Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништиришда давом этамиз.

Ғазодаги вазият

Бугунги кунга келиб Ғазо секторида кўплаб инфратузилма объектлари ва турар жой бинолари вайрон қилинган.

Турли инсонпарварлик ташкилотларининг маълумотларига кўра, уруш бошланганидан буён Ғазода вайронага айланган уйлар сони 10 мингдан ошган. Минглаб одамлар бошпанасиз қолган.

150 дан ортиқ масжидлар вайрон қилинган ёки жиддий талафот кўрган.

Уй ва масжидлардан ташқари мактаблар, касалхоналар ва тижорат объектлари каби кўплаб бинолар ҳам вайрон қилинган ёки зарар етказилган. Баҳолашларга кўра, бундай объектлар сони 20 мингдан ошади.

Исроил авиацияси ҲАМАСнинг сиёсий қаноти етакчиси Исмоил Ҳаниянинг Ғазо сектори шимолидаги уйига зарба берди. Ҳаниянинг қариндошларидан камида 13 киши ҳалок бўлгани айтилмоқда. Улар орасида унинг опаси ҳам бор. Ҳаниянинг ўзи айни пайтда Қатарда истиқомат қилиб келмоқда. Уруш бошланганидан буён ҲАМАС етакчиси 17 нафар қариндошидан айрилган.

Бугунга келиб, Ғазода ўлганлар сони 37 минг 658 кишига етган. Ярадорлар сони 86 минг 237 кишини ташкил этмоқда. Сўнгги сутка ичида Исроил яна учта оммавий қирғин ўтказган. 32 киши ўлдирилган, 139 киши ярадор бўлган.

7 октябрдан буён Исроил томонидан ҳисобга олиниб, қамоқхоналарда сақланаётган фаластинликлар сони 9 минг 385 нафарни ташкил этмоқда.

АҚШдагилар Исроилдан шокда

Исроилликлар фаластинликларга қандай муомала қилаётганидан АҚШдагилар шокка тушиб қолишди.

24 июн куни АҚШ Давлат департаменти Исроил ҳарбий жипига боғлаб судралган ярадор фаластинлик тасвирланган видеони «шокка туширувчи» деб атаган. Вашингтон тезда суриштирув ўтказиб, айбдорларни жазога тортишни талаб қилган. Лекин унинг чақириқлари одатий тарзда жавобсиз қолган.

«Бу видеода нималарни кўрганимизни айтиб бераман. Бу инсонни шокка туширувчи бир ҳолат эди. Бундай амалиётга тоқат қилиб бўлмайди. Инсонлардан ҳеч қачон тирик қалқон сифатида фойдаланмаслик керак», — деган Давлат департаменти вакили.

22 июн куни Женин шаҳрида уюштирилган рейд давомида Исроил ҳарбийлари исми Мужоҳид Назмий бўлган ярадор фаластинликни ҳарбий жип капотига боғлаб судрашган.