Жамият | 08:15
1374
2 дақиқада ўқилади

Героинни сварка аппарати ичига яширган шахс ушланди

Хоразм вилоятининг Қўшкўпир туманида ўтказилган тезкор тадбирда пайвандлаш ускунаси ичига яширилган 1 кг 460 грамм героин ва 27 грамм опий аниқланди. Гиёҳвандлик моддаларини олиб келган шахс ушланиб, унга нисбатан жиноят иши қўзғатилди.

Фото: ДХХ

“Хавфсиз ва соғлом юрт” кенг қамровли тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Давлат хавфсизлик хизматининг Хоразм вилояти бўйича бошқармаси, божхона ҳамда ички ишлар органлари ҳамкорлигида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши тезкор тадбир ўтказилди.

Маълум қилинишича, туман марказидаги автотураргоҳда турган Самарқанд вилояти Ургут туманида яшовчи, 2001 йилда туғилган шахс холислар иштирокида текширилган. Текширув давомида унинг юк сумкасида бўлган темир пайвандлаш ускунаси (сварка аппарати) ичига хуфиёна тарзда 1 кг 460 грамм героин ва 27 грамм опий яширилгани аниқланган.

Дастлабки маълумотларга кўра, ушбу шахс мазкур гиёҳвандлик воситаларини муқаддам тожикистонлик наркосавдогарлардан олган. У уларни Хоразм вилоятидаги мижозларга сотиб, даромад топишни режалаштиргани айтилмоқда.

Ҳозирда унга нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Шунингдек, мазкур жиноятга алоқадор бошқа шахсларни аниқлаш бўйича тезкор-тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Давлат хавфсизлик хизмати фуқароларни шундай қонунбузилиш ҳолатларига дуч келганда 1520 қисқа рақами орқали хабар беришга чақирди. Қайд этилишича, мурожаат қилувчиларнинг шахси сир сақланиши кафолатланади.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид