Жамият | 10:06 / 19.09.2024
5841
2 дақиқада ўқилади

“Омонқўтон” миллий табиат боғидаги ноқонуний йўл: прокуратура жиноят иши қўзғатди

Боғдаги Ўзбекистон Қизил китобига киритилган 2,5 мингдан ошиқ ўсимлик ва дарахтлар нобуд қилиниб, табиатга 1 млрд сўмдан ортиқ миқдорда зарар етказилган. Жиноят иши тергови устидан Бош прокуратура назорат ўрнатган.

Фото: Бош прокуратура

Самарқанд вилояти Ургут туманидаги “Омонқўтон” миллий табиат боғида номаълум шахслар томонидан очилган ноқоқонуний йўл бўйича жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратура хабар берди.

Таъкидланишича, ҳолат юзасидан вилоят прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 204-моддаси 2-қисми билан жиноят иши қўзғатилган ва иш тергови устидан Бош прокуратура назорати ўрнатилган.

Қайд этилишича, “Омонқўтон”да ноқонуний йўл очилиб, 869 метр квадрат майдондаги тупроқлар сурилиб, 1 427 метр квадрат майдон тупроқ билан кўмилган.

Оқибатида, жами 2 693,9 метр квадрат муҳофаза этиладиган ҳудудда ўсувчи Ўзбекистон қизил китобига киритилган 7 турдаги 1 112 туп, ноёб ва йўқолиб бораётган 5 турдаги 1 479 туп ўсимлик нобуд қилинган.

8 турдаги 64 туп дарахт ва буталар кесилган, нобуд қилинган ва шикастлантирилган. Шу тариқа, табиатга 1 млрд 115 млн 907 минг сўмлик зарар етказилган.

Маълумот учун, Жиноят кодексининг 204-моддаси (Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларнинг режимини бузиш) 2-қисмида кўзда тутилган жиноятларни содир этган шахсларга БҲМнинг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини бериш назарда тутилган.

Мавзуга оид