Жаҳон | 11:57 / 16.07.2024
3973
2 дақиқада ўқилади

Буюк Британия Россиянинг яширин нефт флотини таъқиб қила бошлайди — Bloomberg

Буюк Британия ва Европа Иттифоқининг бир гуруҳ давлатлари Россия халқаро санкцияларга чап бериш учун тузган нефт танкерларидан иборат «яширин флот»га қарши янги чоралар кўришга ҳозирланмоқда.

Фото: Morten Falch Sortland/Moment RF/Getty Images

Бу ҳақда ўз манбалари ва тегишли ҳужжатларга асосланиб, Bloomberg нашри ёзмоқда. Нашрнинг маълумотларига кўра, режа 18 июл пайшанба куни бўлиб ўтадиган Европа сиёсий ҳамжамияти йиғилиши майдонларида маъқулланиши керак.

Давлатлар Россия яширин флоти кемалари ва воситачилар яратаётган хавфларга қарши таъсир чораларини мувофиқлаштириш учун ахборот алмашиш ниятида. Улар шунингдек хусусий сектор ва бошқа манфаатдор томонлар билан ишлашади.

Журналистлар маълумотларига кўра, мамлакатлар Россия ўзининг нефт ресурсларидан даромад қилиши янада қийинлашиши учун «муайян чоралар»ни тезкор қабул қиладиган гуруҳ тузмоқчи. Суҳбатдошлардан бирининг журналистларга билдиришича, бу чоралар Россия кемаларининг санкция рўйхати кенгайишига олиб келиши мумкин.

«Россиянинг «яширин флоти» жағон денгизлари ва океанларига боғлиқ бўлган бизнинг мамлакатларимиз ва бошқа давлатларга таҳдид туғдирмоқда. Бу «яширин флот»даги кўплаб кемалар суғурталанмаган ва уларга тегишли хизмат кўрсатилмайди. Уларнинг аксарияти атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва хавфсизликка доир асосий стандартлар ва хавфсизлик қоидаларига зид фаолият билан шуғулланмоқда», - дейилади ҳужжатда.

2022 йилнинг охирларида Financial Times нашри Россия 100 дан ортиқ танкерлардан иборат ва санкция шароитларида нефтни денгиз орқали ташишга ихтисослашган «яширин флот» тузгани ҳақида ёзган эди.

Европа Иттифоқи Россиядан нефт хомашёси ва тозаланган нефт маҳсулотларини денгиз орқали импорт қилишни тақиқлаган. Шунингдек, Европа Иттифоқи давлатлари Россия нефтига нисбатан баррелига 60 долларлик юқори нарх чегараси жорий этиш тўғрисида келишиб олган эди.

Мавзуга оид