13:00 / 10.06.2024
9855

Исроилнинг қонли операцияси, Су-57 самолётидан айрилган Россия ва Европа парламентига сайловлар — кун дайжести

Жаҳонда ўтган кун давомида рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан одатдагидек кундалик дайжестимизда таништирамиз.

Ғазодаги вазият

Исроил махсус топшириқли бўлинмасининг Ғазо марказидаги Нусайрат қочқинлар лагерида гаровдаги 4 нафар исроилликни қутқариш бўйича ўтказган амалиёти бир неча ҳафта давомида режалаштирилгани маълум бўлди.

Гарчи гаровдагиларнинг озод этилгани Исроилда катта хурсандчилик билан кутиб олинган бўлса-да, рейд давомида фаластинликлар ҳалок бўлгани айтилмоқда.

ҲАМАС матбуот хизмати рейд оқибатида 274 киши, жумладан, болалар ва тинч аҳоли вакиллари ҳалок бўлганини маълум қилган.

«Ёз уруғлари» деб номланган рейдни амалга ошириш орқали махсус бўлинма нафақат штурм вақтида, балки чекинишда ҳам таваккалчилик қилишига тўғри келган.

ЦАҲАЛ матбуот котиби, контр-адмирал Даниэл Ҳагарининг сўзларига кўра, разведка маълумотларига асосланган ҳолда Исроилдан Ғазога кириб борган махсус топшириқли бўлинма бир вақтнинг ўзида «Нусайрат»даги иккита турар жой кварталига ҳужум қилган, бу ҳудудларда гаровдагилар ушлаб турилган бўлган.

Ичкарига бостириб кирган гуруҳлар гаровдагиларни озод этган ва уларни кўчада турган ҳарбий машиналарга олиб чиқишган, бу ерда улар қуролланган фаластинликларнинг қаттиқ қаршилигига дуч келишган.

ҲАМАС гаровдагиларни ушлаб турган жойда яшовчи фаластинликларга кўра, қутқарув амалиёти чоғида ҳудуд интенсив равишда бомбардимон қилинган ва оғир қуроллардан ўққа тутилган. Ғазо соғлиқни сақлаш вазирлиги икки соатлик амалиёт чоғида ўлдирилган 86 кишининг фамилиясини эълон қилган.

Қутқарув операциясига муносабат

Фаластин мухторияти раҳбари Маҳмуд Аббос ўзи «Исроил кучлари томонидан содир этилган қонли қирғин» деб атаган ҳодиса юзасидан зудлик билан БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғилишини ўтказишга чақирган.

Европа иттифоқи ташқи сиёсий идораси раҳбари Жозеп Боррел Ғазодаги амалиёт давомида қурбонлар сони кўп бўлганини танқид остига олиб, бу ҳолатни «қатъий тарзда қоралаши»ни айтган.

Бугунги кунда Ғазо секторида 7 октябр куни ўғирланган 120 га яқин киши Фаластин ҳудудида қолмоқда.

Исроил телеканалларидан бирининг бошловчиси ҲАМАС гаровда ушлаб турилганларга яхши муносабатда бўлганини айтгани учун ишдан ҳайдалди.

12-телеканал бошловчиси ва актриса Лама Татур ҲАМАС томонидан гаровда ушлаб турилган ва озод қилинган Ноа Арманининг ташқи кўриниши ҳақида ижтимоий тармоқда пост қолдирган.

«9 ой илгари ўғирлаб кетилган қизнинг туришини қаранг. Унинг қошлари меникидан ҳам чиройлироқ! Териси! Сочлари! Тирноқлари! Бу нима?! Шунинг учун бегуноҳ аёллар ва болалар ўлдирилиши керак эдими?», – деб ёзган Татур. Бу постдан кейин уни ишдан ҳайдашган.

Украинага ёрдам

НАТО бош котиби Йенс Столтенберг Украина учун 5 йилга мўлжалланган 100 миллиард долларлик ҳарбий ёрдам кўрсатиш жамғармасини яратиш режасидан воз кечади, деб хабар беради Bloomberg .

Столтенберг энди иттифоқчиларга Украинага ёрдам бериш учун йилига камида 40 миллиард евро (43 миллиард доллар) сарфлашни таклиф қилмоқчи. Bloomberg манбаларининг таъкидлашича, бу Россиянинг кенг миқёсли босқинидан кейинги ўртача йиллик бадалларга мос келади.

Тахминларга кўра, бу маблағнинг ярми АҚШ томонидан ажратилади. Bloomberg суҳбатдошларининг таъкидлашича, НАТО ҳар бир мамлакат учун миқдорни ЯИМ ҳажмига қараб белгилайди.

«Мен иттифоқчилардан келгуси йиллар учун мажбуриятларни зиммага олишни сўрайман. Биз ҳар йили ва зарур бўлган вақт давомида ҳеч бўлмаганда шу даражада қўллаб-қувватлашимиз керак», деган эди Столтенберг май ойи охирида Прагада.

Столтенбергнинг янги режаси янги маблағ ажратишни назарда тутмайди, бироқ НАТО Киевга келгуси йилларда қўллаб-қувватлаш даражаси бўйича кўпроқ ишонч бағишлашни кутмоқда, деб таъкидлади нашр.

Украинадаги уруш

Россиянинг Харкив йўналишида олдинга силжиши АҚШнинг Украина қуролли кучларига Россия ҳудудидаги ҳарбий объектларни нишонга олиш учун рухсат берганидан сўнг депсиниб қолган.

Бу ҳақда CBS телеканалига берган интервюсида АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан таъкидлаб ўтган.

У Жо Байденнинг Америка қуроллари билан Россия ҳудудига зарба беришга рози бўлганини «соғлом фикр» деб атаган.

«Бир нарсани қайд этмоқчиман: Россиянинг Харкив остонасидаги операцияси динамикаси секинлашиб қолди. Гарчи Харкив ҳамон хавф остида қолаётган бўлса-да, сўнгги кунлар ичида россияликлар бу ҳудудда қуруқликдан айтарли силжишга эриша олишгани йўқ. Қўшма Штатлар Украинага фронт чизиғини сақлашда ва агрессив Россия қўшинларини чекинтиришда ёрдам кўрсатишда давом этади», — деган Жейк Салливан.

Украина бош разведка бошқармаси Россия ишлаб чиқарган энг сўнгги русумдаги Су-57 самолётини йўқ қилган. Боз устига, бундай самолётларнинг бир эмас, иккитаси йўқ қилингани айтилмоқда.

Самолётлар Россиянинг Астрахан области «Ахтубинск» ҳарбий аэропортида зарбага дучор бўлган. Зарба сунъий йўлдошдан туширилган фотосуратлар ёрдамида ўз тасдиғини топган. Бироқ, Россиянинг энг сўнгги русумдаги самолётини ким ва нима билан йўқ қилгани очиқланмаяпти.

Украина бош разведка бошқармаси вакили Андрий Юсовнинг телемарафон эфирида билдиришича, йўқ қилинган самолётларнинг сони битта эмас, иккита бўлган.

«Биздаги маълумотлар шундай ва улар янада аниқлаштиришмоқда. Дастлабки маълумотларга кўра, йўқ қилинган Су-57 самолётлари сони иккита бўлиши мумкин. Шунингдек, оккупантларнинг шахсий таркибида тикланмас йўқотишлар ва ярадорлар ҳақида ҳам маълумотлар бор», — деган Юсов.

Юсовга кўра, Бош разведка бошқармаси зарба берилгани фактини тасдиқлайди, бироқ операция ким томонидан ўтказилгани ва зарба бериш воситасини шарҳламайди.

Бу «ўта замонавий» самолётнинг илк йўқ қилиниши эканлигини тасдиқлаган Юсов, «душман Украинага қарши урушда фойдаланаётган аэродромлар»га зарбалар бундан кейин ҳам давом эттирилишини таъкидлаган.

Евросайловлар

Европа парламентига ўтказилаётган сайловларда Европа халқ партияси етакчилик қилмоқда. Ўнг марказчилардан ҳисобланувчи бу партия Еаропа парламентидаги энг йирик гуруҳ бўлиб, Украинани қўллаб-қувватловчи партия саналади.

Германиянинг ARD ва ZDF телеканаллари якшанба куни соат 18:00 да эълон қилган сайлов якунлари кутилмалари ҳозирча шундан далолат беради.

Европа парламентида энг йирик фракцияга эга Европа халқ партияси Европарламентининг янги чақириғида 720 та ўриндан 189 тасини эгалламоқда. Европа халқ партиясидан Еврокомиссия раҳбарлигига номзод Урсула фон дер Ляйендир.

Германия Христиан-демократик иттифоқи томонидан номзоди илгари сурилган Еврокомиссиянинг амалдаги раҳбари Урсула фон дер Ляйен ўз лавозимини сақлаб қола олишига ишонч билдирди.

«Ҳа, ишончим комил, лекин, албатта, мен олдинда жуда кўп иш борлигини биламан, аммо мен иккинчи мандатни эгаллашимга ишончим комил», - дея Reuters унинг тегишли саволга жавобини келтирган.

Бошқа нарсалар қаторида, фон дер Ляйен Украинани қўллаб-қувватловчи кучлар билан ҳамкорликни давом эттириш ниятида эканлигини таъкидлади.

Кутилмаларга кўра, депутатлар сони бўйича иккинчи йирик фракция социалистлар ва демократларнинг алянси бўлади ва улар 135 та ўринга даъво қилишмоқда.

Улардан сўнг 81 тадан 87 тагача ўрин эгаллаши мумкин бўлган либералларнинг «Европани янгилаш» бирлашмаси бормоқда.

Европа консерваторлари ва ислоҳотчилари 80 та мандат, ўнг миллатчилар «Ўзлик ва демократия» бирлашмаси 70 та жой олиши мумкин. Шундай қилиб, биргаликда бу икки ўнг гуруҳ 150 та мандатга эга бўлиши мумкин.

Кутилмаларга кўра, «Яшиллар/Европа озод алянси» бирлашмаси Европа парламентидаги бир қанча вакилларидан айрилади ва 60 тадан камроқ жойга эга бўлади. 

Top