13:26 / 26.06.2024
5557

Вазирлик талабаларнинг рағбат пулини солиққа тортишни сўраяпти. Бу амалдаги қонунчиликка зид

​​​​​​​Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги талабаларга бериладиган рағбат пулларидан даромад солиғи ушлаб қолишни сўраб, ректорларга хат жўнатди. Лекин бир неча ой олдин Солиқ қўмитаси бу нотўғри эканини билдирганди.

Фото: Kun.uz

Ижтимоий тармоқларда олий таълим, фан ва инновациялар вазири ўринбосари Сарвар Бузрукхонов имзоси билан олий таълим муассасалари ректорларига 2024 йил 19 июн куни жўнатилган хат тарқалди.

Унда талабаларга тўланадиган мукофот ва рағбат маблағларидан даромад солиғи олиниши кераклиги кўрсатилган. Вазирлик ректорлардан тўланиши керак бўлган даромад солиғи маблағларини бюджетга ўтказишни ва тўлангани ҳақидаги маълумотни 21 июн соат 11:00 гача топширишни сўраган.

Хатга Солиқ қўмитасининг 2024 йил 6 июндаги хати асос қилиб келтирилган. Қўмитанинг бу хатида ёзилишича, Ҳисоб палатаси ўз ўрганишларида ОТФИВ ва вазирлик ташкилотларида солиқ қонунчилиги бўйича камчиликларни аниқлаган ва бу ҳақда Солиқ қўмитасига 21 май куни хат йўллаган.

Қўмита шу асосга кўра ОТФИВ тизимидаги ташкилотлардан аниқлаштирилган солиқ ҳисоботи ёки аниқланган тафовутлар бўйича асосномалар тақдим этишни сўраган. Шунингдек, камчиликлар бартараф этилмаса, белгиланган тартибда солиқ текшируви ўтказилиши таъкидланган.

Солиқ қўмитасининг хатида талабаларнинг рағбат пулларидан солиқ олиб қолиниши ҳақида ҳеч қандай жумла йўқ. Хўш, қайси қонунчиликка кўра рағбат пуллари солиққа тортилмоқда?

Kun.uz'даги маълумотларга кўра, айрим олийгоҳ ректорларини шу пайтгача тўланган рағбат пулларидан даромад солиғи тўлашга мажбурлаш бошланган. Ваҳоланки, амалдаги солиқ қонунчилигида бундай норма йўқ.

Шу ўринда бир қўшимча: 2024 йилнинг январ ойида Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети талабалари олаётган рағбатлантириш пулларидан даромад солиғи олиб қолинаётгани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Шундан кейин Солиқ қўмитаси бошқарма бошлиғи Шухрат Исмоилов талабаларга рағбатлантириш учун тўланган пуллар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғига тортилмаслигини маълум қилганди.

Унинг таъкидлашича, Солиқ кодексининг 369-моддасида жисмоний шахсларнинг жами даромадлари таркибига киритилмайдиган даромадлари белгиланган. Унда Вазирлар Маҳкамаси қарорлари асосида жисмоний шахсларга бирйўла тўланадиган пул мукофотлари жисмоний шахсларнинг жами даромадлари таркибига киритилмаслиги ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод этилиши кўрсатилган.

Шундан келиб чиққан ҳолда, ушбу олий таълим муассасаси талабаларни рағбатлантиргани учун тўланган тўловлардан жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини солиқ агенти сифатида ушлаб қолмаслиги керак эди. Бу тўғрисида ушбу олий таълим муассасаси билан боғландик ҳамда бу ҳақда тегишли тушунтиришлар берилди”, – деган масъул.

21 июн куни ёшлар ва вазир учрашувида талабалардан бири худди шу муаммо бўйича вазир Қўнғиротбой Шариповдан изоҳ сўради. Шарипов вазиятдан хабардор эканини айтиб, ОТМларга нега бундан хат жўнатилганини шундай изоҳлади.

Бу яқинда текширишдан кейин чиққан. Лекин биз бу бўйича ҳозир ишлаяпмиз. Аслида уни сизлар билганингизда, буни биз бермасдик. Чунки бизнинг мақсадимиз сизларга муаммо туғдириш эмас. Ҳозир қонунлар ўзгаряпти. Шунинг учун балки тушунмовчиликлар бўлаётгандир”, – деди вазир.

Вазирликнинг молия-иқтисодиёт ва инфратузилмани ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Мақсуд Ҳамроев эса талабаларга берилаётган моддий рағбатлантиришдан даромад солиғи олиш ҳақидаги хатнинг стипендия ёки бошқа тўловларга таъсири йўқлигини маълум қилиб, ОТМлар рағбат пулларини беришда давом этаётгани ва улардан даромад солиғи олиш масаласи тез орада ҳал бўлишини таъкидлади.

Ҳозирги кунда бунинг ечими қилинди. Ҳеч қанақа талабанинг ҳисобидан кетадиган бўлмайди. У тўлов тизимини яратиб, яқин орада йўлга қўйилади. Лекин ҳозирги кунда ҳам ОТМ талабаларига рағбат пуллари тўхтатилмаган. Ҳеч қанақа қаршиликлар йўқ. Фақат солиқ ундирувига қаратилган масала кўриб чиқиляпти. Буни таклиф қилмоқчимиз, ўша олдинги ҳолатда сақлаб қолиш масалалари ҳам кўриляпти”, – деди масъул.

Kun.uz талабаларга тўланадиган рағбат пулларидан даромад солиғи ушлаб қолиш бўйича қонунга ўзгартириш киритиш кутилаётгани ёки йўқлигини билиш учун Солиқ қўмитасига сўров жўнатди.

Top