Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
Ўзбекистонда хусусий ва мерос фондларини ташкил этиш тартиби белгиланмоқда
“Хусусий фондлар тўғрисида”ги қонун лойиҳаси билан хусусий фондларни ташкил этиш, бошқариш, давлат рўйхатидан ўтказиш, мол-мулкдан фойдаланиш ҳамда тугатишга оид қоидалар белгиланмоқда. Лойиҳада, жумладан, фондни таъсис этиш учун дастлабки маблағ БҲМнинг 1500 бараваридан кам бўлмаслиги назарда тутилган.
Қонун лойиҳасига кўра, хусусий фонд жисмоний шахс томонидан ёки унинг вафотидан кейин васиятнома ижрочиси томонидан муайян муддатга ёки муддатсиз таъсис этиладиган, муассис топширган ёки мерос қилиб қолдирилган мол-мулкни белгиланган шартларда бошқарувчи нодавлат нотижорат ташкилот ҳисобланади. Фондлар, қоида тариқасида, хайрия, ижтимоий, маданий, маърифий ва бошқа ижтимоий фойдали мақсадларни кўзлаши қайд этилган.
Лойиҳада хусусий фондлар икки турга — муассис ҳаётлигида ташкил этиладиган фондлар ҳамда васиятнома асосида ташкил этиладиган фондларга (мерос фондлари) ажратилади. Шунингдек, хусусий фондлар Ўзбекистон ҳудудида ва бошқа давлатларда ваколатхона очиши ёки филиал ташкил этиши мумкинлиги белгиланган.
Муассислик масаласида ҳам қатор чекловлар назарда тутилган: ҳаммуассисликка йўл қўйилмайди (эр-хотин умумий мулки ҳисобидан ташкил этиш истисно), муассисни алмаштириш мумкин эмас, кейинчалик хайрия ёки грант тақдим этган шахслар муассис мақомини олмайди. Фонд номи таркибида “хусусий фонд”, васиятнома асосида ташкил этилганда эса “хусусий фонд” ёки “мерос фонди” деган сўзлар бўлиши шартлиги ҳам кўрсатилган.
Давлат рўйхатидан ўтказиш Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлиги, вилоятлар ва Тошкент шаҳар адлия бошқармалари томонидан амалга оширилиши, тақдим этилган ҳужжатлар бўйича қарор ўн иш куни ичида қабул қилиниши белгиланмоқда. Рўйхатдан ўтказишни рад этиш асослари сифатида ҳужжатларнинг тўлиқ эмаслиги, қонун талабларига зид қоидалар, давлат божи тўланмагани ёки дастлабки маблағ талаби бажарилмагани келтирилган.
Лойиҳада хусусий фонд мол-мулкидан фойдаланишда ҳам чекловлар бор: фонд мол-мулки гаров сифатида қўлланилиши, мажбуриятлар бажарилишини таъминлашнинг бошқа усули сифатида ишлатилиши ёки кредитлар бериш учун йўналтирилиши мумкин эмас. Шунингдек, ҳар йилги маъмурий харажатлар умумий харажатларнинг 30 фоизидан ошмаслиги белгиланган.
Бундан ташқари, лойиҳада бенефициарлар тушунчаси, ҳисобдорлик, бошқарув органлари тизими ва васиятнома асосида ташкил этилган фондлар фаолиятининг ўзига хос қоидалари ҳам баён қилинган. Хусусан, бундай фондлар учун васийлик кенгаши ёки олий коллегиал орган тузилиши мажбурий экани кўрсатилган.
Мавзуга оид
00:50 / 22.06.2025
Павел Дуров ўз бойлигини 100 дан ортиқ фарзандлари орасида тақсимлайди
20:18 / 24.01.2025
Малайзия институти Ўзбекистоннинг қадимий ва ноёб меросини тарғиб қилади
12:29 / 05.12.2024
ЮНEСКО номоддий маданий мерослар рўйхатини кенгайтирди
11:00 / 07.07.2024