Жамият | 16:05 / 12.09.2024
17927
3 дақиқада ўқилади

“Апелляция шикояти киритамиз” – Зоҳиршоҳ Жўраев

Хонанда Зоҳиршоҳ Жўраев суднинг ҳал қилув қароридан норози эканини билдирди. Унга кўра, далил ва исботлар етарли бўлмай туриб хулосага келингани учун суд қарори устидан апелляция шикояти киритилади. “Қайси маҳкама нима қарор қабул қилишидан қатъи назар, биз отамнинг қарорига содиқмиз”, деди хонанда Kun.uz’га берган интервюсида.

Ботир Қодировни Шерали Жўраевнинг ўғли деб топган ФИБ Учтепа туманлараро судининг ҳал қилув қарорини Жўраевлар оиласи адолатсиз қарор дея баҳоламоқда. Kun.uz’га интервю берган хонанда Зоҳиршоҳ Жўраев даъвогар томонидан судга на ёзма, на бошқа ашёвий далиллар келтирилмаганини билдирди.

Хонандага кўра, Жўраевлар оиласи тақдим этган фактлар судда қабул қилинмаган.

Биз отам Шерали Жўраевнинг аудио ҳамда видеоёзувлари, ёзма ашёвий далиллар, гувоҳларни келтирдик, лекин булар суд томонидан қабул қилинмади. Бизга қарши даъво аризасини киритган томоннинг бир нечта жойда “мен Шерали Жўраевнинг ўғли эмасман”, қабилидаги аудио-видеоёзувлари ҳам бор эди. Бироқ шунга қарамасдан, суд оталик фактини тасдиқлади. Биз қарордан норозимиз”, – дейди Зоҳиршоҳ Жўраев.

Хонанда отаси Шерали Жўраевнинг водийда ўтказилган тўйлардан бирида Ботир Қодиров унинг ўғли эмаслигини тасдиқлаган гапларини эслади:

20 йиллар олдин водийда бир тўйда отам халққа юзланиб, “бунақа болам йўқ менинг, сизлар айтаётган болани мендан аввал ҳам сенинг боланг деб бир нечта одамга олиб боришган”, деганлар. Отамнинг биринчи аёлидан 17 йил мобайнида фарзанди бўлмаган. Қандай қилиб фарзанд кўрмаган одам болали бўлса, уни четга ташлаб қўяди? Отам нима деган бўлса шуни исботлаб, унинг ҳимоясида қоламан. Қайси маҳкама нима қарор қабул қилишидан қатъи назар, биз отамнинг қарорига содиқмиз”, – дея таъкидлади хонанда ўз интервюсида.

11 сентябр куни суднинг ҳал қилув қарори ўқиб эшиттирилгач, хонанда Ботир Қодиров ОАВга интервю бериб, ака-ука Жўраевларнинг қўрқаётган нуқтаси мерос эканини айтганди. Зоҳиршоҳ Жўраев эса бунга жавобан мерос уларга қизиқ ҳам, муҳим ҳам эмаслигини, бу масалани қарши томон кўтаргани ва айнан мерос деб судга даъво киритганини билдирди.

Мавзуга оид