Ўзбекистон | 11:55 / 09.08.2024
2617
1 дақиқада ўқилади

Хоразмдаги ғишт ишлаб чиқариш заводида қарийб 4,8 млрд сўмлик электр энергияси ўғирланди

Заводдаги ҳисобга олиш ускунасига уланиш схемаларини ўзгартириш йўли билан ташқари таъсир кўрсатилган. МЧЖ раҳбарига нисбатан жиноят иши қўзғатилган ва у процессуал тартибда ушланган.

Фото: Бош прокуратура

Гурлан туманида йирик электр энергияси ўғрилиги фош қилинди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, энергия ресурслари талон - торож қилинишини фош этишга қаратилган назорат тадбирлари давомида Гурлан туманидаги ғишт ишлаб чиқариш заводида йирик ўғрилик ҳолати фош этилган. Унга кўра, Тумандаги “Х.Ш.” МЧЖ раҳбари Э.С. жамиятга қарашли ғишт ишлаб чиқариш заводидаги ҳисобга олиш ускунасига уланиш схемаларини ўзгартириш йўли билан ташқари таъсир кўрсатган. Бу орқали у 4 млрд 786 млн сўмлик 5 млн 318 минг KW•h электр энергиясини ўғирлаган.

Ҳолат юзасидан Э.С.га нисбатан Жиноят кодексининг 169-моддаси 4-қисми “а” банди (жуда кўп миқдорда ўғрилик) билан жиноят иши қўзғатилган. Гумонланувчи процессуал тартибда ушланган.

Олдинроқ Бухорода икки корхона 585 млн сўмлик электрдан ноқонуний фойдалангани аниқланганди.

Мавзуга оид