Ўзбекистон | 17:17 / 10.04.2023
18184
9 дақиқада ўқилади

Транспорт вазири – автобуслар интервали, паркомат, кўп қаватли автотураргоҳлар ва трамвай ҳақида

Тошкентда автобуслар интервали 3-4 дақиқа, пик вақтларда эса ҳатто 2 дақиқагача камайтирилади, деб ваъда берди транспорт вазири Илҳом Маҳкамов. У паркоматлар ташкил этиш кечикаётгани, кўп қаватли автотураргоҳлар қурилиши ва трамвайни қайтариш ҳақидаги саволларга ҳам жавоб берди.

8 апрел куни Тошкентга Хитойдан олиб келинган янги автобуслар тақдимоти бўлиб ўтди. Унда транспорт вазири Илҳом Маҳкамов ҳам қатнашиб, тадбир доирасида журналистлар саволларига жавоб берди. Бу ҳақда Kun.uz мухбири хабар бермоқда.

Вазирнинг сўзларига кўра, Хитойнинг “King Long” ва “Yutong” брендларидан сотиб олинаётган 12 метрли 300 та электробус, 12 метрли 500 та табиий газда юрадиган автобус ва 18 метрли 200 та табиий газда юрадиган автобус – жами мингта транспорт воситасининг умумий нархи – 210 млн доллар.

“Мингта автобуснинг нархи 210 млн долларга айланди. Апрел ойи якунланиши билан барча мингта автобусни Хитойдаги заводлар ишлаб чиқариб юборади. Бугунги кунда мингта автобусдан 592 таси заводлардан чиқиб кетган, йўлда келяпти. Ҳозир 233 таси Тошкент шаҳрига келган. 20 апрелгача барчаси заводлардан чиқиб кетади. Хитой ва Қозоғистон чегараларидаги тирбандлик ҳисобига, автобусларнинг йўлда келишига 10-12 кун кетмоқда”, – деди Илҳом Маҳкамов.

— Автобуслар учун алоҳида ҳаракат бўлаклари ташкил этилди, лекин бу бўлаклар пластик ёки темир тўсиқлар билан ажратилмаган. Шунинг учун ҳам ҳайдовчилар орасида қоидабузарлик ёки автобусларнинг тирбандликда қолиб кетиши кузатиляпти. Келгусида бу йўлакларни жисмоний тўсиқлар билан ажратиш бўйича режалар борми?

— Йўл ҳаракати қоидаларида узлуксиз чизиқ бор, буни босиб ўтганларга нисбатан жарима мавжуд. Ҳозир ҳар бир автобусга махсус регистраторлар қўйилади. Автобуслар ўша махсус йўлакларда ҳаракатланаётганда йўлини тўсиб қўйган, мумкин бўлмаган жойни автотураргоҳга айлантирган автомобилларнинг ҳаммасини фиксация қилади, маълумотлар ЙҲХББга юборилади. Бу жараёнда энг самарали жазо бу – жарима. Икки марта жарима тўлаганидан кейин қоидабузарлик қилмасликка ҳаракат қилишади.

Айтганингиздек, буни алоҳида тўсиқ билан ажратиш учун алоҳида катта инфратузилма тузиш керак. Бу BRT (bus rapid transit – тезкор автобуслар тизими – таҳр.) бўлади. Жараёнда бекатларни мослаштириш, пиёдалар ўтиши учун алоҳида кўприклар ёки ерости ўтиш йўлагини қуриш керак. Бугунги кунда биз тезкор ечимларни бериш билан шуғулланяпмиз. Бу инфратузилма устида ҳам Тошкент шаҳар ҳокимлиги, ИИВ, Транспорт вазирлиги ҳамкорликда лойиҳа офисини ташкил қилганмиз. Пойтахтда 34 та йирик коридор бўлса, мана шу лойиҳа офиси билан биргаликда 13 та коридорни танлаб олдик. 2023 йилда 13 та коридорнинг ҳаммасида чорраҳадан ўтувчилик қобилияти, ўнг тарафга кетиш, йўлларда жамоат транспортига устуворлик бериш бўйича ишланяпти.

