Жаҳон | 21:51 / 18.09.2024
3668
2 дақиқада ўқилади

Норвегия электромобиллар сони бензинли автомобиллардан ошиб кетган биринчи давлатга айланди

Прогнозларга кўра, 2026 йилга келиб, мамлакатдаги электромобиллар сони дизелли автомобилларни ҳам ортда қолдиради.

Фото: The New York Times

Норвегияда электромобиллар сони биринчи марта бензинда юрадиган автомобиллар сонидан ошиб кетди, деб хабар бермоқда Норвегиянинг Йўл ҳаракати бўйича ахборот кенгаши.

Таъкидланишича, мамлакатда жами 2,8 миллион енгил автомобил рўйхатдан ўтган. Шундан 754 303 таси электромобил, 753 905 таси эса бензинли автомобил. Ҳибрид автомобиллар сони қарийб 366 мингта. Яна миллионга яқин дизелда юрадиган автомобиллар бор, аммо уларнинг сони камайиб бормоқда.

Бу тарихий воқеа. Ўн йил олдин бундай бўлишини ҳеч ким кутмаганди. Енгил автомобиллар паркини электрлаштириш ишлари жадал кетмоқда, Норвегия эса енгил автомобиллар паркида электромобиллар устунлик қиладиган дунёдаги биринчи давлат бўлиш учун тезкор қадамлар ташламоқда”, — деди Йўл ҳаракати бўйича ахборот кенгаши директори Оивинд Солберг Торсен.

Унинг прогнозларига кўра, 2026 йилга келиб, мамлакатдаги электромобиллар сони дизелли автомобиллар сонидан ҳам ошиб кетади.

2024 йил август ойида Норвегияда сотилган 11 114 та автомобилнинг деярли 94 фоизи электр қуввати билан ишлаши маълум қилинганди. Бундай ўсишга Tesla Model Y (тахминан икки мингта автомобил) савдоси асосий ҳисса қўшган.

The Washington Post нашрига кўра, Норвегия ҳукумат ташаббуслари туфайли электромобилларни жорий этиш бўйича етакчилик қилмоқда. Хусусан, мамлакатда бундай автомобиллар учун сотув ва чиқинди солиқларини бекор қилиш, автотураргоҳ тўловларини камайтириш ва автобус йўлакларидан фойдаланишга рухсат берилган. 

Мавзуга оид