Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ғазо бўйича музокаралар: Ҳамас нимани сўраяпти?
Ҳамас гуруҳи АҚШ таклиф қилган режанинг айрим шартларини қабул қилди. Қуролсизланиш масаласи – музокаралар столидаги асосий мавзулардан. Kun.uz'нинг “Геосиёсат” дастурида профессор Фарҳод Каримов айни жараёнлар юзасидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди.
— Агар Ҳамас Трамп талаб қилганидек қуролларни ташласа ва сектор бошқаруви технократик гуруҳга топширилса, Ғазо ҳам Ғарбий соҳил сингари Исроил томонидан босиб олинмайдими?
— Ғазо порт шаҳар, стратегик жиҳатдан муҳим бўлиб, туризм ва транзит учун қулай жой ҳисобланади. Бу ҳудуд катта геосиёсий ва геоиқтисодий лойиҳаларнинг бир бўлаги сифатида ҳам кўрилади. Масалан, бир пайтлар Байрутнинг порт шаҳар сифатидаги аҳамияти ошиб кетган эди, портлаш қилишди, бошқа қилишди, хуллас олдинги функциясини йўқотишди. Мақсад – бошқа жойда Байрутга муқобил порт яратиш эди. Исроилда “мана шу режани Ғазони олмасдан қилолмаймиз” деган қараш бор.
Шу каби омиллар Ҳамаснинг бу таклифларга шубҳа билан қарашига олиб келяпти: “Биз ҳукуматни топширадиган одамлар ким, Фаластинда туғилган ва арабча гапирадиган бўлиши мумкин, лекин эртага улар кимга ишлайди?” деган савол бор Ҳамасда. Агар янги раҳбарият Исроил манфаатларига хизмат қилса ёки де-факто ассимиляцияга учраса, Ғазонинг мустақил функцияси йўқолиши мумкин.
Шунингдек, қаршилик ҳаракатининг инфратузилмаси ва қуроллари масаласи ҳам муҳим: қуроллар ва инфратузилма топширилганидан кейин, қаршиликни тиклаш имконияти камаяди.
— АҚШнинг режасида қуролини ташлаган Ҳамас аъзоларига Ғазони эркин тарк этиш имконияти берилиши кўзда тутилган. Лекин кейинчалик уларга ва Ғазода қолган, ўз вақтида Ҳамасга хайрихоҳ бўлган шахсларга “ов” эълон қилиниши мумкинми?
— Бундай бўлиши эҳтимоли жуда ҳам катта. Чунки улар қаергадир бориб, яна фаолиятини давом эттириши мумкин. Шу сабаб Ҳамас аъзоларида: “Ҳозир таслим бўлсам, охир-оқибат барибир йўқ қилишади” деган фикр бор.
Аслини олганда, Ҳамас аъзолари ҳам фаришта эмас: улар вазият шу даражага келгунча жуда кўп номувофиқ ишларни қилишди. 7 октябр воқеаларини эслашнинг ўзи кифоя. Сиёсий институтлар орқали ҳам ишлаш мумкин эди, лекин у йўлни танлашмади. 2006 йилдан бери радикал кайфиятга ўтиб олишди. Бу дегани, бутунлай мустақилликдан воз кечиш керак дегани ҳам эмас.
— Ҳамас қуролни ташламасдан ҳокимиятни технократларга топширса, у Ҳизбуллоҳга ўхшаб қоладими?
Фарҳод Каримов: Ҳизбуллоҳ модели ҳам бир вариант сифатида тилга олинмоқда. Агар шундай бўлса, расмий ҳукумат мавжуд бўлса-да, унинг ичида ҳарбийлашган ташкилотнинг ўз мулки ва ҳудудлари бўлиб, “давлат ичида давлат” ҳолати юзага келади. Бундай тузилма ички сиёсий зиддиятларни кучайтиради ва ташқи аралашув учун баҳона яратади.
Ҳар қандай давлатнинг ўз армияси бўлиши керак. Ҳамас қуролни ташлашдан олдин ким томонидан ва қандай кафолат билан Фаластиннинг ўз армияси шакллантирилишини сўрамоқда. Улар араб-мусулмон ҳамжамияти шафелигида Фаластин қуролли кучлари ташкил этилиши керак, деб ҳисобламоқда. Яъни минтақавий кафолатларни хоҳлаяпти. Сўралаётган кафолатларга кўра, араб-мусулмон дунёси Фаластин то давлат бўлиб шакллангунча, уни Исроилдан ҳимоя қилиши керак. Мана шу ҳолатда биз қуролни ташлаймиз, деяпти.
Лекин иккинчи масала бор: Исроилга нисбатан ҳозир араб давлатларининг позицияси юмшаган. АҚШ Қатар ва бошқа давлатлар билан сиёсий мулоқотлар олиб борди, айримлар кечирим ҳам сўради. Умуман, араб ҳамжамияти ҳозир кафолат беришга шошилмаяпти. Яъни ҳозирги режалар фақат таклифлардан иборат бўлиб қоляпти, бунга қўшимча амалга ошириш механизми ва кафолатлар ҳам керак.
НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.
Мавзуга оид
14:25 / 03.12.2025
🔴 LIVE: Трампнинг элчиси яна Москвада, Путиндан қатор баёнотлар | "Геосиёсат"
13:59 / 02.12.2025
“Нетаняҳу учун қулай сиёсий фон яратиляпти” — Фарҳод Каримов
14:08 / 01.12.2025
Рим папаси: Фаластин давлатини тузиш — ягона ечим
11:20 / 30.11.2025