Ўзбекистон томонининг тергов ва суд материалларига кўра, Ҳиндистоннинг «Marion Biotech» компанияси ишлаб чиқарган «Док-1 Макс» йўтал сиропини ичиш оқибатида Ўзбекистонда камида 68 нафар бола вафот этган ва 16 нафари ногирон бўлиб қолган.

Текширувлар ишлаб чиқарувчининг «Док-1 Макс» ва «Амбронол» сироплари таркибида пропиленгликол ўрнига ёки у билан бирга диетиленгликол (ДEГ) ва этиленгликол (ЭГ) заҳарли моддалари борлигини кўрсатди.

Шундан кейин, Ҳиндистон полицияси мазкур фармацевтика компаниясининг ишлаб чиқариш бўйича директори ва икки нафар кимёгарини ҳибсга олди. Қолган икки директор «мамлакатдан ташқарида экани ва Ҳиндистонга қайтиши биланоқ қамоққа олиниши» маълум қилинди.

Ҳолат юзасидан «Marion Biotech Private Limited» (ишлаб чиқарувчи) ва «Maya Chemtech India Pvt.» (ишлаб чиқарувчига дорининг таркибий қисмини етказиб берган таъминотчи) раҳбарлари ва бошқаларга нисбатан Ҳиндистоннинг «Дори воситалари ва косметика тўғрисида»ги қонуни 17(а) ва 17(б) моддаларига асосан инсон хаётига хавфли ва жиддий зарар етказиши мумкин бўлган сифатсиз, сохта ва қалбаки деб топилган дори воситаларини ишлаб чиқариш ва сотиш бўйича айблов эълон қилинган.

ОАВда тарқалган маълумотларга аниқлик киритиш мақсадида 2023 йил март ойида Ўзбекистон тергов органлари Ташқи ишлар вазирлиги орқали Ҳиндистон ҳукуматига тегишли сўровнома юборган. Аммо 2024 йил март ойи ҳолатига, юқоридаги сўровномага ҳеч қандай жавоб қайтарилмаган.

Kun.uz мазкур жиноят иши бўйича батафсил маълумот олиш мақсадида Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги элчихонасида бўлди ва элчининг сиёсий масалалар бўйича маслаҳатчиси Ариф Саид билан суҳбатлашди. 

Ариф Саиднинг суҳбат аввалидаги тушунтириши: Сизларда эълон қилинган мақолада келтирилган айрим маълумотлар биз учун ҳам янгилик бўлди. Шу масала бўйича Ўзбекистон ва Ҳиндистон ҳукумати билан ўзаро алоқани тиклаш учун боғландик. Суриштирув натижалари билан танишиш учун Ўзбекистон ҳукумати билан доимий алоқада бўляпмиз. Бу масалага бошидан жиддий қараганмиз. Чунки дунё бўйлаб одамларда Ҳиндистон халқаро стандартдан паст даражадаги дориларни етказиб беради, деган тасаввур қолиб кетишини истамаймиз.

Элчихона «Marion Biotech» компаниясига нисбатан жуда ҳам жиддий чора-тадбирлар кўриляпти, деб ўйлаган. Ўзбек медиасида суд жараёнига оид маълумотлар чоп этила бошлагач, ундай бўлмаганини билдик. Шундан сўнг, Ҳиндистондан катта делегация келишини талаб қилдик. Унинг таркибида Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Фармацевтика вазирлиги ва бошқа тегишли ташкилотлардан вакиллар бўлади. Мазкур делагация июл ойи охирги ҳафтасида келиши режалаштирилган. Барча масалаларга улар тушунтириш беради.