Жаҳон | 07:53 / 06.08.2024
1346
3 дақиқада ўқилади

Аденауэр жамғармаси Россияда «номақбул» деб тан олинди

Россия Федерацияси Бош прокуратураси Конрад Аденауэр немис фондини «номақбул» ташкилот деб тан олди. Россия ҳукумати ўз фуқароларини қўрқитиш орқали репрессияларни кучайтирмоқда, дейди Берлиндаги фонд вакили.

Фото: Monika Skolimowska / dpa / Global Look Press

Конрад Аденауэр номидаги немис жамғармаси (Konrad-Adenauer-Stiftung e.V.) Россияда «номақбул» ташкилот сифатида тан олинди. Бу ҳақда 5 август, душанба куни Россия Федерацияси Бош прокуратурасининг расмий вакили Андрей Иванов маълум қилди. 

Унинг сўзларига кўра, жамғарма «Россия Федерацияси раҳбариятини, унинг ички ва ташқи сиёсатини, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва суд тизимини обрўсизлантирадиган материалларни тарқатади». Россия расмийси таъкидлаганидек, «очиқ-ойдин провокацион характерга эга бўлган жамғарма фаолияти Россия ва Ғарб давлатлари ўртасидаги муносабатларни чигаллаштириш, Россия Федерациясининг халқаро майдонда сиёсий ва иқтисодий яккаланиши учун шарт-шароит яратиш ва фаоллаштиришга қаратилган».

«Россия репрессияни кучайтирмоқда»

2022 йил февралида Украинага кенг кўламли ҳужум бошланганидан кўп ўтмай, Россия ҳукумати бир қатор таниқли халқаро ташкилотлар, жумладан, Германия партия фондлари ваколатхоналарининг офисларини ёпди.

«Биз Россия Украинага кирганидан сўнг, Россиядаги ишимизни дарҳол тўхтатдик ва бошқа барча немис сиёсий жамғармалари сингари ўшандан бери мамлакатда йўқмиз», деди душанба куни Берлинда Аденауэр жамғармаси вакили AFP’га. Унинг сўзларига кўра, Россия расмийларининг мақсади аниқ ва мамлакат ичига йўналтирилган: «Россия режими репрессияларни кучайтирмоқда, ўз фуқароларини қўрқитмоқчи, уларни эркин ва демократик ғоялардан ажратиб қўймоқчи».

Конрад Аденауэр фонди дунё бўйлаб 111 та ваколатхонага эга. Унинг мақсадлари сифатида либерал демократия ва ижтимоий бозор иқтисодиёти, тинчлик ва эркинлик, трансатлантик муносабатлар ва Европа бирлигини тарғиб қилиш кўрсатилган. Жамғарманинг ваколатхонаси Россияда 1990 йилдан бери фаолият кўрсатмоқда. «Жамғарма рус ва немис сиёсатчилари ва экспертлар ҳамжамияти ўртасида конструктив фикр алмашиш учун платформа бўлиб хизмат қилади, кенг маънода жамғарма Германия ва Россия жамиятлари ўртасидаги боғловчи бўғиндир», дейилади ташкилот сайтида.

Россияда «номақбул» ташкилотлар

Россия Федерациясининг Украинага қарши кенг кўламли уруши бошланганидан кейин Россияда «номақбул» ташкилотлар сони кескин ўсишни бошлади. Журналистларнинг ҳисоб-китобларига кўра, 2022 йилда Россия ҳукумати 23 ташкилотни «номақбул» ташкилот деб тан олган, 2023 йилда – 58 та. 

Россия қонунчилигида 2015 йилдан бери «номақбул» ташкилотлар мақоми қонуний равишда мавжуд. Уларга Россия Федерацияси ҳудудида маъмурий ва жиноий жавобгарлик таҳдиди остида фаолият юритиш тақиқланади. Ушбу ташкилотлар билан ҳамкорлик қилганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик ҳам назарда тутилган. 2024 йил июл ойида Давлат думаси тегишли қонунни кучайтирди. Ҳар қандай «номақбул» ташкилотнинг фаолиятида иштирок этганлик учун россияликлар 500 минг рублгача жарима ёки 4 йилгача қамоқ, унинг фаолиятини ташкил этганлик учун эса 6 йилгача қамоқ билан жазоланиши мумкин. 

Мавзуга оид