Жамият | 21:25 / 08.09.2024
5059
3 дақиқада ўқилади

Дардни енгишда болаларга кўмакчи - "Меҳрли мактаб"га Самира билан саёҳат

Қаҳрамонимиз Самира Идрисова 16 ёшда. У беморлиги сабаб айни пайтда Республика болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида даволанмоқда. Касалхона қошида ташкил этилган "Меҳрли мактаб" рассомчиликка қизиқадиган Самиранинг ҳам ижодини юксалтириш, ҳам саломатлигини тиклашида беқиёс ўринга эга бўляпти.

Самира Идрисова, 16 ёш. Ўз олдига қўйган амбициялари баланд бўлган бу қиз 2023 йилнинг январ ойидан буён республика болалар гематологияси, онкологияси ва клиник иммунологияси марказида даволаниб келмоқда.

Kun.uz мухбирига у касалликни енгиб ўтишда руҳий куч ва инсонлар билан мулоқот муҳимлиги, ички кечинмалари, қизиқиш ва мақсадлари, “Меҳрли мактабдаги” дарслар ҳақида сўзлаб берди.

Самира “Замин” фонди лойиҳаси доирасида ташкил этилган Ўзбекистондаги илк госпитал таълим муассасаси – “Меҳрли мактаб” ўқувчиси. Соғлигидаги муаммоларга қарамай, янги билимларни ўзлаштиришга чанқоқ, изланувчан, ўз билганларини тенгдошларига улашишдан чарчамайдиган табассумли қиз.

Ҳар доим оптимистик руҳда фикрлашга ҳаракат қиламан. Кайфиятим яхши бўлмаган пайтларда ҳолатдан чиқиб кетиш учун комедик жанрдаги киноларни кўраман. Кайфиятингизни кўтариб турмасангиз касаллик енгиб қўйиши мумкин. Муолажаларни олиш вақтида бошқа болалар йиғлаб, хархаша қилса, мен бу жараённи оддий тарзда позитив ўтказаман. Онам айтганидек, "касалимга пахта қўймайман", – дейди у.

Самира устозлари ва дўстлари билан видеоқўнғироқлар орқали гаплашиб туришини, тезроқ соғайиб кетиш учун мулоқотни муҳим омил деб ҳисоблашини таъкидлайди. Унинг айтишича, касалхонада ташкил этилган “Меҳрли мактаб”даги муҳит, дарслар ва турли тадбирлар ёш рассом қизга катта куч бағишлайди.

Бу ерда ўқитувчилар жуда меҳрибон. Тушунмаган нарсаларимизни қунт билан, битталаб ўргатишади, палатамизга кулиб кузатиб қўйишади. Улардан катта энергия оламиз. Мактабда ўқиётган вақтларим расм чизишга қизиқар эдим. Бу ердаги устозларим тасвирий санъат сир-асрорларини чуқурроқ ўргатишмоқда”, – дейди Самира.

Самира Хитойдаги нуфузли олийгоҳлардан бирининг талабасига айланиш, инглиз, хитой, турк, араб тилларини ўрганишни мақсад қилган. У “Меҳрли мактаб”да бирга ўқиган дўстларининг соғайиб кетганидан кучли қувват олишини, ҳаётда бўлган қизиқишлари янада ортишини айтади.

Касалхонада Алибек исмли ўртоғим бор эди, у яқинда тузалди ва уйига қайтди, касалликни енгди, Алибекнинг соғайиши менга катта мотивация берди. Бу ердан кўпчилик тузалиб чиқиб кетади, уларга қараб ҳавас қиламан ва ўзимга “улар уддалаган нарсани нега мен қила олмайман, мен ҳам, албатта, соғаяман”, деган сўзлар билан куч бераман, умидимни сўндирмайман”, – дейди у.

Мавзуга оид