Ўзбекистон | 20:09 / 06.09.2024
1976
2 дақиқада ўқилади

Халқ демократик партиясининг XIV қурултойи бўлиб ўтди

Қурултойда Халқ демократик партиясининг 27 октябрда бўлиб ўтадиган парламент сайловларидаги иштироки ва янги сайловолди дастури муҳокама қилинди.

Фото: Халқ демократик партияси

Қурултойда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловлар муносабати билан Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг 2025-2029 йилларга мўлжалланган янги сайловолди дастури делегатлар эътиборига тақдим этилди.

Дастурда давлат ва жамиятни ривожлантириш, Қонун устуворлигини таъминлаш ва кучли ижтимоий ҳимоя сиёсатини юритишга қаратилган 10 та йўналишда, 15 қадамни ўзида мужассам этган 100 га яқин таклиф ва ташаббуслар илгари сурилаётганлиги маълум қилинди.

Хусусан, дастурнинг ижтимоий соҳани ривожлантириш бўйича адолатли давлат пенсия таъминоти тизимини жорий қилиш, аҳолида дори-дармон воситаларига қарамликни камайтириш, мактабларда чет тиллари ва IT йўналишдаги ўқув соатларини кескин кўпайтириш, ўзини-ўзи банд қилган шахслар учун шарт-шароитларни яхшилаш, улуш киритиш асосида уй-жой қурилаётганда харидорларни кафолатли ҳимоя қилиш бўйича ечимлар таклиф этилган.

Қурултойда партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлигига сайлов учун ташкил этилган бир мандатлик округдан 75 нафар номзоди илгари сурилди ҳамда пропорционал тизим бўйича 100 кишилик партиявий рўйхати ҳам тақдим этилди.

Номзодларнинг 47,4 фоизи аёллардан иборат бўлиб, барча 175 нафар номзод олий маълумотга эга, уларнинг 8 фоизини ҳуқуқшунослар, 13 фоизи иқтисодчи, 6 фоизи муҳандис, 9 фоизини тиббиёт, 31,4 фоизини педагоглар, 32,6 фоизини бошқа соҳа вакиллари ташкил этади. Шунингдек, номзодларнинг 18 нафарида фан номзоди (PhD) ва 15 нафарида фан доктори (DSc) илмий даражаси мавжуд.

Мавзуга оид