Жаҳон | 09:39
2015
3 дақиқада ўқилади

Исроил Эроннинг газ саноатига зарба берди

Исроил зарбалари дунёдаги энг йирик газ кони ҳисобланган, Эрон Қатар билан бўлишадиган “Жанубий Парс” коннига қаратилди. Эрон эса БАА, Саудия Арабистони ва Қатарнинг энергетика объектларига ҳужум қилиш билан таҳдид қилди.

Фото: Anadolu Agency

АҚШ билан биргаликда Эронга қарши урушда иштирок этаётган Исроил Форс кўрфази соҳилидаги Эроннинг газ саноати объектларига зарбалар берди. Чоршанба, 18 март куни, Эроннинг Tasnim ва Mehr ахборот агентликлари хабар беришича, Асалуйе саноат шаҳри яқинидаги нефт-кимё корхоналари ҳужумга учраган.

Ҳукумат манбаларига таяниб хабар қилган Axios портали маълумотига кўра, ушбу зарбалар АҚШ билан келишилган ва мувофиқлаштирилган. Tasnim агентлиги Бушер вилояти вице-губернаторига таяниб хабар қилишича, газ қазиб олишга оид бир нечта саноат объектлари нишонга олинган. Ҳокимият аҳолини ҳужум қилинган объектлар яқинига бормасликдан огоҳлантирди.

Эрон давлат телевидениеси маълумотига кўра, Форс кўрфазидаги йирик газ конида жойлашган қазиб олиш ускунаси авиация зарбалари натижасида шикастланган ва ёнғин чиққан. Ёнғин жойига ўт ўчириш гуруҳлари юборилган.

Асалуйе яқинида Эрон Қатар билан бўлишадиган, дунёдаги энг йирик газ кони ҳисобланган “Жанубий Парс” жойлашган. Бу ҳудуд Эрон энергетикаси учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга бўлиб, мамлакат ички газ таъминотининг тахминан 70 фоизини таъминлайди. Эронда қазиб олинадиган табиий газнинг деярли барчаси ички истеъмол учун мўлжалланган.

Эрон ўзининг газ саноатига зарбалар берилганидан сўнг “тажовуз манбаи”га қаттиқ зарба бериш, шунингдек, ҳужумлар амалга оширилган ҳудудлардан келиб чиққан давлатларнинг “ёнилғи, энергетика ва газ инфратузилмаси”га ҳужум қилиш билан таҳдид қилди. Эрон давлат телевидениеси “қонуний нишонлар” рўйхатини эълон қилди, унга Саудия Арабистони, Қатар ва Бирлашган Араб Амирликларининг нефт-газ объектлари киритилган. Уларга “яқин соатлар ичида” ҳужум қилиниши режалаштирилгани айтилди.

Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси (ИИМК) қўмондонлиги маълум қилишича, чекланган тўқнашувлар даври тугаган ва уруш “кенг қамровли иқтисодий уруш” томон оғган. Қўмондонлик буни Эроннинг фуқаровий ва ҳаётий муҳим инфратузилмасига ҳужум қилингани билан изоҳлаган.

Эроннинг нефт саноати асосан Хузистон вилоятида жамланган. Нефт сотиш Эрон раҳбарияти учун асосий даромад манбаи ҳисобланади, унинг энг йирик, гарчи норасмий харидори бўлиб, ҳануз Хитой қолмоқда.

Германия ташқи ишлар вазири Йоханн Вадефул Эрон билан уруш кенгайиши ва унинг глобал оқибатлари хавфидан огоҳлантирди. Уруш, Берлинда баёнот берилишича, “нафақат ушбу минтақани, балки бутун дунёни энг чуқур инқирозга гирифтор қилиши мумкин бўлган ҳақиқий кескинлашув салоҳиятига эга”.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид