20:28 / 04.06.2024
25975

Кариб денгизидаги орол сув остига кетмоқда — унинг аҳолиси эса материкка кўчиб ўтишига тўғри келмоқда

«Иқлим муҳожирлари» ташлаб кетишга мажбур бўлаётган оролдан фоторепортаж.

Кариб ҳавзасидаги Панамага тегишли Гарди Сугдуб ороли аҳолиси вакилларини катта ерга кўчириш ишлари бошланди, деб хабар беради Associated Press агентлиги. Кўплаб кузатувчилар буни глобал исиш тарихидаги муҳим рамзий палла деб ҳисоблашмоқда: Гарди Сугдуб иқлим ўзгариши натижасида денгиз сатҳи кўтарилиши бевосита таъсир кўрсатадиган дастлабки ороллардан бири саналади. «Медуза» иқлим инқирози оролни яшаш учун яроқсиз ҳолатга келтиргани ва нима учун бунда биргина глобал исишнинг ўзи айбдор эмаслиги ҳақида ҳикоя қилди.

Гарди Сугдуб Панама шимолидаги Авлиё Власия (Сант-Блас) архипелаги таркибига кирувчи ўнлаб катта-кичик тропик ороллардан бири бўлиб, соҳил чизиғидан тахминан бир километр масофада жойлашган. Унинг ҳажми узунасига 400 метр ва энига 150 метрни ташкил этади. Бу ерда тахминан 300 оила яшайди — архипелагнинг бошқа оролларидаги каби Гарди Сугдубда ҳам асосан ҳиндуларнинг куна (ёки гуна) халқи истиқомат қилади. Оролга улар тахминан 200 йил муқаддам келиб ўрнашишган ва бугунги кунда куна халқининг турмуш тарзи денгиз билан чамбарчас боғлиқ.

Аммо сўнгги йилларда орол кучли сув тошқинларига дучор бўлмоқда, айниқса кучли шамоллар эсадиган ноябр ва декабр ойларида. 2008 йилда оролда рекорд даражадаги ҳалокатли сув тошқинлари рўй берган, шундан кейин орол маъмурияти материк қисмига мажбурий релокация режасини ишлаб чиқа бошлаган. Ҳукумат қарорни қўллаб-қувватлаган, аммо кўчириш жараёни жуда кечиккан: фақат 2015 йилда Панама ҳукумати оролга яқин ҳудудда 300 уй қуриш учун бюджетдан маблағ ажратишга ваъда берган — соҳилдаги ер куналар мулки бўлса-да, одамларда уй қуришга маблағ йўқ эди.

Қурилиш ишлари амалда 2018 йилда бошланган ва фақат бугунги кунга келиб, 2008 йилги тошқинлардан 16 йил ўтганида Гарди Сугдубда яшовчиларни катта ерга кўчириш бошланди. Ҳаммани эмас: айрим оилалар қанча вақт имкони бўлса шунча вақт оролда қолишни режалаштирган. Кўчириш ишлари ихтиёрий амалга оширилмоқда ва Панама ҳукуматида буни мажбурий қилиш режаси ҳам йўқ. AP маълумотига кўра, аҳолини янги жойга кўчириб ўтказиш қиймати бугунги кунда 12 миллион долларни ташкил этади.

Гарди Сугдуб аҳолисини тўлақонли иқлим кўчманчилари деб ҳисоблаш мумкинми, бу жуда мураккаб савол. Дунё океанлари сатҳи кўтарилиши чиндан ҳам рўй бермоқда — нафақат ердаги, балки сунъий йўлдош маълумотлари ҳам буни тасдиқлайди. Кариб денгизида ҳам бу жараён бутун сайёрадаги ўртача кўрсаткич билан деярли бир хил суръатда кечмоқда. Аммо бу суръат — йилига 1,8–2 миллиметр — ўз-ўзидан орол сув остида қолишини англатмайди. Ундан ҳам жиддийроқ омил — бўрон кўтаришга қодир бўлган шамоллар режимидир. Глобал исиш биринчи навбатда шундай бўронлар эҳтимолини оширади. Тропик ороллар билан боғлиқ вазиятда бу билвосита, аммо океан сатҳи кўтарилишидан кўра муҳимроқ омилдир. Шу билан бирга, шамол режимига нафақат антропоген глобал исиш, балки, масалан бутун сайёрадаги иқлимни назорат қила оладиган, Тинч океанидаги шамолларнинг циклик ўзгариши ҳисобланган Эл-Нинё ҳам таъсир кўрсатади.

Гарди Сугдуб хароб бўлишига унинг аҳолиси ҳам ўз ҳиссасини қўшган. Авваллари орол маржон қоялар билан ўралганди, улар тўлқинлар ва шамол кўтарилишига жиддий тўсиқ бўла оларди. Аммо XX аср ўрталаридан маржон қоялардан орол ҳудудини кенгайтириш учун қурилиш материали сифатида фаол фойдалана бошлашган. 2017 йилдаёқ Панама-Ситидаги Смитсон тропик институти тадқиқотчи олими Гектор Гусман BBC билан суҳбатда 1960-йиллардаги ва 2003 йилги аэрофотосуратлар таққосланганида драматик фарқ кўзга ташланганини айтганди — бу вақт ичида орол маржон қоялардан ҳам, оролни тўлқинлардан ҳимояловчи тўсиқдан ҳам маҳрум бўлганди. Омиллардан қай бири — глобал исиш ёки маржон қоялар деградацияси — якунда орол яшаш учун яроқсиз ҳолатга келишида ҳал қилувчи бўлганини махсус тадқиқот ўтказмасдан туриб айтиб бўлмайди. Қолаверса, маржон қоялар барқарорлиги иқлим ўзгариши натижасида ҳам ёмонлашган.

Гарди Сугдубнинг юқоридан кўриниши
Matias Delacroix / AP / Scanpix / LETA
Гарди Сугдуб аҳолиси вакилларидан бири орол четида мобил алоқа тутишга уринмоқда
Matias Delacroix / AP / Scanpix / LETA
Гарди Сугдуб кўчасида
Matias Delacroix / AP / Scanpix / LETA
Оролдаги хўжалик қурилмаларидан бири
Matias Delacroix / AP / Scanpix / LETA
Орол аҳолисининг кундалик ҳаёти
Matias Delacroix / AP / Scanpix / LETAMatias Delacroix / AP / Scanpix / LETA
Гарди Сугдубдаги бар мижозлари
Matias Delacroix / AP / Scanpix / LETA
Анъанавий либосларни сайёҳларга сотиш учун илаётган аёллар
Matias Delacroix / AP / Scanpix / LETA
Гарди Сугдуб соҳилидаги панорама
Matias Delacroix / AP / Scanpix / LETA
Гарди Сугдубдан кўчирилганлар учун янги уйлар
Top