Ҳозирги кунда Тошкент шаҳрида 1 100 та автобус ҳаракатланмоқда. Ундан 460 таси кичик сиғимли Isuzu ҳисобланади. Айни вақтда фойдаланилаётган МАN ва Mercedes-Benz автобуслари билан бирга, қўшимча равишда мингта катта сиғимли автобуслар ҳам олиб келиняпти, шуларнинг ҳаммасини қўшганда жами 1 900 та катта сиғимли автобус хизмат қилишни бошлайди. Шунинг 200 таси 18 метрли автобуслар ҳисобланади. Албатта, бу тиқилинчни камайтиради, интервалларни 3-4 дақиқага қисқартиради. “Час-пик” вақтларида оралиқ интервалларни 2 дақиқага ҳам олиб борамиз.

Мингта автобусни биттада сотиб олишимиз яхши сиёсат бўлди. Мингта автобус келгач, ягона вазифамиз йўллардаги инфратузилмани яхшилаш бўлиб қолади.

— Президентнинг 59-сонли қарорига кўра, 1 апрелдан жамоат транспорти учун янги, мослашувчан тарифлар жорий этилиши, йўлкираларнинг нархи ўзгариши керак эди. Нима сабаб бу амалиёт кечикмоқда? Ҳозир лойиҳа қайси босқичда?

— Бу кечиккани йўқ. Автобуслар келганидан кейин, бунинг норматив бўйича ўтиш йўллари бор. Шундан кейин, йўлкиранинг таннархи чиқади.Таннарх аниқланганидан кейин биз буларни оммага эълон қиламиз. Мана шу жараёнлари билан тарифнинг ўзгариши 15 май санасига тўғри келади. 15 майдан янги тарифлар жорий этилади.

— Пулли паркоматларга ҳам тўхталиб ўтсак. Президент томонидан имзоланган 111-сонли қарорда бу тизим ўтган йили ноябрь ойида жорий этилиши белгиланган. Бу борада 10 та кўчанинг номи ҳам эълон қилинганди. Нега бу ҳам кечикмоқда? Ҳозир қайси босқичда? Қачондан уларни ўрнатиш бошланади?

— Албатта, бу паркоматлар бўйича лойиҳа ишлари ҳам амалга оширилди. Бунда кўчаларнинг ўтказувчанлик қобилияти тушиб кетиши керак эмас. Шуларни ҳисобга олган ҳолда, лойиҳавий ишлар тугатилди. Паркоматларни ташкил этиш тўғридан тўғри битта ташкилотга берилмасдан, тендер асосида ташкилотларга тарқатилади – талабгорлар жуда кўп. Май ойида тендер эълон қилинади.

— Мавзудан четлашмаган ҳолда яна бир саволга жавоб берсангиз. 59-сонли қарорда кўп қаватли автотураргоҳлар ҳақида ҳам маълумот берилган. Қарор 16 февралда қабул қилинган бўлса, адашмасам, 1 ой муддатда лойиҳа ишлаб чиқилиб, Вазирлар Маҳкамасига киритилиши керак эди. Муддат ўтиб бўлди. Нима бўлди шу? Лойиҳа ҳақида дастлабки маълумотларни очиқлай оласизми? Тошкентнинг қайси ҳудудларида шундай автотураргоҳлар қурилиши режа қилинмоқда? Жойлар танландими?

— Марказдан асосан 4 та йирик ҳудуд ташланган. Қарор чиққанидан кейин, батафсилроқ муҳокама қилганимиз мақсадга мувофиқ бўлади. Асосий идеология шундаки, атрофида “парковка”га имконияти йўқ бўлган жойлар ёки одамлар ва шахсий транспортлар кўп йиғиладиган манзилларга жойлаштириляпти. 5 ёки 7 қаватли автотураргоҳлар бўлади, пастки икки қаватини еростига киргизишга ҳаракат қилиб кўрамиз. Бу жуда ҳам мукаммал ишлаб чиқилиши лозим, чунки инжинерлик-коммуникациялар ўтган жойлар бор. Бу – лойиҳачилар билан ишланадиган, талаб қилинадиган масалалар.

Лекин манзилларимиз ҳам, қарор лойиҳаси ҳам тайёр. Шу кунларда буни Вазирлар Маҳкамасига киритамиз. Вазирлар Маҳкамасининг қарори бўлиб чиқади.

— Метрода қандай ечимлар қилиняпти? У ерда ҳам тиқилинчлик юқори. Бекатлар, поездлар сони кўпайса ҳам, муаммо сақланиб турибди.

— Сабаби, одамларнинг мобиллиги ошяпти. Ечим сифатида йўлларни кенгайтириш – хато. Йўллар устида кўприклар қуриш ҳам самарали ечим эмас. Битта чорраҳанинг масаласини ечганингиз билан, тирбандликни кейинги чорраҳаларга кўчирасиз.

Биз шаҳар ҳокимлиги ва ИИВ билан Тошкент шаҳрининг транспорт макромоделини ишлаб чиқдик – бу биринчи марта қилинган нарса. 2 йил олдин ҳурматли президентимиз Тошкент шаҳрининг бош режасини қилишга топшириқ бергандилар. Биз Туркия ва Россия Федерацияси мутахассисларини олиб келиб, 2 йил давомида таҳлил қилиб, йўловчилар оқимини ўрганиб, макромоделни ишлаб чиқдик.

Бу – 1-2 кунда жорий этиладиган нарса эмас. Бу – бутун Тошкентдаги 34 та коридорни чорраҳама-чорраҳа ҳар битта кўчасини умуман қайта кўриб чиқиш керак бўлган концепция. Ҳозирда бу деталли лойиҳалаштиришга берилади. Кейинроқ бу бўйича алоҳида брифинг ҳам, жуда батафсил тушунтириб берамиз.

Брутто-шартнома тизимига қачон ўтилади? Шу орқали автобус ҳайдовчилари учун “план” бекор қилинган бўларди.

— Тўппа-тўғри. Бизга фақат янги автобус сотиб олиш эмас, эски тизимдан воз кечиб, янгисига ўтиш вазифаси ҳам юклатилган. 15 апрелдан бошлаб брутто-шартнома учун биринчи тендерлар бошланади. 167 та йўналиш ташкил қилинган, хорижий мутахассислар билан шу йўналишлар учун тендерлар ўтказамиз. 15 майдан шаҳардаги жамоат транспортлари фақат брутто-шартномада ишлашни бошлайди.

— Трамвайни қайтариш режаси йўқми?

— Энди, битта нарсани айтиш керак... Мана, ўзинглар дренаж масаласини кўтардинглар, метродаги, йўллардаги тирбандликларни айтяпсизлар. Ҳозир бизга мутахассислар энг катта ечимини айтяпти: “Ишни Янги Тошкент билан эски Тошкентни боғлайдиган трамвай йўлидан бошланглар; ҳозир Тошкент шаҳрининг ичига трамвай қуришни киритганинглар билан, биз каттароқ тирбандликка дуч келамиз”.

Трамвай юргандан кейин эмас, қурилиши жараёнида тирбандликлар келиб чиқади. Бу жуда катта вақтни талаб қилади. Шунинг учун мен ўйлайманки, яқин орада Янги Тошкент билан эски Тошкентни боғлайдиган трамвай лойиҳасини президентимизга тақдимот қиламиз.

— Қўйлиқ-Сергели йўналишида метро бекатлари қурилишининг охирги босқичи қолганди. Ҳозир синов жараёнлари кетмоқда. Қачондан аҳолига фойдаланиш учун топширилади?

— 25 апрелдан 5 та станцияни ишга туширамиз. Яъни 7-бекат Қўйлиқдан 12-бекатгача. 3 та бекатда ҳали қурилиш кетяпти.

Рақамлар билан номланган метро бекатларига ном танлаш масаласини 18 апрелгача овозга қўйдик. Бекатлар номларини халқнинг ўзи танлайди.

Дилшода Шомирзаева тайёрлади. 

Мавзуга оид