Кўчмас мулк | 07:33 / 19.12.2025
8497
2 дақиқада ўқилади

Дунё энг баланд биноси учун кураш: Жидда минораси рекордга яқинлашяпти

Қизил денгиз соҳилидаги ўта баланд минора дунё меъморчилиги чегараларини қайта белгилашга шайланмоқда. Жидда минораси (Jeddah Tower) қурилиши жадал суръатда давом этяпти — бино гўё “ракета каби юқорига отилиб чиқмоқда” ва аллақачон 80-қават белгисига етди.

Фото: AP

Баландлиги 1 километр бўлган ушбу мега-осмонўпар бино қурилиши узоқ йиллар давомида тўхтаб қолган эди, аммо ишлар 2025 йил январ ойида қайта тикланди. Ҳозир қурувчилар ҳар уч–тўрт кунда битта қават қўшмоқда ва лойиҳани 2028 йилгача якунлашни мақсад қилган — шунда у Дубайдаги Бурж-Халифадан “дунёдаги энг баланд бино” унвонини тортиб олиши мумкин.

Бугун Жидда осмонида қурилиш кранлари қад кўтариб турибди: Saudi Binladin Group, Dar Al-Handasah ва Turner Construction компаниялари рекорд баландликларда ишлай оладиган юқори босимли насослар ёрдамида бетон қуймоқда.

2025 йил август ойига келиб бино 75-қаватга етган, бир вақтнинг ўзида бир нечта крандан фойдаланиш эса марказий ядрони барпо этиш суръатини кескин оширган. Ҳозирги пайтда режалаштирилган 157 қават бўйича бетон ишларининг 50 фоиздан ортиғи бажарилган.

Kingdom Holding Co компанияси амалга ошираётган ушбу лойиҳа Саудия Арабистони амбицияларининг рамзларидан бирига айланган ва иқтисодиётни диверсификация қилишга қаратилган Vision 2030 дастури билан бевосита боғлиқ.

Ҳар ҳафта Jeddah Tower янги қаватлар билан “ўсиб борар экан”, подшоҳлик дунё меъморчилиги уфқларини қайта чизишга тайёрланмоқда.

2025 йил охири ҳолатига кўра, минора қурилиши фаол давом этмоқда. Унинг асосида улкан гибрид қадоқли-қоплама фундамент ётади: қалинлиги 5 метр бўлган, майдони 7 500 кв. метрдан ортиқ бетон плита 270 та буриб қотирилган таянчга эга, улар оҳактош ва маржон жинсларигача 110 метр чуқурликка кириб боради ва иншоот барқарорлигини таъминлайди.

Таққос учун, Бурж-Халифа фундаменти ҳам таянчлар устидаги плита кўринишида, бироқ у 3,7 метр қалинликка эга ва диаметри 1,5 метр бўлган 192 та таянчдан иборат, улар тахминан 50 метр чуқурликкача киритилган.

Тайёрлаган:  Отабек Матназаров

Мавзуга оид