Қўшимча функционаллар
-
Тунги кўриниш
“Коммерсант”: Россия Арманистонга газ етказиб беришни тўхтатиши мумкин
Россия Арманистоннинг Европа Иттифоқи билан яқинлашув сиёсати давом этса, Ереванга газ, нефт маҳсулотлари ва қайта ишланмаган олмосларни божсиз етказиб бериш бўйича келишувни бекор қилиши мумкин. Бу ҳақда “Коммерсант” нашри Россия энергетика вазири Сергей Цивилевнинг Арманистон ҳудудий бошқарув ва инфратузилмалар вазирлигига йўллаган хатига таяниб хабар берди.
Фото: РИА Новости
Маълум қилинишича, мазкур божсиз етказиб бериш режими 2013 йилдан буён амал қилиб келмоқда. Аммо Москва ҳозирда Арманистоннинг Европа Иттифоқи билан ҳамкорликни чуқурлаштиришга қаратилган қадамлари Россия–Арманистон савдо-иқтисодий муносабатларига таҳдид солаётганини таъкидламоқда.
“Коммерсант” келтирган иқтибосларга кўра, Россия томони Арманистоннинг ЕИга аъзо бўлиш истаги икки давлат ўртасидаги юқори даражадаги иқтисодий ва инвестицион ҳамкорликка салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигини билдирган.
2013 йилги келишувга мувофиқ, Россия Арманистонга ички истеъмол учун зарур ҳажмда газ ва нефт маҳсулотларини экспорт божисиз етказиб келган. Шу билан бирга, ушбу маҳсулотларни учинчи давлатларга қайта экспорт қилиш тақиқланган.
Нашр маълумотига кўра, Арманистон ҳозирда Россия газига деярли тўлиқ боғлиқ бўлиб, нефт маҳсулотларининг асосий қисми ҳам Россиядан импорт қилинади.
Шу куни Россия Давлат думаси вице-спикери Пётр Толстой ҳам Арманистон Россиянинг стратегик иттифоқчиси мақомини йўқотса, арман фуқаролари учун Россиядаги имтиёзли меҳнат ва яшаш тартиблари бекор қилиниши мумкинлигини айтган.
Аввалроқ Россия Арманистондан айрим маҳсулотлар — жумладан, вино, коньяк, сабзавот, мева ва гуллар импортига чекловлар киритган эди. Россия президенти Владимир Путин эса Ереван Европа Иттифоқи ёки Евросиё иқтисодий иттифоқи ўртасида танлов қилиши кераклигини билдирган.