Самарқандда ибодатхона ва деворий суратлар топилди
Самарқанд археология институти ходимлари Ургутдаги Қўрғонтепа ёдгорлигидан VII-VIII асрларга оид ибодатхона ўрни ва деворий суратларни топди. Ҳозирда қазув ишлари давом этмоқда.
Самарқанд вилояти Ургут туманидаги Жўрабтепа маҳалласида жойлашган Қўрғонтепа ёдгорлигида илк ўрта асрларга оид бўлган ибодатхона ўрни топилди.
Самарқанд археология институти хабарига кўра, ходимлар мазкур ҳудудда 2022 йилдан буён археологик тадқиқотлар олиб бормоқда. Топилган ибодатхона тарҳи тўғри тўртбурчак шаклда бўлиб, деворларнинг сақланиб қолган баландлиги 3 метр. Хонага 5 та эшик орқали кириш мумкин. Унинг тўрида тахт-супа, тўрт томонида устун ўринлари жойлашган.
Хона деворлари диний мавзудаги суратлар билан безатилган бўлиб, сақланиб қолинган тасвирлар орасида юзи овалсимон, қулоқ ва қўллари эса зеб-у зийнатларга бой бўлган маъбуданинг тасвири мавжуд. Унинг бошида қанотли, устки қуббаси ярим ой шаклда бўлган тож тасвири акс эттирилган.
Сурат парчалари орасида бундай тож ва персонаж тасвирларининг турли парчалари аниқланмоқда. Шунингдек, деворларда токчалар ҳам мавжуд бўлиб, улардан бирининг ичида лойдан ясалган ҳайкалнинг қўл ҳамда оёқ қисмлари топилган.
Археологларнинг айтишича, ибодатхона VII-VIII асрларда фаолият юритган, аммо 712 йилда Қутайба ибн Муслимнинг Самарқандга қилган юришлари натижасида ёқиб юборилган бўлиши мумкин.
Ҳозирда ушбу жойда археологик қазув тадқиқотлари, деворий суратларни сақлаш, улардан нусха кўчириш ва ечиб олиш жараёнлари давом этмоқда. Келгусида ёдгорликни япониялик мутахассислар билан ҳамкорликда фанлараро усулларини қўллаган ҳолда тадқиқ этиш режалаштирилган.
Мавзуга оид
21:44 / 01.11.2024
Самарқандда автобус салонини аёллар ва эркаклар учун ажратган ҳайдовчига чора кўрилди
11:44 / 31.10.2024
Самарқандда йўловчи автобуси трактор тиркамаси билан тўқнашди
14:23 / 29.10.2024
Самарқандда савдо дўкони ёниб кетди
19:09 / 28.10.2024