Жаҳон | 17:35
5213
7 дақиқада ўқилади

Яқин Шарқда урушнинг учинчи ҳафтаси. АҚШ Эронни ҳамон мағлуб этолмаяпти

Бундан ташқари, Доналд Трамп нимани ғалаба деб ҳисоблаши ҳали ҳам номаълум.

Toby Melville / Reuters / Scanpix / LETA

АҚШ ва Исроилнинг Эрон билан уруши учинчи ҳафтаси кетмоқда. АҚШ президенти Доналд Трамп эса олдинга қўйилган мақсадларга эришишга қанчалик яқинлигини баҳолаш учун аниқ мезонларни шакллантира олмади. Аслида, у нимани мақсад деб билиши ҳам мавҳум – режимни ўзгартиришми, Эронни ядровий ва ракета дастурлари бўйича келишувга мажбурлашми ёки шунчаки унинг ҳарбий салоҳиятини йўқ қилишми?

Эронга аллақачон жиддий зарар етказилди – иқтисодий жиҳатдан ҳам, сиёсий жиҳатдан ҳам, мудофаа қобилияти нуқтайи назаридан ҳам. Аммо у амалда Ҳўрмуз бўғозидаги кемалар қатновини тўсиб қўйишга муваффақ бўлди ва шу билан жаҳон нефт транзитининг тахминан бешдан бир қисмини фалаж қилди – бу эса нефт нархининг сезиларли даражада ошишига олиб келди. АҚШ ва Исроил билан тўғридан тўғри тўқнашувда ғалаба қозониш имкониятига эга бўлмаган Ислом республикаси, улар учун уруш баҳосини ошира бошлади – хусусан, кўплаб қўшниларига ҳужум қилиб, бутун Яқин Шарқ ва жаҳон бозорларида беқарорлик келтириб чиқариш орқали можаро кўламини кенгайтирди.

Америкаликлар энди нима қилади?

The New York Times нашри ёзишича, Трампда келгусидаги ҳаракатларнинг иккита асосий варианти бор: ёки каттароқ мақсадларга (Эронда дўстона ёки ҳеч бўлмаганда келишув режим ўрнатишгача) эришиш учун ҳарбий ҳаракатларни давом эттириш, ёки можародан чиқиш.

Агар Трамп урушни давом эттиришга қарор қилса, заифлашган бўлса-да, ҳамон хавфли бўлиб қолаётган душман билан курашишига тўғри келади. The New York Times’дагилар фикрича, Трамп маъмурияти Эронга ҳужумнинг кўплаб оқибатларини олдиндан кўра олмаган, оятуллоҳ режими ҳар қандай йўл билан ҳимояланишга тайёрлигини ва унинг жаҳон иқтисодиётига зарар етказиш қобилиятини етарлича баҳоламаган. Зиддият давом этиши кутилмаган оқибатлар кўпроқ бўлиши хавфини туғдиради – ва охир-оқибат вазият назоратдан чиқиб кетади.

Ҳатто Трампнинг АҚШдаги тарафдорлари орасида ҳам хавотир ҳисси кучаймоқда: кўпчилик унга мамлакатни урушларга тортмаслик ҳақидаги ваъдалари учун овоз берганди.

Аммо Трамп можародан жиддий йўқотишларсиз чиқиб кета олмайди – унинг учун ҳеч бўлмаганда сиёсий оқибатлар бўлади. У уруш бошида айтилган мақсадларнинг бирортасига ҳам эриша олмади. Эрон ядро қуролини ярата олмаслигига ҳали ҳам кафолат йўқ. Кўплаб ядровий объектлар бомбардимон қилинди, кўплаб мутахассислар ўлдирилди – аммо инфратузилмани тиклаш мумкин. Бундан ташқари, Эронда юқори даражада бойитилган ураннинг катта захиралари қолмоқда, тахминларга кўра, улар ўнта ядровий каллак яратиш учун етади. Уларни ишлаб чиқариш вақт ва саъй-ҳаракатларни талаб қилади, аммо Эронда бундай имконият сақланиб қолмоқда.

Ислом республикасининг ракета арсенали сезиларли даражада қисқариб кетган, уни тўлдириш имкониятлари сезиларли даражада чекланган (бунинг учун зарур бўлган кўплаб ишлаб чиқаришлар йўқ қилинган), денгиз кучлари деярли бутунлай яксон этилган – аммо Эрон ҳали ҳам бошқа мамлакатларга таҳдид солишга қодир. Оятуллоҳ режими ўз етакчиси Али Хоминаийдан маҳрум бўлди, аммо ҳужумларга дош берди. Унинг асосий таянчи – Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси ҳамон мамлакатдаги етакчи қуролли куч бўлиб қолмоқда.

Эҳтимолий сценарийлар

Биринчиси – ҳолдан тойдириш урушини давом эттириш. Можаронинг тугаши боғлиқ бўлган асосий омил – ўқ-дорилар захирасидир: бу Эронда – ракета ва дронлар, АҚШ ва унинг иттифоқчиларида – ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари.

Бу сценарийда АҚШ Ҳўрмуз бўғозида кемалар қатновини ҳимоя қилишни ташкил этиши – ҳеч бўлмаганда танкерларни ракета ва дронларни уриб тушира оладиган кемалар билан қўриқлаши керак бўлади. Трамп шу кунларда иттифоқчиларни бундай миссия учун кемалар юборишга чақирди, аммо Буюк Британия, Франция, Германия ва Жанубий Корея аллақачон рад жавобини берди.

Ҳўрмуз бўғозидаги кемаларни ҳимоя қилиш – фавқулодда мураккаб тактик вазифа, дея қайд этади The Wall Street Journal. Бўғоз жуда тор, маршрутларни олдиндан кўриб туриш мумкин, унинг Ўмон соҳиллари томонидаги қисми саёзлик бўлгани туфайли кемалар фақат Эрон соҳиллари томондан суза олади, у ерда эса танкерларга жуда кичик кучлар билан ҳам ҳужум қилиш мумкин бўлади. Бундай ҳужумларга қарши туриш учун эса, аксинча, катта миқдордаги кемалар гуруҳини ҳамда ҳаво кучларини жалб этиш талаб қилинади. Ҳолдан тойдириш урушининг бу участкасида Эрон яққол устунликка эга.

Воқеалар бўйича иккинчи сценарий – Доналд Трампнинг уруш табиатини ўзгартирадиган қандайдир радикал қарор қабул қилиши билан боғлиқ. Масалан, Форс кўрфазидаги Харг ороли қуруқлик кучлари томонидан эгаллаб олиниши мумкин – Эроннинг деярли барча нефт экспорти айнан шу жой орқали амалга оширилади. Агар Ислом республикаси ундан маҳрум бўлса, бу унинг учун энг оғир зарбага айланади. Шунингдек, юқори даражада бойитилган уран захираларини қўлга киритиш ва олиб чиқиш учун Эронга махсус кучлар юбориш ғояси муҳокама қилинмоқда. Икки ҳолатда ҳам АҚШ ҳарбийлари катта хавф остида бўлади – ва шу билан бирга, иккала ҳолатда ҳам Эрон таслим бўлиши кафолатланмайди.

Икки мингдан ортиқ киши ҳалок бўлган. 13 нафари – америкаликлар

Пентагон амалиётни муваффақиятли деб ҳисобламоқда. АҚШ ва унинг иттифоқчилари ҳавода тўлиқ ҳукмронликка эришди, Эрон ракеталари ва учириш қурилмаларининг катта қисмини йўқ қилди, шунингдек, флотнинг асосий қисмини чўктириб юборди. Эрон амалда авиация ва ҳаво ҳужумидан мудофаа кучларидан ҳам айрилди.

АҚШ Яқин Шарқдаги ҳарбийлари сонини оширишда давом этмоқда. Минтақага 2500 нафар атрофида денгиз пиёдалари ва яна битта авиаташувчи зарбдор гуруҳ йўлланган – бу аллақачон шу ерда бўлиб турган иккита авиаташувчи гуруҳ ҳамда тахминан 50 минг кишилик Америка ҳарбийларига қўшимча куч бўлади.

Уруш бошидан буён 2100 дан ортиқ киши ҳалок бўлган. Қурбонларнинг аксари – эронликлар. Эрон расмийларига кўра, ҳалок бўлганлардан 1300 нафардан ортиғи – тинч фуқаролардир. Америка армиясининг йўқотишлари – 13 киши.

Азиз Қаршиев
Тайёрлаган Азиз Қаршиев
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид