Жаҳон | 16:56 / 06.02.2025
11360
7 дақиқада ўқилади

АҚШ Ғазони «ўзиники» қилмоқчи. Қандай қилиб?

Трампнинг Ғазо сектори бўйича баёноти АҚШнинг Исроил ва Фаластин масаласидаги позициясини қайта белгилаши мумкин. Хўш, АҚШ минтақага қўшин юборса, у ердаги вазият қандай шаклланади?

Ғазо секторидаги ҲАМАС ва шунга ўхшаш гуруҳлар билан ҳарбий тўқнашувлар эҳтимоли ортадими? Минтақадаги Туркия ва Саудия Арабистони каби давлатларнинг ушбу мавзуда позициялари қандай? «Геосиёсат»да сиёсатшунослар Фарҳод Каримов ва Ҳабибуллохон Азимов куннинг энг баҳсли мавзуси юзасидан ўз фикрларини бўлишди.

— Фарҳод Каримов: Нетаняҳунинг ташрифи, АҚШда Трампнинг янги даврида биринчи хориж давлат раҳбарини қабул қилиши бўлди. Бунда ҳам ўзига хос белгилар бор.

Нетаняҳу ҳам айнан Ғазодаги қирқ икки кунлик сулҳнинг ўн олтинчи куни АҚШга кетди. Яъни ўн олтинчи кунида ушбу сулҳнинг иккинчи босқичига ўтиш керак эди, бу дегани ЦАҲАЛ шимолга қараб юриб ҳудудни тарк этиши керак эди. Айнан шу жараён ҳозир Бибининг расмий ташрифи билан кечиктирилди. Учинчидан эса Исроилнинг ички коалицион ҳукуматида босимлар кучаймоқда.

Қирқ икки кунлик муҳлат тугашига яқинлашгани сари бу сулҳни узайтириш ҳақидаги айрим таклифлар жиддий эътирозга сабаб бўляпти. Ҳаттоки коалицион ҳукумат Нетаняҳудан воз кечишга ва ҳукуматни қайта шакллантириш ҳақида ҳам гап-сўзлар юрибди.

Мана шундай босимлар ортида Нетаняҳу нафақат Ғазонинг келажак тақдири, балки ўзининг сиёсий тақдири ҳақида ҳам бош қотириб Вашингтонга кетди.

АҚШ томонидан ушбу ҳудудлар тўлиқ назоратга олиниши керак бўлса, ҳарбийлар ҳам юборилиши назарда тутилган. Шу ерда қайта қуриш вайрон бўлган ҳудудларда авариявий ҳолатларда портламай қолган бомбалардан тозалашни ва янги туристик иқтисодий зонани ташкил этишни таклиф этди. Шу орқали Нетаняҳуга гўёки Трамп янги бир версия бергандай бўлди. Бу версия билан Нетаняҳу ўзининг кабинети билан муҳокама қиладиган бўлса, унга айрим босимлар камаядиганга ўхшайди.

Трамп сўнгги пайтлардаги чиқишларида Гренландия, Панама, Мексика қирғоғи ва Украинанинг сиёсий масалалари ҳақида ҳам шунақа чиқишлар қилган эди, лекин ҳали бир аниқ қадамларга ўтгани йўқ.

Худди шундай ўйлайман, Фаластин ёки Ғазо масаласида ҳам қаттиқ қўрқитишлар орқали сиёсий босим қилиш орқали масалага ечим топишга ҳаракат қилмоқда. Трамп учун бу осон бўлмайди ва биринчи навбатда у изоляцияга тушмоқда.

Ундан ташқари у чексиз урушларни тўхтатмоқчи. Иқтисодий харажатларни камайтирмоқчи бўляпти, молиявий харажатларни камайтирди, ҳатто НАТОдаги улушни ҳам қисқартириб, керак бўлса Бирлашган Миллатлар Ташкилотидаги улушни ҳам қисқартирмоқчи бўлаётган пайтда ҳозир яна чексиз катта бир харажатларга сабаб бўлувчи уруш ёки ҳарбий операция бошлаш, Трампнинг ўзига ҳам керак бўлмаса керак.

Яъни Яқин Шарқда бу янги сиёсий йўналиш эмас, балки ҲАМАСни қуролсизлантириш ҳолатини тезлаштириш учун айтаётган таклифлар ёки ўзига хос бир чақириқлар бўлиши мумкин.

