Жамият | 20:40 / 09.11.2024
2104
2 дақиқада ўқилади

Самарқандда 600 долларга сохта «права» расмийлаштириб берган автомактаб ходими ушланди

Андижонда эса «Ватанпарвар» ташкилотининг туман бўлими ҳисобчиси сертификат олиб бериш эвазига 5,2 млн сўм олганида қўлга тушди.

Фото: Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент

Самарқанд ва Андижон вилоятларида сохта ҳайдовчилик гувоҳномаси расмийлаштириб бериш ҳамда сертификат олиб бериш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги департамент хабар берди.

Қайд этилишича, департаментнинг Булунғур тумани бўлими томонидан терговга қадар текширув ўтказилган. Текширув давомида «Г.Ҳ.» автомактаби ўргатувчи устаси Ғ.Қ. фуқаро А.Р.га автомактабда ўқимасдан ҳайдовчилик гувоҳномаси олиб бериши эвазига 600 АҚШ долларини олиб, унга сохта гувоҳнома расмийлаштириб бергани аниқланган. Ғ.Қ. томонидан 100 долларнинг қайтарилиши процессуал тартибда расмийлаштирилган.

Департаментнинг Шаҳрихон тумани бўлими ва ИИБ ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда эса «Ватапарвар» ташкилотининг туман бўлими ҳисобчиси Ш.Х. фуқаро Г.А.га ҳайдовчилик гувоҳномасини олиши учун ўқув курсида ўқигани тўғрисида сертификат олиб бериши эвазига 5,2 миллион сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Аввалроқ, ижтимоий тармоқларда нарх ошгани ҳақида хабар тарқалган эди. Кейинроқ Тошкентда «права» олиш учун имтиҳон нархи ошгани рад этилди.

Мавзуга оид