Ўзбекистон | 15:30 / 12.10.2024
2177
2 дақиқада ўқилади

"Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!" туристик ярмаркаси ташкил этилади

Вазирлар Маҳкамасининг "Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!" ички туристик ярмаркасини ташкил этиш ва ўтказиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарори қабул қилинди.

"Тўрт фаслнинг ҳар бирида саёҳат" туристик мавсумларини очиш доирасида "Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!" ички туристик ярмаркаси ташкил этилади.

Ички туристик ярмарка 2024 йилда Тошкент шаҳрида Туризмни қўллаб-қувватлаш жамғармаси маблағлари ҳисобидан, 2025 йилдан бошлаб эса - республика ҳудудларида унда иштирок этаётган тадбиркорлик субъектлари маблағлари, шунингдек маҳаллий бюджетлар ва қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан ўтказилади.

Ҳужжатда туризм соҳасидаги тадбиркорлик субъектлари иштирокида ҳар йили қуйидагилар ташкил этилиши назарда тутилган:

● март ва август ойларида - Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида B2B ("бизнес бизнес учун") ва B2C ("бизнес истеъмолчи учун") механизмлари асосида минтақавий ички туристик ярмаркалар;
● декабрь ойида - B2B доирасида миллий туристик ярмарка ташкил этилади.

Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:

● "Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!" ички туризм ярмаркасини ташкил этиш ва ўтказиш тартиби тўғрисидаги низом;
● 2025 йилда ички туристик ярмаркаларни ўтказиш бўйича тадбирлар режаси.

Мавзуга оид