Иқтисодиёт | 20:41 / 29.06.2024
8670
5 дақиқада ўқилади

Солиқ маслаҳатчиларига берилган қатор ҳуқуқлар амалда ишламаяпти — Мурод Муҳаммаджонов

Ўзбекистонда солиқ маслаҳатчиларига 18 йил олдинги қонун билан берилган ҳуқуқлар ҳалигача кодексларга киритилмагани сабаб улар бу ҳуқуқларидан фойдалана олмаяпти. Судлар максимал солиқ маслаҳатчисини қатнаштирмаслик позициясида туради, дейди солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов.

Фото: Kun.uz

Президентнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқотига тайёргарлик кўриш доирасида, 29 июн куни молиявий, юридик, консалтинг, IT ва алоқа соҳасидаги тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилди.

Унда сўзга чиққан солиқ маслаҳатчиси Мурод Муҳаммаджонов солиқ маслаҳатчиларига қонун билан берилган ваколатлар процессуал кодексларга киритилмагани боис амалиётда ишламаётгани ҳақида гапирди.

“Солиқ маслаҳати тўғрисида”ги қонунда солиқ маслаҳатчисига ваколатлар берилган. Солиқ маслаҳатчиси солиқ органлари, прокуратура ва ҳатто тергов ёки суд органларида ҳам солиқ тўловчининг вакили сифатида иштирок этишига рухсат берилган. 2006 йил чиққан бу қонун, лекин шу кунгача ҳеч қайси процессуал кодексга ўзгартириш киритилмаяпти. Жиноий кодексда ҳам, маъмурий кодексда ҳам, иқтисодий процессуал кодексда ҳам, ҳеч бирида солиқ маслаҳатчиси вакил сифатида иштирок этиши белгиланмаган ва судлар максимал солиқ маслаҳатчисини қатнаштирмаслик позициясида туради.

Бу ёмон ҳолат, биринчидан, консалтинг сферасида солиқ маслаҳатчисига тўсиқ бўладиган бўлса, иккинчидан, солиқ тўловчининг ҳам ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиш имкониятини чеклайди. Қонун қабул қилинганига 18 йил бўлган, лекин бошқа кодексларга ҳам ўзгартириш киритиш керак. Тергов жараёнида ҳам дейилган, дейлик солиқ тўловчи чақирилиб, тергов қилинади. Солиқ тўловчи солиқ мутахассиси эмас, терговчи ёки солиқ инспектори қўйган саволга мутахассис даражасида жавоб бера олмайди”, – деди Муҳаммаджонов.

У ишламаётган нормалардан бири сифатида мунозарали вазиятларда аудио ва видеоёзувларини ёзиб олиш мумкинлиги ҳақидаги нормани келтириб ўтди.

“Процессуал кодексларда аудиога ёзиш ҳуқуқи, видеога олиш бу судянинг рухсати билан дейилган. “Солиқ маслаҳати тўғрисида”ги қонунда эса бу солиқ маслаҳатчисининг ҳуқуқи деб белгиланган, солиқ маслаҳати ташкилоти аудио, видеога ёзиб олиши мумкин дейилган. Бу ҳуқуқ ҳам ҳеч қайси процессуал кодексларга киритилмаяпти. Бу ҳуқуқ чекланяпти ва натижада суд протоколларида кўплаб гапирилган гаплар қолиб кетяпти ҳамда шикоят қиладиган бўлсак, бу гап гапирилмади деган ҳолатга олиб келяпти”, – деди Мурод Муҳаммаджонов.

Маълумот учун, “Солиқ маслаҳати тўғрисида”ги қонун 2006 йилда қабул қилинган, 2022 йилда ҳужжат ўз кучини йўқотиб, унинг ўрнига “Солиқ маслаҳатига оид фаолият тўғрисида”ги қонун кучга кирган.

Мурод Муҳаммаджонов 29 июн кунги йиғилишда солиқ органлари иштирокидаги барча ишлар маъмурий судларга ўтказилишига оид тартиб бузилаётганига ҳам тўхталди. Унинг таъкидлашича, бу тадбиркорнинг зиёнига қарорлар чиқарилишига олиб келяпти.

“Ўтган йили президент ҳам айтган эди, 292-сонли қарорда ҳам бор: солиқ органлари иштирокидаги барча судлар маъмурий судларга ўтказилсин деган вазифа бор эди. Ҳозир маъмурий судларда бекор қилинган қарорлар тўғридан тўғри иқтисодий судда кўрилиб, қарор бекор қилинган ҳолатда солиқ мажбурияти юклатилган ҳолатлар бўляпти. Ваҳоланки, президентнинг қарори бор, солиқ органлари иштирокидаги судлар дейилган: бу инкасса, солиқ ундириш, ёки хатти-ҳаракатига оид қарор билан боғлиқми – фарқи йўқ – барчаси маъмурий судда кўрилиши керак. Кўп ҳолларда иқтисодий судларга ўтказиляпти ва тадбиркор учун адолатсиз қарорлар чиқариляпти”, – деди у.

Мурод Муҳаммаджонов, шунингдек, консалтинг ва сервис корхоналари учун солиқ юки оғирлиги ҳақида ҳам сўз юритди.

“Таклифим барча консалтинг ва сервис корхоналарига солиқ юки жиҳатидан тааллуқли. Ўтган сафар умумий овқатланиш корхоналари ҳақида гапирганимизда уларда ҚҚС зачети йўқлиги сабабли ҚҚСини камайтириб, бошқа мажбуриятларини ошириш масаласи кўрсатилганди. Айнан хизматлар соҳасини ривожлантириш учун ҳам солиштирсак, солиқ юкининг тақсимланишида фарқ бор. Мисол учун, ўзимда ҳам консалтинг фирмаси бор, бошқа сервис соҳаларида ҳам ҚҚС 12 фоиз бўлиши айланмадан солиққа айланиб қолади. Ундан кейин 15 фоиз фойда солиғи бор, ижтимоий солиқ билан даромад солиғини қўшадиган бўлсак, солиқ юки 50 фоиздан ошиб кетиб қолади.

Ижтимоий солиқ билан даромад солиғининг ҳаммага тенглигини инобатга олсак, ҚҚС ёки фойда солиғини диффиренциаллаш керак. Чунки солиқ юки сервисларнинг ривожланиши учун катта тўсқинлик қилади”, – деди солиқ маслаҳатчиси.

Мадина Очилова
Тайёрлаган Мадина Очилова
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид