Россияда сариёғ ва тухумдан кейин картошка ҳам қимматлашди
Йил бошидан бери Россияда картошка нархи 50 фоиздан кўпроққа ошди. Ишлаб чиқарувчилар нархнинг ошишини ҳосилнинг пастлиги билан боғлашмоқда.

Фото: Privat
Россияда сариёғ ва тухумдан кейин яна бир асосий озиқ-овқат маҳсулоти — картошка сезиларли даражада қимматлашди. Унинг қиймати кетма-кет учинчи ҳафта ўсиб бормоқда, деб ёзади «Известия» газетаси 31 октябр, пайшанба куни.
8 октябрдан 14 октябргача картошка нархи 1,3 фоизга, 15 октябрдан 21 октябргача – 2 фоизга, 22 октябрдан 28 октябргача яна 3,1 фоизга ошди, деб ёзади нашр Росстат маълумотларига таяниб. Жорий йил бошидан буён бу кўрсаткич 54,7 фоизга ошган.
Картошка ҳосили камайган
Бошқа нарсалар қаторида, бу тенденция ҳосилнинг қисқариши билан изоҳланади. Жорий йилда ўтган йилга нисбатан 15 фоизга кам картошка йиғиб олинди, бунга ноқулай об-ҳаво шароити ва экин майдонларининг қисқариши сабаб бўлди. «Ўтган йили рекорд даражадаги картошка ҳосили йиғиб олинди – 8,6 миллион тонна картошканинг улгуржи нархи жорий йилнинг май ойигача 1 кг учун 11-12 рубл оралиғида эди», — деди Картошка иттифоқи раҳбари Алексей Красилников. Унга кўра, 2024 йилда рентабелсизлик натижасида экин майдонлари қисқартирилган. «Шу билан бирга, биз картошка тақчиллигини кутмаяпмиз, гарчи нархларнинг 2023 йил даражасига тушишини ҳам кутмаслигимиз керак», — дея қўшимча қилди у.
Чакана савдо компаниялари ассоциацияси «Известия» нашрига берган изоҳида картошка нархининг янада ошишига йўл қўймаслик учун барча саъй-ҳаракатларни амалга ошираётганини билдирди.
Россияда маҳсулотлар нархи 2025 йилда 20 фоизга ошиши мумкин
2025 йилда Россияда озиқ-овқат маҳсулотлари йиллик ҳисобда ўртача 8-20 фоизга қимматлашиши мумкин, деди Экспортчилар ва импортчилар уюшмаси вице-президенти Артур Леер. «Прогнозларга кўра, сутнинг ўртача нархи литри учун 90 рублгача ошиши мумкин, бу ҳозирги қийматдан 10-15 фоизга юқори: мол гўшти — килограмм учун 700-800 рублгача (ўсиш 12 фоизга)», — дея 29 октябр куни эксперт сўзларидан иқтибос келтирган «Прайм» агентлиги.
Леер, шунингдек, импорт қилинадиган мева ва сабзавотларнинг танқислигига эътибор қаратди, бу эса уларнинг нархини 15-20 фоизга ошишига олиб келиши мумкин. «Масалан, картошканинг ўртача нархи килограмми учун 40 рублгача, помидор эса 150 рублгача ошиши мумкин», деди у.
Унинг сўзларига кўра, давлат томонидан мамлакатда инфляцияни жиловлаш, жумладан, қишлоқ хўжалигини қўллаб-қувватлаш ва ички бозорда рақобатни яратиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларга қарамай, маҳсулотлар нархининг ошиши муқаррар.
Мавзуга оид

00:44
Россияда ўзбекистонлик ишчининг бошига ичида цемент бўлган челак ташлаб юборилди

22:07 / 03.06.2025
Россиялик фермерлар қозоқ сайғоқлари туфайли Путиндан ёрдам сўради

21:02 / 03.06.2025
Россияда World of Tanks ўйини дастурчилари «экстремистик уюшма» деб эълон қилинди

18:55 / 03.06.2025