Амударё қуйи оқимида сув тақчиллиги йилдан йилга оғирлашмоқда. Хусусан, охирги 4 йилдан бери Туямўйин сув омборидаги сув миқдори ўлик сатҳ атрофида тебранмоқда.

“Амударёнинг қуйи оқимида баҳордаги иссиқ ва камёғин давр жойларда сув танқислигини, Туямўйинда совуқ мавсумда тўпланган сувнинг охирги ҳажмлари ишлатилишига сабаб бўлди”, дейилади Uzb_Meteо каналида.

Метеожурнал'нинг ёзишича, майнинг бошида сув омборидаги сув ҳажми 2,5 км кубгача камайган. Майнинг иккинчи ўн кунлигида сув омборига кириш оқими прогноздагидан 1,23 км кубгача кам бўлди. Сув омборидан 0,15 км кубгача сув оқиб чиқди. Натижада сув ҳажми 2,3 км кубга камайиб кетди. Бу сув омбори учун жуда ҳам минимал ҳолатдир. Амударёнинг қуйи оқимида жуда кучли сув танқислиги мавжуд. Март-апрел ойларида ҳудуддаги экинларнинг сувга бўлган талаби иссиқ ва қуруқ ҳаво омили туфайли мавсумга хос бўлмаган тарзда 50 фоизга ортиб кетган.

Сув сатҳи камайишига қайси омиллар таъсир кўрсатмоқда?

Биринчидан, охирги йилларда Марказий Осиёда кўпйиллик ўртача меъёрлардан баландроқ ҳаво ҳарорати янги меъёрга айланиб бормоқда. Жазирама кунлар сони аввалгига қараганда кўпайди. Минтақада ўртача йиллик ҳарорат глобал ўртача кўрсаткичдан тезроқ кўтарилмоқда. Бу эса сув ресурсларига бўлган талабни оширди.

Иккинчидан, Афғонистон ҳукумати Балх вилоятида улкан Қўштепа каналини қуриш лойиҳасини фаол равишда амалга оширмоқда. Бу Амударё сувининг кескин камайишига таъсир кўрсатади.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, Ўзбекистон ва Туркманистон минтақанинг асосий дарёсидан суғориш ишлари учун оладиган сувнинг 15 фоизини йўқотади. Хусусан, майнинг биринчи ўн кунлигида Амударё сувининг Қўштепа каналига очиб юборилиши ҳам Туямўйин сув омборидаги сув миқдорининг қисқаришига таъсир кўрсатган бўлиши мумкин. Ушбу вазиятда Марказий Осиё давлатларининг Афғонистон билан сув тақсимоти бўйича ҳеч қандай келишувга эга эмаслиги катта муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.

Учинчидан, жорий йилнинг январь-февраль ойларида кузатилган аномал совуқ таъсирида Қорақум каналида авария ҳолати юзага келган. Бунинг натижасида 100 млн куб метр сув қумга оқиб кетган.