Жаҳон | 11:53 / 22.06.2024
6848
3 дақиқада ўқилади

WP: АҚШ Киевга Россия аэродромларига Америка қуроллари билан ҳужум қилишга рухсат бермади

Оқ уй Украинага УҚКга берилган қуролларни Россия ҳудудига 100 км масофагача ишлатишга рухсат берди. Бу АҚШ рухсатномаси Россия Федерациясидаги муҳим аэродромларга тааллуқли эмаслигини англатади, деб ёзади The Washington Post.

Фото: AP

АҚШ Украинага УҚКга берилган Америка қуролларидан Россияга чегарадан 100 кмгача бўлган масофада зарба бериш учун фойдаланишга рухсат берди. Бу ҳақда 21 июн, жума куни The Washington Post (WP) газетаси Украина расмийларига таяниб хабар берди. Шу тариқа, суҳбатдошларнинг айтишича, рухсатнома Россиядаги асосий аэродромларга тааллуқли эмас

Нашр Украина Мудофаа вазирлигининг исми ошкор этилмаган вакили сўзларидан иқтибос келтиради, у Украина қуролли кучлари Россиядаги ҳарбий объектларга АҚШ қуроллари билан зарба беришга рухсат олгани, бу «вазиятни аниқ ўзгартириши», аммо «масофа ҳам, қурол тоифаси ҳам етарли эмас»лигини айтиб ўтди. WP билан суҳбатлашган америкалик расмийлар бундай чеклов мавжудлигини рад этишмоқда. Бироқ улар Украина ҳарбийларига АҚШ қуроллари билан зарба йўллашда рухсат берилган масофага аниқлик киритмаган.

«Қўшма Штатлар Украинага Россия қўшинлари Украина ҳудудини эгаллаб олишга уринаётган ҳар қандай жойда АҚШ томонидан тақдим этилган қуролларни қўллашга розилик берди», деб тушунтирди Пентагон вакили майор Чарли Дитц. Унинг қўшимча қилишича, Киевга Россия самолётлари «Украина ҳаво ҳудудидаги нишонларга ўт очишни режалаштирган бўлса», АҚШ томонидан тақдим этилган ҳаво мудофаа тизимларидан фойдаланишга рухсат берилган. 

Украина ҳарбийлари ҳаракат қилишда эркин эмас 

Ўз навбатида, АҚШ президентининг миллий хавфсизлик бўйича маслаҳатчиси Жейк Салливан «бу география масаласи эмас, балки соғлом фикр» экани, Украинага «четдан ҳужум қиладиган кучларга жавоб қайтаришга» рухсат берилганини айтди. Бироқ, Украина ҳарбийлари «Пентагон ва Оқ уй баёнотларида кўрсатилган ҳаракатлар эркинлигига» эга эканлигига шубҳа қилмоқда, деб ёзади WP. 

Россия армиясининг Украинанинг Харкив вилоятига ҳужуми фонида АҚШ, Германия ва бошқа бир қатор давлатлар Киевга Россия Федерацияси ҳудудидаги ҳужумлар учун ўзига етказиб берилган қуроллардан фойдаланишга рухсат берди. Оқ уйнинг таъкидлашича, Вашингтон Россия ҳудудига узоқ масофали ATACMS ракеталарини қўллашни тақиқлаш бўйича позициясини ўзгартирмаган. Германия канцлери Олаф Шолц айтишича, қуроллар йирик шаҳарларни ҳимоя қилиш учун мўлжалланган ва улардан халқаро қонунларга мувофиқ фойдаланилади, шунинг учун бу қадам кескинлашувга олиб келмаслиги керак. 

Россия президенти Владимир Путин узоқ масофали қуроллар Россияга чуқур зарбалар бериш учун Украинага узатилса, Москва ассиметрик жавоб бериши мумкинлигидан огоҳлантирди. Унинг сўзларига кўра, Москва бошқа нарсалар қаторида «Россияга қарши шундай қилаётган мамлакатларнинг нозик нишонларига ҳужумлар уюштириладиган дунё минтақаларига» қурол етказиб беришни бошлаши мумкин. Украинанинг Россия ҳудудига берган зарбалари «агрессияга яқин», деди Путин. 

Мавзуга оид