Хитой ўз кемасининг Болтиқ денгизидаги газ қувурига шикаст етказганини тан олди
Финландия ва Эстонияни боғлайдиган Balticconnector денгиз ости қувурида 2023 йил 8 октябрга ўтар кечаси газ сизиб чиқиб, қувур иши тўхтаб қолган эди.
Хитой ҳукумати Ҳонгконг байроғи остидаги «New New Polar Bear» юк кемаси Болтиқ денгизидаги Balticconnector газ қувурига тасодифан зарар етказганини тан олди. Бу ҳақда хитойликлар Финландия ва Эстония расмийларига хабар берган, деб ёзди South China Morning Post (SCMP) ўз манбаларига таяниб.
Қайд этилишича, Хитой яқинда ўз текширувини ўтказган ва натижаларини Европа давлатлари ҳукуматларига маълум қилган. Хитой расмийларининг таъкидлашича, кема 2023 йил октябр ойида кучли бўрон туфайли газ қувурига зарар етказган. Жумладан, кема лангарини денгиз туби бўйлаб судраб, газ қувурини шикастлаган. Аввалроқ, Финландия полицияси шикастланган газ қувури ўрнида икки метрли лангар топилгани ҳақида хабар берган эди.
Финландия ва Эстония расмийлари воқеа юзасидан терговни давом эттираётганини ва Хитойга ҳуқуқий ёрдам сўровини юборганини билдирган. SCMP хабарига кўра, европаликлар Хитой расмийлари баёнотидан тергов ишида далил сифатида фойдаланмоқчи эмас. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги нашрнинг изоҳ сўровига жавоб бермаган.
Финландия ва Эстонияни боғлайдиган Balticconnector денгиз ости қувурида 2023 йил 8 октябрга ўтар кечаси газ сизиб чиқиб, қувур иши тўхтаб қолган эди. Болтиқ денгизи туби бўйлаб Швеция ва Эстония ўртасидаги телекоммуникация кабели ҳам шикастланган. Расмийлар қувур ва кабел қасддан шикастланган деб тахмин қилишди. Терговчиларнинг аниқлашича, ҳодиса юз берган вақтда ушбу ҳудуддан «New New Polar Bear» кемасидан ташқари Россиянинг «Севморпут» атом контейнер кемаси ҳам сузиб ўтган.
Мавзуга оид
15:18
«Қарз қопқони»: Хитой тасарруфига ўтган Шри Ланка порти
08:08 / 09.11.2024
Хитой Ўзбекистонда меҳнат мигрантлари малакасини ошириш марказларини очади
20:57 / 08.11.2024
Хитой иқтисодий ўсишни рағбатлантириш учун триллион доллар ажратди
17:44 / 08.11.2024