Туркия ҳам Ғазо масаласини шунчаки ташлаб қўймаяпти, шунинг учун ҳам Трамп бу ерда янги ўйинлар амалга ошириши қийин. Бундан ташқари, бундай ҳарбий операцияни ҳали Конгресс ҳам тасдиқлаши керак, чунки бу харажат билан боғлиқ.

Ҳабибуллохон Азимов: Халқаро муносабатларда раҳбарларнинг характерини белгиловчи «Мэдмен» назарияси бор, яъни «ақлдан озган раҳбарлар» тушунчаси бор. Ҳақиқатан бугун кўпчилик халқаро муносабатлар бўйича мутахассислар Трампни худди шунақа бир шахс сифатида кўради, яъни унинг нима дейиши, қанақа фикр айтиши бу масалаларга қандай ёндашиш масаласи ҳақиқатан қийин. Яъни олдиндан айтиб бўлмайдиган бир шахс сифатида кўрилади.

Хўш, демак, бугун биз биламиз, Трамп сиёсий ҳокимиятга келиш жараёнида сайлов олдидаги дастурлар орасида Ғазодаги урушни тугатиш масаласини илгари сурди ва урушни тугатиш масаласини айтган эди. Урушларни тўхтатиш ва тинчлик олиб келиш бошқа масала. Уруш тугаши мумкин, лекин тинчликка эришилмаслиги мумкин.

Бугун Трамп сайлов компанияларида уни дастаклаган Америка Қўшма Штатларидаги яҳудий лоббисидан катта қарздор. Жумладан, биринчи марта президентлик давридаги сайловларда Қўшма Штатлардаги яҳудий лоббиси энг катта вакилларидан бири Шелдон Аделсон деган шахс томонидан жуда катта молиялаштирилган.

Трампнинг сиёсий қарорлар олишида, бевосита яқин шартлар билан боғлиқ сиёсий қарорларини ишлаб чиқишига урғу беришида, албатта, Америка Қўшма Штатлари яҳудий лоббисининг таъсирини алоҳида таъкидлаш керак.

— Фаластин мавзусида Исроилга ён бермайдиган Яқин Шарқ давлатлари, хусусан, Саудия Арабистони томонидан қандай қабул қилиниши мумкин?

— Ҳабибуллохон Азимов: Трамп айтган лойиҳа минтақадаги бошқа мамлакатларнинг ёрдамисиз амалга ошмайди. Агар улар ёрдам бермаса, бу лойиҳа амалга оширилишининг имкони йўқ, чунки биз биламиз, бугун Ғазода икки миллионга яқин аҳоли мавжуд. Уларни кўчириш масаласи ва улар қаерга кўчирилиши, қайси мамлакат ғазоликларни қабул қилиши ҳақида саволлар бор. Ва масалан, дейлик, Миср бугун Ғазодаги аҳолини ўзининг ҳудудларига оладими, албатта йўқ, чунки Миср учун бу хавф — ички хавф,

— Фарҳод Каримов: Агар мажбурий кўчириш бўладиган бўлса, Женева конвенциясини унутишимиз керак эмас. Женева конвенциясига кўра маълум бир ҳудуддаги аҳолини, унинг розилигисиз ёки маълум бир сабабсиз бошқа ҳудудга ўтказиш мумкин эмас.

Бу конвенцияни биринчилардан бўлиб АҚШ ҳам, Исроил ҳам қабул қилган. Ўша қирқ саккизинчи йилдаги (1948 йил) кўчишларни эслатиб ўтиш керак бўлади. Айнан ўзлари яратган халқаро нормаларига бугун ўзлари зид гапиряпти, биринчи навбатда АҚШ.

Тарихий бир ҳақиқат бор: бу фаластинликлар бу ҳудудларда асрлар давомида яшаб келмоқда. Бу мажбурий бир кўчиришни нафақат халқаро нуқтайи назардан, инсонийлик нуқтайи назардан жуда ҳам ножиддий бир вазият сифатида баҳолаш керак.

Суҳбатни тўлиқ ҳолатда расмий саҳифаларимизда томоша қилишингиз мумкин.

Мавзуга оид