Жаҳон | 21:55 / 11.05.2026
1944
5 дақиқада ўқилади

Инсоният сони назоратдами?

Интернетда йиллардан бери турли фаразлар айланади. Гўёки дунёдаги энг таъсирли кучлар аҳолини камайтиришни истайди. Айримлар COVID-19 пандемиясини табиий офат эмас, режалаштирилган дейди. Вакцинациялар орқали инсонларга таъсир ўтказилаётгани ҳақида ҳам даъволар бор. Озиқ-овқатга кимёвий моддалар қўшиб, микропластиклар аралаштириб ҳам касалликлар атай кўпайтирилаётгани айтилади. Урушлар ва геноцидлар эса миллионлаб инсоният ёстиғини қуритди. Бу ҳам одамлар кўплигидан зерикканларнинг ўйлаб топгани бўлиши мумкин. Бир қараганда ҳаммаси ишонарли гаплар. Лекин буларнинг ростлигини исботлаш керак. MAYDON’да яна бир катта мавзу қисқа дақиқаларда таҳлил қилинади.

Дунё аҳолиси биринчи миллиардга етиши учун минглаб йиллар керак бўлди. 123 йилдан кейинянабир миллиард. Қолган миллиардларга эса атиги ҳар 10-15 йилда эришилди. Ва бу кескин ўсиш жаҳон урушлари-ю, пандемиялар даврига тўғри келди.

Энг қизиғи эса XVIII аср олимлари агар одамзод бир миллиардга етса, дунёда очарчилик бошланади, деб бонг урган. Ундан ҳам ажабланарлиси – бугун дунё аҳолиси 8 млрддан ошди. Лекин энг ривожланган давлатлар энди озиқ-овқат етишмовчилиги эмас, инсонлар танқислигига дуч келмоқда. Қаҳатчиликми ёки камчилик?

Аҳоли сонининг кескин кўпайиши билан турли давлатлар турлича курашиб келган. Масалан, Хитойда 2015 йилгача “бир оила – бир фарзанд” сиёсати, Ҳиндистонда 1970-йиллардаги эркак ва аёлларни стерилизация қилиш компаниялари, Перуда 1990-йиллардаги аёллар розилигисиз қилинган стерилизациялар. Аммо булар кўпинча глобал даражада эмас, маълум давлатлардаги иқтисодий юкни камайтириш сиёсати сабаб қилинган.

Марказий Осиё давлатларида кенг қўлланадиган спирал қўллаш амалиёти ҳам аёллар саломатлиги ва оилани режалаштириш учунгина ихтиёрий қилиниши шарт. Мажбурий ҳолатларда бу инсон ҳуқуқларининг бузилиши дегани.

Шу билан бирга, инсониятнинг Ер ресурсларига босими ортиб бораётгани ҳам инкор этилмайди. Ҳозирги ҳисоб-китобларга кўра, инсонлар ҳар йили Ер тиклай оладиган манбалардан тахминан 1,7 баробар кўпроқ фойдаланмоқда. Бу эса йиллик захира одатда август ойларига бориб тугашини англатади — яъни қолган ойларда инсоният гўёки “қарзга яшайди”. Лекин шу ҳолатда ҳам бу билан очарчилик бўлади дейиш ноўрин.

Тан олиш керак, 20-асрда бутун дунёда яшаш нисбатан осонроқ бўлган. Чунки одамларнинг эҳтиёжлари камроқ, кундалик харажатлари саноқли бўлган. Экологик тангликлар ҳозиргидек бўлмаган, одамлар оилапарварроқ бўлишган. Қаноат, сабр, вафо каби тушунчалар сохталашмаган, кўз-кўз қилинмаган олтин даврлар. Яъни улар ҳозиргидек исрофгарчилик замонида яшамаган.

Бугунга келиб тиббиёт ривожланди, қариш секинлашди. Шаҳарлар сони ошиб, у ерларда фарзанд катта қиммат харажатга айланди. Аёллар ҳуқуқлари тобора мустаҳкамланди. Улар ҳам ўқиб, ишлай бошлади. Оилалар кечроқ қуриляпти. Ёлғиз яшаш хавотирли бўлмай қолди. Ажримлар, ҳомиладорликдан ҳимояланиш воситаларининг турлари кўпайди. Глобал дунёда турли оқимлар тарғиботи ҳам туғилишни секинлаштирди.

Ҳатто ўтган асрда жуда тез кўпайган Европа ва Японияга ўхшаган давлатларда ҳам энди туғишни рағбатлантирувчи давлат дастурлари бошланган. Аслида улар эски инсоний ўзликка қайтиш орқали натижага эришмоқчи. 

Бугун дунёда шундай давлатлар борки, у ерларда уруш йўқ, табиий офат йўқ, иқтисодий барқарор, яшаш учун ҳамма шароит бор. Лекин ичидан секин сўниш бошланган.

Масалан, Жанубий Кореяда бир аёлга бир фарзанд ҳам тўғри келмайди. Ҳар бир янги авлод олдингисидан қарийб икки бараварга кам. Агар шу ҳол ўзгармаса, аср охирига келиб аҳоли ярмидан ҳам камаяди.

Японияда ҳам шу аҳвол. Қишлоқлар бўшаб қоляпти. Ёшлар йўқ. Фақат қариялар қолган ҳудудлар бор. Европанинг юраги Италияда ҳам туғилиш даражаси паст. Уйлар эса эгасиз қоляпти. Болгария, Латвия, умуман санасак, бу рўйхат жуда узун. Ҳаммасида битта хатар – аҳоли сонининг камайиб бориши.

Бу давлатлар эртага йўқ бўлиб кетмайди. Лекин агар бу тенденция ўзгармаса, юз йил ичида улар бутунлай бошқа кўринишга келади. Бу инқирознинг энг оғир томони шундаки, у бир зумда эмас, секин-аста содир бўлади. Аввал болалар сони камаяди. Мактаблар ёпилади. Ишлаб чиқариш сусаяди. Кейин бутун ҳудудлар бўшаб қолади. Йўқ бўлиш шундай бошланади.

Аҳолини сақлаб қолиш учун оилаларда нечтадан фарзанд бўлиши керак? Қашшоқлик – серфарзандликми? Мавзуга оид шу каби қолган таҳлилларни тўлиқ шаклда MAYDON’да томоша қилинг!

Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид