Жаҳон | 16:21 / 07.07.2025
9376
5 дақиқада ўқилади

Саҳнага қайтган Хоминаий ва Эрдўғаннинг баёноти – “Геосиёсат” таҳлили

Ўзбекистон BRICS'нинг ҳамкорига айланди. Туркия президенти Эрдўған Кавказ бошқа урушга дош бера олмаслигини айтди. Эрон раҳбари Хоминаий урушдан кейин илк бор кўриниш берди. Ғазодаги сулҳ музокаралари қийин кечмоқда. Евроиттифоқ Исроилга қарши санкция қўллаши мумкин. АҚШ Исроил сабаб Украинага қурол ёрдамини чеклади.

Video thumbnail
{Yii::t(}
Ўтказиб юбориш 6s

Кун тартибидаги глобал мавзулар муҳокамаси – Kun.uz'нинг жонли эфирдаги “Геосиёсат” дастурида.

Эрдўған “Кавказ бошқа урушга дош бера олмайди” деганда, бу билан нимани айтмоқчи?

Камолиддин Раббимов: Озарбoйжон билан Туркиянинг муносабатлари ниҳоятда яқин ва кейинги пайтларда икки давлатда шаклланган сиёсий маданиятга кўра ёки умуман сиёсий бир қарашларга кўра, бу битта миллат, лекин иккита давлат деган концепция шаклланиб боряпти. Масалан, эронлик сиёсатчиларни кузатадиган бўлсак, Озарбойжон ўзининг мазҳабий шиалик ўзлигидан босқичма-босқич воз кечиб, Туркияга яқинлашиш ва бирлашиш мақсадида суннийликка ўтяпти деган бир айбловларни ёки даъволарни билдиради.

Эрдўғаннинг кейинги 10 кун мобайнида юз берган Россия–Озарбойжон зиддияти борасидаги фикри ниҳоятда муҳим эди. Эрдўған – жуда тажрибали сиёсатчи, у 2000-йилларнинг бошидан буён Туркиядаги асосий сиёсий фигура. Маълум бир муддат бош вазир бўлди ва кейинги даврда у президент. Эрдўғаннинг айтаётган гапини шахсан мен худди шундай кутган эдим. Яъни у айтмоқчики, Кавказда уруш бўлиши керак эмас. Россия ва Озарбойжон бир-бири билан тўқнашмаслиги керак, деди.

Сиёсатчилар тафаккурида бирор-бир вазиятни моделлаштиради, узоқ муддат ва босқичма-босқич хатти-ҳаракатлар билан тафаккуридаги идеал бир ҳолатга интилади. Кейинги беш йилда Туркия ва Озарбойжон учун Жанубий Кавказда идеал вазият шаклланиб боряпти. Яъни 2020 йилдаги 44 кунлик урушдан кейин Озарбойжон Туркия ёрдамида Қорабоғни қайтариб олди. Шундан кейин Арманистондаги сиёсий тафаккур ҳам ўзгарди. 20 июн куни Пашинян Туркияда бўлди ва учта давлат ўртасида (Туркия, Озарбойжон ва Арманистон) жуда муҳим учрашув ўтказилди. Эрдўған ҳам Арманистоннинг Озарбойжон билан тинчлик ўрнатиш борасидаги саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини айтди. Бу билан, балки асрлар давомида биринчи марта мана шу учта давлатнинг яқинлашувига эришилди.

Ғазода сулҳ масаласида сўнгги ўзгаришлар қандай?

Шавкат Икромов: Март ойида охирги марта томонлар ўртасида маълум муддатга сулҳ тузилган эди. Лекин тез орада Исроил томонидан Ҳамас сулҳ шартларини бузди деган даъво билан бу ўзининг кучини йўқотган. Шундан кейин ҳозирги кунга қадар умумий сулҳ бўлмагани сабабли, 6 мингдан ортиқ ғазоликлар ҳалок бўлди.

Эрон билан бўлган урушдан кейин Исроил яна Ғазода қаттиқ зарбалар беришни бошлади ва 250 дан ортиқ одамни ўлдирди. Шу фонда АҚШ 60 кунлик сулҳ таклифини илгари суряпти, лекин икки томоннинг ҳам қандай талаблар қўяётганига эътибор қаратишимиз керак.

Ҳамас сулҳ шартларини очиқлик билан қабул қиляпти деган хабарлар бор, Трампнинг ўзи ҳам буни айтиб ўтди. Ҳамаснинг ичидаги фракцияларда мазкур шартларни қабул қилиш бўйича умумий мажбурий келишув бўлаётгани ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Лекин маълум муддат, ҳеч бўлмаса 60 кун давомида ўзларининг кучларини қайта йиғиб олиш учун сулҳ бўлиши керак деган позиция эгалланган, деган фикр билдиряпти.

Исроил томонидан Бинямин Нетаняҳу эса бу сулҳ натижасида Ҳамас тўлиқ йўқ бўлиши керак деган баёнотлар беряпти. Яъни у Ҳамасистон (Ғазода Ҳамас ҳукмрон бўлгани учун шундай атаяпти) бўлмаслиги керак, Ҳамасистон бўлмагандагина фақат сулҳ бўлиши мумкин деган фикрларни илгари суряпти.

Аввалгидек воситачилар Қатар ва Миср томонларни муросага келтириш учун фаол ишлашяпти, лекин бир нарсани ҳисобга олишимиз керак: Исроил келишувга борадиган хатти-ҳаракатларни амалга ошираётганини биз кузатмаяпмиз. Исроил доимий равишда бу ерда уруш жиноятларини содир қилиш ва қотилликлар билан шуғулланяпти. Охирги пайтда унинг уруш стратегиясида ҳуманитар ёрдам олиш учун келган оч ва ёрдамга муҳтож фаластинликларга қарата ўқ отиш тактикасини қўллаётганини кўришимиз мумкин.

Суҳбатни тўлиқ тарзда YouTube'да томоша қилишингиз мумкин. 

Мавзуга оид