Жаҳон | 11:26
2319
3 дақиқада ўқилади

Ишингер Украина ҳақида: Ғарбда икки томонлама стандартлар муаммоси бор

Ғарб Глобал жанубдан Украина бўйича ўз позициясини қўллаб-қувватлашни талаб қилиб, нега Яқин Шарқда жанубнинг фикри инобатга олинмаяпти деган саволга дуч келмоқда, деди MSC собиқ раҳбари Волфганг Ишингер DW нашрига берган интервюсида. 

Волфганг Ишингер Фото: Richard Walker/DW

Ғарбнинг Украинадаги уруш ва Яқин Шарқдаги можаро каби глобал инқирозларга муносабати Ғарб оламида ва умуман демократик Ғарбда ишонч муаммосини келтириб чиқаради. Бу фикрни Мюнхен хавфсизлик конференцияси (MSC) собиқ раҳбари, Германиянинг АҚШдаги собиқ элчиси Волфганг Ишингер 20 ноябр, чоршанба куни Рио-де-Жанейрода бўлиб ўтган G20 саммити якунлари бўйича DW нашри билан суҳбатида билдирди.

«Агар биз Россияга ва унинг Украинага қарши шафқатсиз, тажовузкор урушига қарши курашишда Глобал жануб давлатларидан ҳақли равишда ёрдам талаб қилишимиз керак ва мумкин деб ҳисобласак, унда биз Глобал жануб вакилларининг саволларига жавоб беришда муаммоларга дуч келяпмиз: «Хўп, Яқин Шарқдаги вазият ҳақида гап кетганда бизнинг фикримизни қўллаб-қувватлашга тайёрлигингиз ҳақида нима дейсиз?» - деди Ишингер.

«Мен икки томонлама стандартлар деганда шуни назарда тутяпман. Бу муаммо ва у тезда йўқолмайди. Бу Ғарб оламига, умуман демократик Ғарбга бўлган ишонч муаммоси», деб тушунтирди у.

MSC собиқ раҳбари 2025 йилда Украина ва Яқин Шарқдаги урушлар тугашига умид қилишини қўшимча қилиб ўтди.

ЕИ давлатлари АҚШ ёрдами қисқарса ҳам Киевни қўллаб-қувватлашга тайёр

Европа Иттифоқининг энг йирик иқтисодиётлари – Германия, Франция, Италия ва Испания, шунингдек, Европа Иттифоқига аъзо бўлмаган Буюк Британия АҚШнинг Киевни қўллаб-қувватлаши қисқариши эҳтимоли фонида Украинага ёрдам кўрсатиш билан боғлиқ ҳарбий ва молиявий юкни ўз зиммасига олишга тайёр. Бу ҳақда 19 ноябр куни Полша ташқи ишлар вазири Радослав Сикорский Варшавада юқоридаги давлатлар ташқи ишлар вазирлари, ЕИ ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили лавозимида Жозеп Боррелни алмаштириши керак бўлган эстониялик Кая Каллас иштирокидаги учрашув якунлари бўйича журналистлар билан суҳбатда маълум қилди. 

«Мен Европа Иттифоқининг энг йирик давлатлари АҚШнинг иштироки қисқариши (Киевни қўллаб-қувватлашда) муносабати билан Украинага ҳарбий ва молиявий ёрдам юкини ўз зиммасига олишга тайёрлигини ҳурмат билан эътиборга оламан», — дея AFP Полша ташқи ишлар вазирлиги раҳбаридан иқтибос келтирмоқда.

Германия, Франция, Италия ва Полша ташқи ишлар вазирларининг Варшавадаги учрашуви Россиянинг Украинага кенг кўламли ҳарбий бостириб кириши бошлангани 1000 кунлигига тўғри келди. Ушбу тадбирдаги муҳим мавзу Доналд Трамп Оқ уйга қайтганидан кейин Европа Иттифоқи ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар ривожи ҳам бўлди. Муҳокамаларга Испания ва Буюк Британия ташқи ишлар вазирлари онлайн тарзда қўшилди.

Мавзуга оид