Спорт | 21:18 / 30.03.2026
1249
3 дақиқада ўқилади

Фигурист Иля Малинин қаторасига учинчи марта жаҳон чемпиони бўлди

Олимпиада ўйинларининг асосий омадсизларидан бири жаҳон чемпионатида ўз маҳоратини яна бир бор исботлади.

Фото: Getty images

Фигурали учиш бўйича спортчи Иля Малинин учинчи марта жаҳон чемпионатида олтин медални қўлга киритди - қишки Олимпия ўйинларидаги муваффақиятсиз иштирокидан бир ой ўтиб.

Малинин Прага (Чехия) турнири давомида тўлиқ етакчилик қилди ва япониялик рақиби Юму Кагиямани 22,73 баллга ортда қолдириб, чемпионликни ишончли тарзда қўлга киритди. Эркин дастур якунига кўра бронза медалини Япониянинг яна бир вакили Шун Сато қўлга киритди.

«Бўлди, иш битди, - деди ғалабадан ҳаяжонга тушган Малинин. - Мен ихтиёрий дастурни муваффақиятсиз тугатишни кутган эдим ва аммо бу аниқлик билан амалга ошди».

Малинин иккита дастур натижаларига кўра 329,40 балл тўплади.

Малининнинг ихтиёрий дастури декабрь ойида Гран-при финалида ўрнатилган 238,24 балл билан рекордга етолмади, у ерда у еттита тўртталик сакрашни, шу жумладан тўртта акселни бажарган эди.

28 март куни беш марта тўртталик сакраш ғалаба қозониш учун етарли бўлди.

Иля Малинин шу йил февраль ойида Италиянинг Милан ва Кортина-д’Ампеццо шаҳарларида ўтган Олимпиада фигурли учиш мусобақасида сенсацион тарзда медалсиз қолган эди. У қисқа дастур якунларига кўра етакчи эди, аммо эркин дастур вақтида икки марта йиқилиб тушди. Оқибатда Малинин 8-ўринни эгаллади. Олтин медални Қозоғистон вакили Михаил Шайдоров қўлга киритди.

Иля Малинин 2004 йилда АҚШ Виржиния штатида, ўзбекистонлик фигурали учувчилар – Татяна Малинина ва Роман Скорняков оиласида туғилган. Унинг синглиси Елизавета ҳам фигурали учиш билан шуғулланади.

Татяна Малинина – 1999 йилда илк марта ўтказилган тўрт қитъа чемпионати олтин медали соҳибаси, ўша йилги Гран-при финали ғолибаси, 10 карра Ўзбекистон чемпиони (1993–2002), 2002 йилги қишки Олимпия ўйинлари иштирокчиси ҳисобланади. Роман Скорняков – икки карра Ўзбекистон чемпиони (1997, 2003) бўлиб, 1998 ва 2002 йилларда қишки Олимпия ўйинларида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид