Ўзбекистон | 22:20 / 25.01.2021
92298
14 дақиқада ўқилади

Трампнинг Қарши-Хонобод ҳарбий базасида хизмат ўтаган АҚШ фахрийлари бўйича фармони нимани англатади?  

2001-2005 йилларда Афғонистон аксилтеррор кампаниясида иштирок этиш учун Ўзбекистон ҳаво, суви ва еридан тобланган 15 минг 777 нафар америкалик ҳарбий хизматчининг 75 фоизи, яъни 11 минг 832 нафари саратон ва бошқа касалликларни орттирган. Табиатан тобланган Ўзбекистоннинг маҳаллий аҳолисичи?

Фото: Johnny Lee

АҚШнинг 45-президенти Дональд Трамп лавозимидан кетишидан бир кун аввал, 2021 йил 19 январда Ўзбекистонга алоқадор бир ҳужжатга имзо чекди. Ижро учун шарт ҳисобланувчи президент ваколатлари доирасида қабул қилинган, ҳозирда архивга тушган, Трамп даври маълумотлари вебсаҳифасидаги фармон тўлиқ шаклда «Ўзбекистонда хизматни ўтаган фахрийларга васийлик қилиш тўғрисида» деб номланади.

Унда Д.Трамп Қўшма Штатларда бу масала бўйича шуғулланувчи, масъул ва алоҳида идоралар – Фахрийлар масалалари вазирлиги ва Мудофаа вазирлигига Ўзбекистоннинг Қарши-Хонобод аэродромида махсус ҳарбий хизматни ўтаган ўз аскарларини жанговар амалиётлар ўчоғида иштирок этиб қайтган уруш фахрийлари мақомига тенглаштириш АҚШ юридик ҳужжатлари ва қонунчилиги бўйича нақадар мувофиқ эканлигини кўриб чиқиш вазифаси юклатилган.

Шунингдек, унда буйруқ қабул қилинган кундан бошлаб 365 кун мобайнида АҚШ Мудофаа вазирлигига Америка Қуролли кучлари аъзолари жойлаштирилган Ўзбекистондаги база атроф-муҳити туфайли сафарбар этилганларнинг токсик таъсирланишларига доир масалалар бўйича синчковлик билан суриштирув ўтказиш, тадқиқот хулоса ва натижалари умумлаштирилган ҳисоботни эса Фахрийлар масалалари вазирлиги орқали президентга тақдим этиш топшириғи қўйилган.

Қарши-Хонобод ҳарбий базаси

Ўрганиш бўйича ҳисобот ўз ичига қуйидаги икки асосий жиҳатни қамраб олиши лозимлиги белгиланган:

1) 2001 йил 1 октябрдан то 2005 йилнинг 31 декабрига қадар бўлган даврда авиабазадаги шароитга батафсил баҳо бериш, шу жумладан, ушбу даврда ҳаво базасини ифлослантирган ҳар қандай токсик моддаларни аниқлаш, токсик моддаларнинг аниқ жойлари ва таъсир қилишнинг яқин, ўрта, узоқ муддатлари, токсик моддаларга дучор бўлган ҳарбий хизматчилар ва уларнинг ҳолатларини ўрганиш.

2) Зикр этилган даврда соғлиқ учун зарар асоратларини эпидемиологик нуқтаи назардан пухта ўрганиш, орттириш тахмин қилинувчи хасталиклар ташхисига айнан ҳарбий хизмат ва унинг муҳити сабаб бўлган ёхуд бўлмаганини илмий асосланган ҳолда аниқлаш мақсад қилиб кўрсатилган.

Маълумот учун, америкаликлар К-2 («кей-ту») деб атовчи Қарши-Хонобод ҳарбий инфратузилмаси 2001 йил 11 сентябр воқеаларидан кейин Афғонистонда аксилтеррор ҳаракатларини амалга ошириш учун Вашингтон бошчилигидаги халқаро коалиция кучларига операция ўтказиладиган муддатга берилганди.

Ҳатто президент кичик Жорж Буш глобал «Маҳв этилмас озодлик» ҳарбий операциясини бошлашидан икки кун аввал 2001 йил 5 октябрда муҳим келишувларга эришиш ҳамда ўзбек томонининг ҳал қилувчи розилигини олиш мақсадида АҚШ Мудофаа вазири Дональд Рамсфельд шошилинч равишда Ўзбекистонга ташриф буюриб, Ислом Каримов билан учрашади.

Яқин-яқинларгача ўзбекистонликлар учун ҳам номаълум бўлган ушбу аэродром 1954 йилда ишга туширилиб, ундан Корея уруши (1950-1954)дан кейин ва совет-афғон (1979-1989) ҳарбий амалиётлари давомида фаол фойдаланилган.

Хўш, сиёсий қараш ва фуқаролик мавқелари бўйича парчаланган мамлакатни ортида қолдирар экан, Дональд Трамп К-2 фахрийлари устидан ғамхўрлик қилишга қандай фурсат топди? Бу масала аслида анчадан бери пишиб етилаётган эди.

Бунга авваламбор, 2019 йил декабрда Вашингтонда чоп этилувчи таъсирли McClatchy нашрида чоп этилган Ўзбекистон ер, сув ва ҳавосидан тобланиб, замон зайли билан хизматини ўташга тўғри келган камида 61 эркак ва аёл америкалик ҳарбий хизматчининг сирли равишда саратон касалига мубтало бўлгани ёки вафот этгани ҳақидаги суриштирув туртки бўлади.

Фото: Tony Harris

Мақолада ушбу миссия махфий бўлгани боис махсус хизмат сафидагилар бу статистикага киритилмай қолиб кетгани, аслида вазият анча мудҳиш бўлиши мумкинлигига ишора қилинади. Шунингдек, унда келтирилишича, Афғонистондаги операцияларни кечиктириб бўлмаслиги боис, ухлаш, овқатланиш, ювиниш ва ишлаш учун чодирлар шаклида барпо қилинган ҳарбий лагерь заҳарланган хавфли замин устига қурилган.

Пентагон томонидан хавфли зона сифатида тавсифланган жой ён-атрофида 1993 йилда портлаш содир бўлган аслаҳа сақлаш омборхонаси, 1-3 метр қазиса ҳам қора шилимшиқ авиаёнилғи чиқувчи ташландиқ хандақлар, абгор ҳолатдаги ҳаво учоқларига техник хизмат кўрсатиш устахонаси ҳамда кимёвий чиқиндилардан яшил тусни олиб товланиб қўланса ҳид таралувчи кўлмак ҳовуз ҳам мавжуд бўлган. Охирги объект 1987 йилдаги АҚШ разведка картографик суратларида тасмаланган бўлган. Шунингдек, совет аслаҳа зарядларини яксон қилиш натижасида асбест ва фаоллиги паст даражадаги радиоактив уран билан бойитилган ҳажми катта бўлмаган зарарланган ер сатҳи бўлган. 

Жой муайян вақт кенгайтирилиб, хавфли, деб ҳисобланган ер ва буғ чиқувчи сатҳларга янги тупроқ ва шағаллар ётқизилган, жойни эпақага келтириб тозалаш учун 8 ой вақт кетган. Аммо аскарлар дўнгалаклар ичида ўзларини аквариумнинг ичида ётгандек ҳис этишган. Мавсумга қараб чанг-тўзонли гармсел, ёмғир ёққанида ҳарбий шаҳарчани сув босган, нурланиш ер остида бўлган.

Фото: Tony Harris

К-2 фахрийларни таажжубга солаётган нарса Қарши-Хонобод радиациядан нурланган ҳудуд эканлиги ҳақида Пентагон 2001 йилнинг октябридаёқ хабардор бўлган. Ўшанда шаҳарчани АҚШ кучлари келиши учун тайёрлашда иштирок этган ўзбек ишчилари ҳам бирин-кетин касал бўлиб қолишгандан сўнг, АҚШ Марказий қўмондонлиги базадаги хавф-хатарларга тегишли баҳо бериш учун ўз текширувини ўтказиб, «аэродром жойлашган заминнинг ифлосланиши у ерга жойлаштирилган АҚШ кучлари соғлиғи учун хавф туғдиради», деб қайд этган.

Бошқа бир ҳужжатда «бу жойни ахлатхона, деб аташ чиқиндихоналарга нисбатан ҳақоратомуз калом бўлиб ҳисобланган бўлар эди», дейилган киноя билан. Бундан ташқари Американинг ақчасига ичидан зил кетган шўро даври базасининг ташландиқ ангарида ин қуриб олган минглаб заҳарли илонларни тозалашдан бошланиб, сўнгра у гавжум ҳарбий-гуманитар нуқтага айлантирилган.

Аммо, шу билан бирга 2002 йилда К-2га сафарбар этилиб, 2009 йилда буйрак саратонига чалинган захирадаги капитан Кен Ричардснинг сўзларига кўра, 11 сентябр воқеаларига зудлик билан жавоб бериш учун ўша кезлари АҚШ ихтиёрида бошқа кам яхши имкониятлар мавжуд бўлган. Ўзбек томони тақдим этган яхши сабаблардан бири хавфсизлик бўйича ҳеч қачон муаммо бўлмаган.

Шунингдек, McClatchy суриштирувида саратонга чалиниб, даволаниш учун тегишли ҳужжатларини тахлай олмай жони ҳалак бўлган марҳум катта сержант Жеффри Скиннер тақдири ҳақида тўхталади. У даволаниш учун Фахрийлар масалалари вазирлигининг тиббий ёрдам имтиёзларини олиш ва уларнинг хизмати зарарли бўлганига ишонтириш учун Мудофаа вазирлигидан архив ҳужжатларини сўраган бўлади. Аммо унинг мурожаатлари жавобсиз ва ечимсиз қолиб 2017 йилда оламдан ўтади.

Бирин-кетин сафлари тораяётган фахрийлар доим алоқада бўлиб туриш ва маълумотларни тизимлаштириш мақсадида Фейсбукда ўзларининг «К-2 Қарши-Хонобод Ўзбекистон радиация ва токсик нурланишлар» номли ёпиқ гуруҳини очишади. Ҳозирда унга 4,7 минг киши аъзо. Фаоллар ўз ҳарбий қисмларининг номи билан аталувчи «Озодлик қалъаси» жамғармасини ишга туширишади. Унга кўра базада ҳар доим 1300 нафардан кам бўлмаган ҳарбий хизматчилар бўлган, 2001-2005 йй. мобайнида эса ротация бўйича 10,100 дан 15,777 гача АҚШ қўшинлари келиб кетган.

Кейинчалик АҚШ Конгрессида гувоҳ сифатида сўзга чиққан, саратонга чалиниб, ушбу Фейсбук гуруҳини юритаётган Пол Вайднер McClatchy’га берган интервьюсида Фейсбук гуруҳига аъзо бўлишни истамаган ҳарбийлар ҳам борлигини айтган. Унинг сўзларига кўра, «у дафн маросимларига бормай қўйган, чунки уларнинг миқдори ҳаддан зиёд ошиб кетган».

Бу хабарларни ўқиб ва икки вазирликнинг совуққонлигидан сочи тикка бўлган АҚШ Конгрессининг Назорат ва ислоҳот қўмитаси раисаси Кэролин Мэлони ва Миллий хавфсизлик остқўмитаси раиси Стивен Линч 2020 йил январда ўз суриштирувларини бошлаб, Фахрийлар ва Мудофаа вазирликларига мавзуга дахлдор барча махфий ва номахфий ҳужжатларни 10 кун ичида тақдим этишларини сўраб сўровнома жўнатади. Лекин ҳеч қайси идора бу вақтнинг ичида маълумотларни тақдим этмайди.  

Конгрессменлар 2020 йил 27 февралда Хонободда хизмат қилиб қайтган, саратонга чалиниб, ҳозирда тегишли тиббий ёрдам ололмай сарсон бўлаётган ҳарбийлар иштирокидаги эшитувни ташкил этади. Унда сўзга чиққан катта сержант Пол Вайднер, Ўзбекисонда 2001-2005 йиллар мобайнида 5 маротаба жами 22 ой бўлганини, саратонга чалинганлар 61 эмас, унда 2019 йил декабр ҳолатига кўра 400 нафар ҳарбий хизматчининг рўйхати борлигини, ҳарбий раҳбарият токсик моддаларнинг мавжудлигини била туриб, тегишли ҳимоя воситалари на тавсия этилиб, на берилганини маълум қилади.

Қонун чиқарувчилар март ойида фахрийларнинг аҳволи оғирлигини эслатиб, жавобни тезлаштириш бўйича иккала вазирликка яна хат жўнатишади. Апрел ойида Фахрийлар вазирлиги вебсайтида К-2 тўғрисида маълумот саҳифасини очгани, масалани ўрганиб чиқаётганини маълум қилади. Ҳозирча ягона илмий асосланган манба 2015 йилда АҚШ Қуролли кучлари тиббий журналида чоп этилган мақолада К-2да хизмат қилганлар Жанубий Кореяда хизмат қилганлардан кўра 5.6 гача кўп маротаба турли онкологик касалликларга мойилдирлар. Жадвалда (72 б.) келтирилган 20 га яқин онкологик хасталиклар Вьетнам урушида қўлланилган «Оранж» реагенти қурбонлари орттирган лейкоз, лимфогранулематоз ва ҳ.к. касалликларга ўхшаш дардга дучор бўлишган.

Мудофаа вазирлигининг кўп варақли 10 дан ортиқ ёпиқ ҳужжатлари фақат 2020 й. ёзга келиб жамоатчиликка биринчи бор эълон қилинади. Унда ҳақиқатда ҳарбий хизматчилар радиация ва токсик заҳарланишга мойил муҳитга рўбарў келганлари илк бор тан олинади.

Конгресс 2020 йил 18 ноябрда энди икки вазирлик мутасаддилари иштирокидаги иккинчи эшитувини уюштиради. Бу учрашувда Мудофаа вазирлиги вакили ҳарбий хизматчиларнинг сони сўнгги ҳисоб-китобларга кўра 15,777 нафар бўлганини тасдиқлайди. Ўша ҳафтада Ўзбекистон делегацияси АҚШда бўлиб турган кунлари эди.

К-2 иқлими ноқулай бўлган ҳудудлар реестрига киритилмагани боис юзлаб, балки минглаб ҳарбий хизматчилар ўз вақтида тегишли тиббий хизматдан баҳраманд бўла олмай азият чекканлар. Мазкур масала Қўшма Штатлардаги вақти-вақти билан ҳукмрон бўлувчи ҳам республикачилар, ҳам демократлар муштарак фикрга кела олган ноёб ҳужжатлардан биридир. Бу фикрни қўллаб-қувватлаб 20 дан ортиқ фахрий ҳарбий ташкилотларни бирлаштирувчи Америка ҳарбийлари орасида токсик таъсир (TEAM) консорциуми ҳам конгрессмен ва сенаторларга қўшма мактубини жўнатади.

Декабрга келиб ва ниҳоят бюджет сарф-харажатлари қатъий назорат қилинувчи 2021 йилги АҚШ Миллий мудофаа бюджети бандларига айнан президент Трамп фармони матнида келтирилган пухта тадқиқот ўтказиш масаласи киритилиб, унга фақат битта қўшимча жумла Ўзбекистон Афғонистон ва Ироқ билан бир қаторда турувчи очиқ ҳавода чиқиндиларни ёқишдан зарарланиш давлатлари реестрига қўшилган.

Умуман олганда, Рэнд «ақл марказ»ида чоп этилган таҳлилий мақолага кўра, албатта Қарши-Хонобод Қўшма Штатларнинг биринчи танлови бўлмаган. Аммо Ўзбекистон ўзининг ҳеч қайси фуқаро авиацияси бандаргоҳида ҳарбийлар ҳозир бўлишига йўл қўймаслигини жуда истаган. 2005 й. Ўзбекистон томони АҚШнинг Тошкентдаги Элчихонасига дипломатик нота юбориш орқали Хонободдаги америкаликларга 180 кун давомида мамлакат ҳудудини лутфан тарк этишларини сўрайди. Ўшанда Германия ҳам Термиздаги ҳарбий имкониятлардан фойдаланиб турган вақтлар эди, аммо негадир немис тарафига бундай талаб қўйилмайди. Бунга асосий сабаб Андижон воқеаларидан сўнг Қирғизистонга қочиб ўтган 450 нафар ўзбекистонликни АҚШ томони махсус рейс билан Руминияга учиртириб юборгани бўлади. Вашингтон ҳам объектдан фойдалангани учун тўлаши режалаштирилган ижара ҳақни тўлашни тўхтатиб қўяди.  

Парчалангандан кейин ҳам ҳудуди бўйича дунёда биринчи ўринда турувчи ва экологик масалалар кун тартибида умуман бўлмаган совет ҳукуматининг яроқсиз қурол-аслаҳаларни ерга кўмиш анъанаси илк бора учрамаяпти. Иккинчи жаҳон урушида панароқ жойга – Қозоғистон ва Ўзбекистоннинг энди Оролқумга айланиб бўлган Орол денгизидаги «Возрождение» оролига ҳарбий биокимёвий полигон кўчиртириб олиб келинган. 1992 йилда ташландиқ қолдиқлар кўмилиб, ҳозирда у дунёдаги энг катта куйдирги қабристони ҳисобланади.

1995 йилда Россия Ўзбекистон томонига бу оролда қандай кимёвий ва биологик қуроллар синалгани ва кўмилганлиги тўғрисидаги ахборотни беришдан бош тортганидан сўнг, Тошкент АҚШ билан ҳамкорликда ушбу хавфли жойни зарарсизлантириш бўйича битимга имзо чекади. Фазогирлар каби махсус кийимларни кийиб тадқиқот олиб борган америкалик биолог мутахассисларга кўра, «вирус ҳали ҳам яшовчан ва уни бутунлай зарарсизлантириш ниҳоятда қимматга тушади». Матбуотда машҳур бўлган «Новичок» реагенти устидаги экспериментлар ҳам 1980-йилларда қисман Нукусдаги лабораторияда амалга оширилганига оид хабарлар матбуотда учраб туради.   

Забихулла Саипов
сиёсий фанлар номзоди, мустақил тадқиқотчи

Мавзуга оид