Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
ЕИ Россияга қарши 20-пакет санкцияларни тайёрлашга киришди
Литва молия вазири Криступас Вайтекунас ва Европа комиссари Мария Луис Албукерке янги чеклов чораларини муҳокама қилди. Европа Иттифоқи Россияга ҳам, Беларусга ҳам босимни кучайтириш зарурлигини билдирмоқда.
Фото: REUTERS
Европа Иттифоқи Украинага қарши Россиянинг тажовузкор уруши сабаб янги — 20-пакет санкцияларни тайёрлашга киришди. Бу масала Литва молия вазири Криступас Вайтекунас ва Европа Комиссиясининг молиявий хизматлар ҳамда Жамғарма-инвестиция иттифоқи бўйича комиссари Мария Луис Албукерке томонидан муҳокама қилинди.
Вайтекунаснинг сўзларига кўра, Европа Иттифоқи фақат Россияга эмас, балки “мунтазам гибрид ҳужумлар”ни инобатга олган ҳолда Беларусга ҳам босимни давом эттириши керак. «Октябр охирида ЕИ даражасида навбатдаги — 19-пакет санкциялар келишилганидан мамнунмиз, бироқ, айниқса, Россиянинг энергетика ва молия секторларига нисбатан кейинги босимни кучайтириш зарур. Шу боис кейинги санкциялар пакетини жиддий муҳокама қилишни бошлашимиз лозим», — деди Литва вазири.
Вайтекунас таъкидлашича, ЕИ Беларусга нисбатан чораларни кучайтириши, «уларни Россияга нисбатан амал қилаётган чекловларга мослаштириб, қўшимча тақиқлар жорий этиши» керак. Албукеркенинг айтишича, Минскка нисбатан янги чоралар тайёргарлик жараёни ҳозирча дастлабки босқичда.
«Биз учинчи давлатлар билан ишлаяпмиз, чунки улар орасида санкцияларни айланиб ўтишга кўмаклашаётганлари бор», — деди Европа комиссари.
Сўнгги, 19-пакет санкцияларни Европа Иттифоқи 23 октябрда маъқуллаган эди. Унга 2027 йилдан суюлтирилган табиий газни импорт қилишни тақиқлаш, «соя» флотига мансуб деб ҳисобланадиган 117 та кемага нисбатан чекловлар, шунингдек, ЕИ ҳудуди бўйлаб россиялик дипломатларнинг ҳаракатига қўйилган чекловлар киритилган.
Москва ғарб санкцияларини ноқонуний деб атайди. Россия президенти матбуот котиби Дмитрий Песковнинг таъкидлашича, Россия иқтисодиёти «жуда кўп чекловлар шароитида ишлаяпти» ва уларга нисбатан «маълум даражада иммунитет» ҳосил қилган.
Мавзуга оид
14:47
Россияда SnapChat иловаси блокланди
13:45
Кипр: Украина ЕИ Кенгашига раислик даврида устувор йўналиш бўлади
23:00 / 04.12.2025
Америка делегацияси Зеленский билан учрашувни бекор қилган — ОАВ
16:03 / 04.12.2025