Исроил армияси Ливан жанубида шиддатли жанглар олиб бормоқда
«Ҳизбуллоҳ» ҳаракати Ливанда Исроил ҳарбий амалиёти бошланганидан бери исроиллик ҳарбийлар билан биринчи тўқнашувни эълон қилди. ЦАҲАЛ иккинчи дивизиясини Ливан жанубига жойлаштиради.
Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ ) 2 октябр, чоршанба куни Ливан жанубида «оғир жанглар» бошланганини эълон қилди ва минтақа аҳолисини Литани дарёси жанубидаги ҳудудларга бормасликка чақирди. Бундан бироз аввал «Ҳизбуллоҳ» ҳаракати Ливандаги Исроил ҳарбий амалиёти бошланганидан бери мамлакат жанубидаги Одаис қишлоғи яқинида исроиллик ҳарбийлар билан биринчи тўқнашув ҳақида хабар берган эди. «Ҳизбуллоҳ» даъво қилишича, ҳаракат жангчилари исроилликларга талафотлар етказган ва уларни чекинишга мажбур қилган. Бундан ташқари, улар Исроил шимолидаги Мисгав-Ам ҳудудида исроиллик қўшинларининг катта концентрациясига ракета ва артиллериядан зарба берилганини ва яна учта жойда ЦАҲАЛ позицияларига ракета зарбалари берилганини эълон қилди.
Исроил қўмондонлигига кўра, чоршанба куни эрталаб Ливандан Исроилга 50 та ракета учирилган. Аксарият аҳолиси эвакуация қилинган Метула қишлоғида 10 та уй зарар кўрган.
Исроил Ливан жанубида «Ҳизбуллоҳ»га қарши операция бошлади
Исроил Ливан жанубидаги чегара ҳудудида «Ҳизбуллоҳ» гуруҳи нишонларига қарши «чекланган, маҳаллийлаштирилган ва мақсадли рейдлар» бошлади. Бу ҳақда Исроил мудофаа кучлари (ЦАҲАЛ) 1 октябрга ўтар кечаси баёнот берди.
Баёнотда, Исроил ҳаво кучлари ва ЦАҲАЛ артиллерияси ҳудуддаги ҳарбий нишонларга «аниқ зарбалар» бериб, Исроил қуруқликдаги кучларини қўллаб-қувватлаётгани айтилади. «Шимол ўқлари» операцияси мавжуд вазиятни баҳолашга мувофиқ ва Ғазо сектори ва бошқа ҳудудлардаги жанглар билан параллел равишда давом этади, дея таъкидлайди ЦАҲАЛ.
Душанба куни кечқурун Al Arabiya ва Al Hadath телеканаллари Исроил танклари Рмейш қишлоғи ҳудудида жойлашгани ҳақида хабар беришди. Бундан олдин Исроилнинг зирҳли техникалари артиллерия ва авиация ниқоби остида Ливаннинг чегара ҳудудларига кириб келгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
ЦАҲАЛ Исроил шимолида — Метула, Мисгав-Ам ва Кфар Гилади аҳоли пунктлари ҳудудида ёпиқ ҳарбий зона ташкил этилганини расман эълон қилди. Деярли бир вақтнинг ўзида Ливан армиясининг бўлинмалари мамлакат жанубидаги ўз позицияларини тарк этиб, беш километр ичкарига чекинишгани маълум бўлди.
Мавзуга оид
23:12 / 19.11.2024
Исроилнинг кейинги нишони Туркиями?
19:01 / 19.11.2024
Қатар Ташқи ишлар вазирлиги ҲАМАС етакчилари Доҳада эмаслигини маълум қилди
21:10 / 17.11.2024
Туркия Исроил президентининг самолётини ўз ҳаво ҳудудига киритмади — ОАВ
20:12 / 17.11.2024