Жаҳон | 20:56 / 26.09.2025
5986
3 дақиқада ўқилади

Ўғил авиаҳалокатга учраган онасининг хатини 24 йилдан кейин олди

Хатда она кичик ёшдаги ўғлининг китоб ўқиганидан фахрланган. Аёл 2001 йилги терактларда юз берган авиаҳалокатда қурбон бўлган.

Америкалик Жевон Кастрилло онаси Си Си Лайлс томонидан 24 йил олдин ёзилган ва боғча тарбиячисида сақланган хатни олди.

Хат 2001 йил март ойида, унинг кичик пайтида ёзилган. Мактубда ўғли эндигина китобни тўлиқ ўқиб тугатганидан хурсанд бўлган онанинг қувончи акс этган. Си Си Лайлс хушхабарни боғча тарбиячиси Тэмми Турман билан баҳам кўрган.

«Ҳурматли мисс Турман, кеча кечқурун Жевон кутубхонадан олиб келган китобни ўқиб чиқди. Уни бошдан-оёқ ўқиб чиқди. Мен сизга хат ёзишга ва у қандай буюк ишни амалга оширганини айтишга ваъда бердим. Биз у билан жуда фахрланамиз ва у билан уйда ишлашда давом этамиз. Ишдаги фидойилигингиз ва жасоратингиз учун яна бир бор раҳмат», дейилади хатда.

Фожиали бурилиш 2001 йил кузида содир бўлди. Лайлс 11 сентябр терактлари пайтида олиб қочилган United авиакомпанияси самолёти бортида стюардессалардан бири эди. Ҳавода бўлган Лайлс турмуш ўртоғига қўнғироқ қилиб, бортдаги йўловчилар террорчиларга қаршилик кўрсатаётганини айтган. Самолёт охир-оқибат Пенсилвания штатининг Шанксвилл шаҳри яқинида ерга қулади. Унинг бортидаги барча инсонлар ҳалок бўлди.

Шу куни Жевон онасидан ажралди. Турман хоним эса аёлнинг мактубини асраб қўйди. У йиллар давомида хат борасида иккиланиб юрди. Ниҳоят шу йил у хатни Лайлснинг қадрдон шаҳри яқинида ишлайдиган мухбир Жон Шейнманга топширди. Хат билан бирга 6 ёшли Жевоннинг суратини ҳам юборди.

Турман видеоалоқа орқали Жевон билан боғланди. «Она сифатида мен онангнинг бу сўзларини эшитишинг кераклигини биламан. У ажойиб аёл эди, сен эса ажойиб ўқувчи эдинг», деди у.

Жевон онасининг хатини ўқиди ва бир неча ўн йиллар давомида тўпланган ҳис-туйғулари жунбишга келди, унинг кўзлари ёшланди.

- Бу жуда таъсирли... - деди Жевон. - Бу жуда ёқимли туюлади ва биласизми, у айнан шундай деган бўларди.

Ҳозир уч ойлик чақалоқнинг отаси бўлган Жевон онаси у билан фахрланиши учун ҳар куни меҳнат қилишда давом этишини айтди.

Аммо Жевон 24 йил олдинги мактуб туфайли энди истаган пайтда онасининг ғурурини ҳис қила олади.

Тайёрлаган:  Сардор Юсупов

Мавзуга оид