Жамият | 09:00
5034
2 дақиқада ўқилади

Қалбаки ҳужжатлар орқали 2 млрд сўм ҚҚСни қайтариш схемаси аниқланди

Тошкент вилоятининг Чирчиқ шаҳрида тезкор тадбир давомида қалбаки ҳужжатлар орқали бюджетдан 2 млрд сўм қўшилган қиймат солиғини (ҚҚС) ноқонуний қайтаришга уриниш ҳолати фош этилди.

Фото: ДХХ

Давлат хавфсизлик хизмати ва Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ходимлари томонидан Навоий, Тошкент ва Андижон вилоятлари кесимида ўтказилган тезкор тадбирда бир нечта шахслар иштирокидаги жиноий схемага чек қўйилди.

Аниқланишича, Тошкент вилоятида фаолият юритувчи МЧЖнинг муқаддам судланган ходими Навоий вилоятидаги хусусий корхона иш бошқарувчисининг ишончига кириб, 2025–2026 йилларда гўёки 20 млрд сўмлик товар айланмаси амалга оширилгани ҳақида қалбаки ҳужжатлар тайёрлаш орқали 2 млрд сўм ҚҚСни қайтариб беришни ваъда қилган. У ушбу “хизмат” учун 340 млн сўм талаб қилган.

Маълум бўлишича, мазкур ноқонуний схемада унинг шериги — Андижон шаҳрида яшовчи якка тартибдаги тадбиркор асосий ролни бажарган. У таниш МЧЖ ва Навоий вилоятидаги хусусий корхона ўртасида сохта электрон шартнома тузиб, гўёки 18 млрд 670 млн сўмлик қурилиш-монтаж ишлари, транспорт хизматлари ва қурилиш материаллари етказиб берилгани ҳақида 10 та қалбаки электрон ҳисоб-фактура расмийлаштирган.

Натижада ушбу сохта ҳужжатлар асосида 2 млрд сўм ҚҚС маблағини қайтаришга эришилган.

Шундан сўнг талаб қилинган 340 млн сўм пул маблағини олиш жараёнида жиноий гуруҳнинг яна икки аъзоси — муқаддам бир неча маротаба судланган шахслар иштирок этган вақтда уларнинг ноқонуний ҳаракатларига чек қўйилди.

Терговга кўра, ушбу маблағ жиноий гуруҳ аъзолари ўртасида тақсимланиши режалаштирилган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан тўрт нафар фуқарога нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Шунингдек, ушбу схемада иштирок этган бўлиши мумкин бўлган солиқ идоралари ходимларини аниқлаш бўйича суриштирув ишлари давом этмоқда.

Отабек Матназаров
Тайёрлаган Отабек Матназаров
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид