Доғистондаги теракт, Рафаҳда якунланаётган уруш ва Севастополга ҳужум — кун дайжести
Ўтган кун давомида жаҳонда рўй берган энг асосий воқеалар ва янгиликлар шарҳи билан кундалик хабарномамизда таништиришда давом этамиз.
Доғистондаги теракт
Россиянинг Доғистон Республикасида террорчилик акти содир этилди. Республика пойтахти Махачқалъа ва Дарбанд шаҳарлари якшанба куни кечқурун қуролланган жангариларнинг ҳужумига дучор бўлди. Кўплаб инсонлар ҳалок бўлгани маълум қилинмоқда.
Ҳалок бўлганларнинг 15 нафари полициячилардир. Яна 34 киши жароҳатланган, уларнинг 27 нафари ҳуқуқ-тартибот органлари ходимлари.
Ҳужум ҳақидаги хабарлар Москва вақти билан соат 19:00 лардан тарқала бошлаган. Доғистон ИИВнинг хабарига кўра, жангарилар автоматик қуроллардан синагога ва черковга қарата ўт очишган, сўнгра автомобилда таъқибдан қоча туриб, йўл полицияси постини ҳам ўққа тутишган. Синагога тўлиқ ёниб кетган, жангарилар 69 ёшли роҳибнинг томоғидан сўйишган.
Аввалроқ Доғистоннинг Сергоқалъа тумани раҳбари Магомед Умаровнинг икки ўғли Усмон ва Одил Махачқалъага ҳужумда иштирок этгани ва ўлдирилгани маълум қилинганди. Улардан ташқари яна 4 нафар жангари йўқ қилинган. Магомед Умаров ҳам қўлга олинган.
Россия миллий аксилтеррорчилик қўмитаси хабарига кўра, Доғистондаги операция якунланган, яна икки жангари йўқ қилинган. Ўлдирилган 6 жангарининг барчаси Сергоқалъа туманида яшашган.
Эксперт, Карлово университети докторанти Беҳруз Самадовга кўра террорчилик актида ИШИДнинг имзоси яққол кўриниб турибди. Унинг сўзларига кўра, ИШИД пропагандачилари кўплаб марта синагогалар ва черковларга ҳужум қилишга тарғиб қилиб келишади. «Бу ИШИДнинг стратегияларидан бири», — деган у «Дожд» телеканали эфирида. Самадовга кўра, ИШИД ресурсларида террорчиларнинг қасам ичгани ва улар иштирокидаги роликлар эълон қилиниши мумкин.
Россиялик айрим расмийлар одатга кўра, ушбу террорчилик акти ортида Украина турганини таъкидлашмоқда.
Масалан, Россия Давлат думасига Доғистондан сайланган депутат Абдулҳаким Гаджиевнинг фикрича, теракт ортида Украина ва НАТО давлатлари махсус хизматлари турган бўлиши мумкин.
Ғазодаги вазият
Исроил бош вазири Бинямин Нетаньяху Рафаҳ шаҳрида ҲАМАСга қарши интенсив жангларнинг фаол фазаси якунланиб бораётганини эълон қилди.
«ҲАМАСга қарши ҳарбий ҳаракатларнинг қизғин фазаси бугун-эрта якунланади», — деган Нетаняҳу Исроилнинг 14-телеканалига берган интервюсида.
Унинг аниқлик киритишича, бу асло Ғазода уруш якунланганини билдирмайди, бироқ «Рафаҳдаги урушнинг ўткир фазаси тугатилиши»ни англатади.
«Қизғин фаза якунланганидан сўнг биз айрим кучларни шимолга дисклокация қилишимиз мумкин ва шундай қиламиз», — деган Нетаняҳу.
Нетаняҳу шимол деганда Ливан билан чегарани назарда тутган. Бу ерда Исроил Ливаннинг «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати билан кенг кўламли урушга тайёргарлик кўрмоқда.
Ўтган тунда Исроил Ливандаги «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати позицияларига ёпирилма зарбалар берган. Жумладан, тақиқланган фосфорли ёндирувчи бомбалардан ҳам фойдаланилгани хабар қилинмоқда.
Исроил ҳукумати Фаластин давлатини тан олаётган мамлакатларга қарши чора кўришни муҳокама қилмоқда деб хабар беради Ynet портали.
22 май куни Норвегия, Ирландия ва Испания Фаластин давлатининг мустақиллигини тан олганликларини эълон қилган эди. 5 июн куни Словения, 21 июн куни эса Арманистон ҳам мустақил Фаластин давлатини тан олишди.
Исроил Миллий хавфсизлик вазирлиги ушбу давлатларнинг мамлакатдаги элчихоналарни ёпишни ва шу мамлакатлардан элчиларини чақириб олишни таклиф қилган.
Айни пайтга келиб, Малта ва Австралия ҳам Фаластин давлатининг мустақиллигини тан олиш масаласини кўриб чиқмоқда.
Қизил денгиздаги вазият
Яманлик ҳусийчилар Ироқ исломий қаршилик ҳаракати билан бирга Исроилнинг Ҳайфа портидаги тўртта кемага ҳужум уюштирган.
Ҳусийчиларнинг матбуот котиби Яҳё Сария иккита цемент ва яна иккита қуруқ товарларни ташувчи юк кемаси нишонга олингани ҳақида баёнот берди. Бундан ташқари, Ўрта Ер денгизида Исроил портига йўл олган чорва ташувчи кемага ҳам зарба берилган.
Ҳужум дронлар воситасида амалга оширилган. Ҳусийчилар ҳар икки операция «муваффақиятли ўтгани» ва «кўзланган мақсадларга эришилгани»ни таъкидлаган.
Ҳусийчилар тижорат кемаларига қилинган мазкур ҳужумларни босиб олинган Фаластин портларига ўтиш тақиқини бузганлик билан изоҳлаган.
АҚШ Марказий қўмондонлиги сўнгги 24 соат ичида Қизил денгизда ҳусийчиларга тегишли учта дрон йўқ қилинганини маълум қилган. Шунингдек, Ямандан учта баллистик ракета учирилгани ҳам қайд этилган. Бироқ улардан ҳеч қандай ҳарбий кема ёки тижорат кемалари зарар кўрмаган.
Қизил денгиз, Адан кўрфази ва Боб ул-Мандаб бўғозидаги кемаларга ҳусийчиларнинг ҳужуми 2023 йилнинг ноябр ойидан буён уюштириб келинмоқда. «Ансоруллоҳ» ҳаракати АҚШ, Буюк Британия ва Исроил билан боғлиқ кемалар нишонга олинишини маълум қилган. Ҳусийчилар шу тариқа Исроил билан урушда Фаластиннинг ҲАМАС ҳаракатини қўллаб-қувватламоқда. АҚШ ва Буюк Британия эса 2024 йил бошидан буён ракеталар ва ҳарбий самолётлар воситасида Яманга жавоб зарбаларини бериб келмоқда.
Севастополга ҳужум
Россия Мудофаа вазирлиги Севостополга уюштирилган ҳужумда АҚШни айблади ва муносиб жавоб қайтаришни ваъда қилди. Эслатиб ўтамиз, Украинанинг Севастопол шаҳрига Американинг кассетали портловчи қисмларга эга бўлган ATACMS ракеталари билан ҳужуми чоғида мўлжалдан оғган ракета денгиз соҳилида дам олаётганлар яқинида портлаган. 5 киши ҳалок бўлган, кўплаб инсонлар яраланган.
«Севастополнинг тинч аҳолисига қарата қасддан берилган ракета зарбаси учун масъулият энг аввало шу қуролни Украинага етказиб берган Вашингтонда, шунингдек, бу зарба ҳудудидан туриб ижро этилган Киев режимида. Бундай ҳаракатлар жавобсиз қолмайди», — дейилади Россия Мудофаа вазирлиги баёнотида.
Вазирлик маълумотларига кўра, Украина узоқ масофадаги нишонларни ура олувчи, кассетали жанговар қисмларга эга 5 та ATACMS ракеталари билан ҳужум уюштирган. Уларнинг 4 таси уриб туширилган. Бешинчи ракетанинг ҳавода ёрилиши қурбонлар ва одамларнинг яраланишига сабаб бўлган. Россиялик ҳарбийларнинг қўшимча қилишича, бундай ракеталарнинг мўлжал томон йўл олишини америкалик мутахассислар ўзларининг сунъий йўлдошли разведкаси маълумотларига биноан созлаб боришади.
Россиялик ҳарбийларнинг ҳисоб-китобига кўра, ракеталар Миколайив шаҳридан учирилган. Энди улар ракета учирилган жойни йўқ қилиш бўйича чоралар кўришмоқчи.
Аннексия қилинган Севастополга Россия томонидан тайинланган губернатор Михаил Развозжаевнинг сўзларига кўра, 5 киши, жумладан уч нафар ёш бола ҳалок бўлган. Яраланганлар сони 124 нафарга етган.
Харкивга ҳужум
Россияликлар Украинанинг Харкив шаҳрига ҳужум уюштиришди. Украинадаги иккинчи йирик шаҳарда электр энергияси узатилиши билан боғлиқ узилишлар пайдо бўлиб, метро тўхтаб қолган.
Харкив област маъмурияти раҳбари Олег Синегубовнинг маълум қилишича, шаҳарнинг фуқаролик инфратузилмасига ўзини ўзи бошқарувчи жанговар қуроллар — авиабомбалар ёрдамида ҳужум уюштирилган.
«Авиабомбанинг хусусий турар жойга келиб тушиши натижасида бир киши ҳалок бўлган. Яна 11 киши яраланган. Шаҳарнинг бошқа жойида ҳам жабрланганлар бор. У ерда зарба таълим муассасасига тўғри келган», — деб хабар қилган Харкив шаҳар мэри Игор Терехов.
Шаҳар метрополитени линиялари бўйлаб поездлар қатнови вақтинча тўхтатилган. Барча бекатлар бошпана режимига ўтказилган.
Зарбалардан сўнг Харкивнинг бир қатор туманларида чироқ ўчган. Сув таъминоти ҳам узилиб қолган.
Бу орада Киев ATACMS ракеталаридан янада кенгроқ фойдалариш учун Вашингтонни ушбу ракеталарни ишлатишга чекловлардан воз кечишга чақирди.
«Биз Россия бригадасининг қўмондонлик пунктлари ва бутун шимолий гуруҳларини нишонга олишимиз мумкин, чунки улар фронт чизиғидан 100-150 км нарида жойлашган. Оддий ракеталар уларгача етиб боролмайди. ATACMS ёрдамида биз уларнинг қўмондонлик марказларини яксон қилишимиз мумкин», — деган Харкивдаги Гефаст лақабли артиллерия қўмондони.
Мавзуга оид
13:50 / 22.11.2024
Ғазодаги мисли йўқ зулм, Нетаняҳу ҳибси учун ордер ва Путиннинг таҳдидли чиқиши — кун дайжести
13:54 / 21.11.2024
Ғазо масаласига вето қўйган АҚШ, Байденнинг рухсатини маъқулламаган Эрдўған ва Storm Shadowʼлар билан Россияга илк зарба — кун дайжести
13:54 / 20.11.2024
Ғазодаги ҳарбий назорат, Украина урушига 1000 кун ва ATACMS билан Россияга илк зарба — кун дайжести
14:03 / 19.11.2024