню-Йоркда автобуслар ва метро ҳаракати қайта тикланади.

АҚШ, сценарийчиларининг иш ташлашлари. 2007 йил 5 ноябр куни АҚШда сўнгги 30 йилдаги энг йирик иш ташлаш бошланади. Уни Сценарийчилар гилдияси ташкил этади ва мамлакат телеканаллари ва Ҳолливудда ишловчи сценарийчилар қўшилишади.

Иш ташловчилар асосан продюссерлар томонидан ўзларига ажратилаётган гонорар миқдорини оширишни талаб қилиб чиқишади.

Гап шундаки, 2007 йил ёзда Продюссерлар алянси ва Сценарийчилар гилдияси ўртасидаги шартнома тугайди. Янги шартномада Продюссерлар алянси сценарийчиларга тўланадиган ганорар миқдорини оширишни хоҳламайди. Шундан сўнг сценарийчилар иш ташлашга қарор қилишади.

Фото: REUTERS

Иш ташлаш бошлангач, телеканалларда жуда кўплаб муаллифлик кўрсатувлари, Ҳолливудда суратга олиниши режалаштирилган филмлар ва ҳужжатли филмларни суратга олиш ишлари тўхтаб қолади.

Оқибатда турли телеканаллар ва Ҳолливуддаги кинокомпаниялар катта миқдорда зарар кўра бошлайди. Маълумотларга кўра ўшанда иш ташлаш 2007 йил 5 ноябрдан 2008 йил 12 февралгача давом этади ва умумий зарар миқдори бир неча млрд долларни ташкил этади.

Иш ташлаш қарийб 100 кун давом этгач Продюссерлар алянси сценарийчилар қўйган талабларга рози бўлади. Шундан сўнг улар иш ташлашни тўхтатади.

2023 йилнинг энг йирик иш ташлашлари

АҚШ, сценарийчиларининг иш ташлашлари. 2023 йил 2 май куни америкалик сценарийчилар навбатдаги марта иш ташлаш эълон қилади. 14 июлга бориб иш ташлашга актёрлар ҳам қўшилади.

Оқибатда яна Ҳолливудда филмларни суратга олиш жараёни, телеканалларда муаллифлик кўрсатувлари намойишлари тўхтаб қолади. Иш ташлаш 148 кун давом этади.

Бу сафар ҳам худди 2007 йилда бўлгани каби Продюссерлар алянси ва Сценарийчилар гилдияси ўртасидаги шартнома муддати тугайди. Томонлар янги шартнома бўйича келиша олмайди.

Фото: Forbes.ru

Охир-оқибат Продюссерлар алянси ҳамда киностудиялар сценарийчилар ва актёрларга ён беради, улар ўртага қўйган шартларни қабул қилади.

АҚШ, автосаноат ходимларининг иш ташлаши. 2023 йил 15 сентябр куни ўзида 50 мингдан ошиқ автосаноат ходимларини жамлаган касаба уюшмаси АҚШнинг учта йирик компаниясида иш ташлаш эълон қилади.

Иш ташлашлар бир вақтнинг ўзида Ford’нинг Мичигандаги General Motors’нинг Миссуридаги ва Stellantis компаниясининг Оҳайодаги заводларида бошланади.

Ишчилар маошларни 46 фоизга оширишни ва иш вақтини ҳафтасига 32 соатга қисқартиришни, меҳнат шароитларини яхшиалашни ва пенсия дастурини яхшилашни талаб қилади.

Фото: Alamy 

Раҳбарият аввалига бу талабларга кўнмайди ва иш ташлаш октябр ойининг охиригача давом этади. Оқибатда ҳар учала компаниянинг ишлаб чиқариш ҳажми кескин пасаяди. Буюртмалар вақтида етказиб берилмагани учун учта компания бир ярим ойда 1 млрд доллар зарар кўради.

30 октябрга бориб касаба уюшмаси ҳар учала компания раҳбарияти билан келишувга эришади ва ўша куни иш ташлаш тўхтатилади.

Британия, темирйўл ходимларининг иш ташлаши. Британияда темирйўл ходимларининг иш ташлаши аслида 2022 йил баҳорда бошланганди. Ишчи-ходимлар раҳбарият олдига меҳнат шароитларини яхшилаш, иш ҳақларини ошириш ва иш ўрни учун кафолат бериш талабларини қўяди.

Бундан ташқари, касаба уюшмалари чиптахоналарни сақлаб қолиш орқали уларда ишлаётган ходимларнинг иш ўринларини сақлаш талабини ҳам қўяди.

Раҳбарият бу таклифларга кўнмайди ва иш ташлашлар 2023 йилда ҳам янада кенгроқ кўламда давом эттирилади. Оқибатда поездлар ҳаракатида кўплаб узилишлар юз беради ва темирйўл компаниялари катта зарар кўра бошлайди.

Ниҳоят 2023 йил 30 ноябр куни темирйўл компаниялари ва иш ташловчилар ўзаро келишувга эришишади. Унга кўра компаниялар битта талабни бажаришга – фақат иш ҳақларини оширишга рози бўлишади. Шундан сўнг иш ташлаш тўхтатилади.

Фото: Alamy 

Шунингдек, Германияда бюджет ташкилотларида ишловчи ходимлар маошларни оширишни, Австралияда газни қайта ишлаш заводлари ишчилари меҳнат шароитларини яхшилашни талаб қилиб, Францияда пенсия ёшининг оширилишига қарши умуммиллий (ҳукумат пенсия ёшини 62 дан 64 ёшга оширмоқчи бўлганди) иш ташлашлар бўлиб ўтди.

Бундан ташқари, 14 декабрда Финландияда иш ташлашларни тақиқлаш ҳақидаги қонун лойиҳасига қарши 100 минг одам, 2 сентябрда Жанубий Кореяда педагогларни ҳимоя қилиб 200 минг ўқитувчи, Грецияда даҳшатли поезд ҳалокатидан сўнг (ҳодисада 57 киши ҳалок бўлган) минглаб темирйўлчилар, Бангладешда маошларни оширишни талаб қилиб 100 минг ишчи иш ташлади.

Ғайрат Йўлдош тайёрлади.

Top