Жаҳон | 17:17 / 11.02.2025
24900
2 дақиқада ўқилади

«Толибон» олиб қочилган вертолётларни Афғонистонга қайтаришни яна бир бор талаб қилди

Самолёт ва вертолётлар 2021 йилда Ўзбекистон ва Тожикистонга олиб ўтилган, уларнинг бир қисми АҚШга берилган эди.

Фото: AP

Афғонистон Мудофаа вазирлиги 2021 йил август ойида афғон армиясининг собиқ учувчилари томонидан Ўзбекистон ва Тожикистонга олиб ўтилган ҳарбий вертолётларни қайтариб беришни яна бир бор талаб қилди. Бу ҳақда Bakhtar агентлиги хабар берди.

«Толибон» Мудофаа вазирлиги бу вертолётлар собиқ Афғонистон маъмурияти қулаганидан кейин қўлга олингани ва уларнинг муносиб ўрни Афғонистонда эканини таъкидлади.

«Ушбу ҳаво кемаларининг Қўшма Штатларга берилишини қабул қилиб бўлмайди, чунки афғон халқи ўз мамлакатини ҳимоя қилиш учун суверен ҳуқуқига эга ва бунинг учун ўз ҳарбий ресурсларига эга бўлиши керак», дейилади департамент хабарида.

«Толибон» АҚШ ҳукуматини тўсиқлар яратмасдан, вертолётларни қайтаришга ёрдам беришга чақирди.

«Толибон» баёноти Ўзбекистоннинг Америкада ишлаб чиқарилган еттита Black Hawk вертолётини АҚШ ҳарбийларига топширгани ҳақидаги хабар ортидан қилинган. Бу афғон учувчилари 2021 йил август ойида «Толибон» ҳаракати тез суръатлар билан олға силжиши пайтида ўз хизматдошлари ва оила аъзоларини Ўзбекистон ва Тожикистонга эвакуация қилишда фойдаланилган ҳарбий техниканинг бир қисмидир. Бу самолётлар бир вақтлар АҚШ томонидан афғон армиясига топширилган.

2022 йил январ ойида Афғонистоннинг собиқ ҳукумати 164 та ҳарбий самолётга эгалиги, бироқ расмийлар ва баъзи учувчилар қочиб кетганидан сўнг, мамлакатда 81 таси қолгани, улардан 41 таси соз ҳолатда экани хабар қилинган эди.

Мавзуга оид