Жаҳон | 15:20 / 25.10.2024
1772
3 дақиқада ўқилади

Хитой 2027 йилда сайёҳларни коинотга олиб чиқишни бошлайди

Deep Blue Aerospace компанияси 2027 йилга мўлжалланган суборбитал космик парвозлар учун чипталар сотувини эълон қилди.

Фото: AP

Сотувларнинг биринчи босқичи 24 октябр куни бошланди, унда ҳар бирининг нархи 1,5 миллион юан (тахминан 211 000 доллар) бўлган иккита космик саёҳат чиптаси сотувга қўйилди. Потенциал йўловчилар тахминан беш дақиқа давом этадиган вазнсизликдан завқланиши мумкин. Парвоз атиги 12 дақиқа давом этса-да, бу Хитойнинг тижорий коинотни эгаллаш тарихида янги саҳифа очадиган ҳаяжонли воқеага айланиши кутилмоқда.

Бўлажак сайёҳлар парвозда қатнашиш учун 50 000 юан миқдорида депозит қўйиши талаб этилди. Чипталар WeChat платформаси орқали сотувга чиқарилди.

Deep Blue Aerospace сўнгги йилларда шиддат билан ривожланаётган Хитой тижорий космонавтика соҳасидаги етакчи компаниялардан бири ҳисобланади. Хитой фирмалари Ғарбдаги рақобатчиларининг изидан бориб, қайта фойдаланиш мумкин бўлган ракеталарни яратиш устида фаол ишламоқда. Бу эса космик парвозлар харажатларини сезиларли даражада камайтириш ва уларни янада қулай нархларда тақдим этиш имконини беради.

2023 йилда Хитой 26 та тижорий космик парвозни амалга оширди. Улар орасида LandSpace компанияси томонидан ишлаб чиқарилган, метанда ишлайдиган Zhuque-2 ракетасининг дунёдаги биринчи муваффақиятли парвози ҳам бор.

2027 йилга мўлжалланган миссия суборбитали бўлади, яъни йўловчилар космосга кўтарилади, лекин Ер орбитасига чиқмайди. Бундай парвозлар тижорий мақсадда коинотни ўзлаштиришдаги дастлабки қадамлардан бири ҳисобланади. Улар йўловчиларга узоқ муддатли орбитал саёҳатларсиз вазнсизликни ҳис қилиш ҳамда Ерни коинотдан кузатиш имкониятини беради. Бугунги кунда суборбитал парвозлар Blue Origin ва Virgin Galactic каби компаниялар томонидан фаол равишда ишлаб чиқилмоқда. Глобал рақобат шароитида Хитой нафақат Ғарб етакчиларини қувиб етишга, балки космик туризм бозорида асосий ўринлардан бирини эгаллашга интилмоқда.

Тижорат лойиҳалари билан бир қаторда, Хитой ўзининг кундалик давлат космик дастурини амалга оширишни давом эттирмоқда. Ушбу дастур доирасида мамлакат 2030 йилгача Ойга инсон парвозини амалга оширишни, кейинчалик эса Ер йўлдошини узоқ муддатли тадқиқ қилиш учун Ой базасини барпо этишни режалаштирмоқда. Хитойнинг космик амбициялари илмий тадқиқотлар, технологияларни ривожлантириш ва тижорий мақсадларда фазони ўзлаштириш каби кўплаб йўналишларни ўз ичига олади.

Мавзуга оид