Самарқандда автобус салонини аёллар ва эркаклар учун ажратган ҳайдовчига чора кўрилди
Ҳайдовчи автобусга “Аёллар олдинда, эркаклар орқада” ёзувини илиб қўйган.
2024 йил 29 октябр куни ижтимоий тармоқларда йўловчи автобусида “Аёллар олдинда, эркаклар орқада” ёзуви осиб қўйилгани тасвирланган фото тарқалди.
Маълум бўлишича, ҳолат Самарқанд вилоятида содир бўлган. Ҳолат юзасидан вилоят транспорт бошқармаси муносабат билдириб, ҳайдовчига интизомий жазо қўлланганини маълум қилди.
Аниқланишича, мазкур ҳолат 22-сонли Навбоғ маҳалласи - Пистамозор маҳалласи йўналишда ҳаракатланувчи, давлат рақами белгиси 30/306 WБА бўлган автобусда содир бўлган.
Қайд этилишича, кескин муҳокамаларга сабаб бўлган ёзиб олиб ташланган. Йўловчи ташувчи корхона томонидан муҳокамаларга сабабчи бўлган ҳайдовчи А.Р.га белгиланган тартибда интизомий жазо чораси қўлланган.
Шунингдек, жамоат транспортида бундай эътирозли ҳолатлар такрорланмаслиги учун хизмат кўрсатувчи “Дилшодтранссервис” МЧЖда ҳайдовчилар ўртасида муҳокама ўтказилган.