Жаҳон | 10:42
2250
2 дақиқада ўқилади

Дрон зарбалари: РФ нефт компаниялари йўқотиши 1 трлн рублдан ошди

Украина дронларининг Россиядаги нефтни қайта ишлаш заводлари (НҚЗ)га берган зарбалари туфайли Россия нефт компанияларининг йўқотишлари 1 триллион рублдан ошиб кетди. Бу ҳақда “Коммерсант”га душанба, 9 феврал куни Mains суғурта брокери бош директорининг ўринбосари Евгений Боровиков маълум қилган.

Фото: Reuters

“Бизнинг баҳоларимизга кўра, нефт-газ соҳасида дрон (учувчисиз аппарат)лар зарбаларидан келган тўғридан тўғри зарарлар аллақачон 100 млрд рублдан ошиб кетган, фойда йўқотилиши ва билвосита зарарларни қўшганда эса 1 трлн рублдан ортиқ,” — деган Боровиков нашрга.

Bloomberg ҳисоб-китобларига кўра, 2025 йил давомида Украина Россия нефт корхоналарига 120 та ҳужум қилган. Зарбалaрнинг кўп қисми НҚЗга (81 та), денгиз инфратузилмасига — нефт-газ конлари ва тегишли объектларга (27 та), қувурлар (8 та) ва танкерлар (4 та)га тўғри келган.

Шу фонда Россиянинг нефт ва газ экспортидан тушадиган даромади қарийб 25 фоизга қисқариб, 8,5 трлн рублга тушгани РФ Молия вазирлиги маълумотларида айтилган.

“Коммерсант” етакчи суғурта компанияларидаги суҳбатдошларга таянган ҳолда хабар қилишича, Россияда “терроризм” ва “диверсия”дан суғурталаш сегментида зарар даражаси ошган ва аллақачон 100 фоиздан ҳам юқори кўтарилган. Нашр манбалари буни суғурта ҳолатлари сони ортиши билан боғлайди.

Россия миллий қайта суғурталаш компаниясида таъкидлашларича: “зарбалар Россия иқтисодиётини таъминлайдиган объектларга — нефт-кимё, газ, электр энергетикаси корхоналари ва инфратузилма объектларига берилмоқда.” “Коммерсант” қайд этишича, зарар ўсиши суғурта тарифларининг қимматлашишига олиб келади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров

Мавзуга оид