Жаҳон | 10:10 / 17.09.2024
9654
3 дақиқада ўқилади

WSJ: Россия бозорларга 4 млн тонна Украина ғалласини жўнатди

2022 йилдан бери Украинанинг эгаллаб олинган вилоятларидан бозорларга камида 4 миллион тонна ғалла жўнатилган, деб хабар берди WSJ ушбу мамлакат қишлоқ хўжалиги сиёсати вазири ўринбосарига таяниб.

Фото: REUTERS/Igor Tkachenko

2022 йилдан бери Россия Украинанинг эгаллаб олинган ҳудудларидан халқаро бозорларга тўғридан тўғри камида 4 миллион тонна дон жўнатган. Бу ҳақда Украина аграр сиёсат ва озиқ-овқат вазирининг собиқ ўринбосари Маркиян Дмитрасевич маълум қилди. Унинг сўзлари 16 сентябр, душанба куни The Wall Street Journal (WSJ) сайтида келтирилди.

«2022 йилдан буён ушбу операция доирасида камида 4 миллион тонна ғалла ва бошқа маҳсулотлар эгаллаб олинган Украинадан халқаро бозорларга тўғридан тўғри жўнатилиб, 800 миллион доллар даромад келтирилди», — деди Дмитрасевич.

Айни пайтда, Euromaidan Press аниқлик киритишича, савдода турли ташкилотлар, жумладан, ҳужум учун кемаларни жиҳозлаган портлардан бири, Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК, Эрон қуролли кучларининг элита бўлинмалари) билан боғлиқ компания, шунингдек, Бирлашган Араб Амирликлари ва Сурия орқали савдо қилувчи корхоналар иштирок этган. Операция Москвага иқтисодий босим кучайиб бораётганига қарамай, Россия иттифоқчиларининг содиқлигини сақлаб қолишга ёрдам беради, дейди экспертлар.

Украина Қримдан дон олиб чиқиб кетаётган юк кемасини хатловга олди

Аввалроқ, июл ойида Украина расмийлари Одесса вилоятининг Рени порти акваториясида Камерун байроғи остида бўлган кемани хатловга олгани, у, разведка хизматлари маълумотларига кўра, Россия томонидан эгаллаб олинган Украина ҳудудларидан ўғирланган донни олиб чиқиб кетаётгани маълум бўлган эди.

Украина Бош прокуратураси маълумотларига кўра, 2023 йилнинг ноябрь ойида USKO MFU кемаси Қримдаги Украина томонидан ёпилган Севастопол портига кириб, чиқиб кетган.

Украина Хавфсизлик хизмати капитанга Украинанинг вақтинча эгаллаб олинган ҳудудига кириш ва чиқиш тартибини бузиш (Украина Жиноят кодексининг 332-1-моддаси 2-қисми) моддаси бўйича гумон ҳақида маълум қилди. Ушбу моддага кўра, у 5 йилгача қамалиши мумкин. Капитандан ташқари, кема экипажи 12 нафар хорижликдан иборат эди.

2014 йил 15 июлда Украина Қрим ва Севастопол ҳудудидаги барча портлар фаолиятини расман тўхтатди.

Мавзуга оид