17:15 / 11.05.2024
21234

Магистратурада ўқимай Британияда PhD’га қабул қилинган қиз – ўзбекнинг 23 ёшли Денгизи саратонни тадқиқ қиляпти

“Болалигимда барбилар ўрнига анатомик фигуралар билан ўйнаганман, эртаклар ўрнига тиббий журнал ўқиб беришган. Бакалавриатдаги тадқиқотларим сабаб Буюк Британияда магистратурада ўқимасдан докторантурага қабул қилиндим”, дейди Дениз Акин. У илмий иш ҳимоясидан кейин Ўзбекистонга қайтиб, ватанда туриб саратон касалликларига қарши курашмоқчи.

Дениз Акин айни пайтда 23 ёшда, у Тошкентда туғилиб ўсган. 2018 йилда Лондонга Брунел университетининг бакалавриат босқичи биотиббиёт ва генетика йўналишида ўқиш учун кетади. Ва шу даврдан унинг илм-фан дунёсига саёҳати бошланади.

Ўрганишдан чарчамайдиган Дениз университетдаги ўқишидан ташқари турли нуфузли ташкилотларда амалиёт ўташга ҳам вақт топади. У Ўзбекистонда Молекуляр тиббиёт ва ҳужайра технологиялари лабораторияси, Нобел фармацевтика, Республика Саратон марказида бир муддат ишлаб, амалиёт қилади. Туркияда Мёген генетик касалликлар ва диагностика марказида, Буюк Британияда эса GSKʼда (GlaxoSmithKline - инглиз фармацевтика компанияси) генетик токсикология соҳасида иш олиб боради.

Дениз ҳозирги кунда Бирлашган Қироллик – Уэлсдаги Суонси университетида саратонни эрта аниқлаш бўйича тадқиқот олиб боряпти. Унга эришган ютуқлари сабаб магистратурани ўқимасдан туриб докторантурада ўқиш имконияти берилган. Тадқиқотларини ҳимоя қилса, ватандошимиз Европанинг ривожланган давлатида тиббиёт ва соғлиқни сақлаш фанлари доктори (PhD) илмий даражасини олади.

Дениз “Микрофон қизларда” лойиҳасида ўзининг қандай қилиб тиббиётга қизиқиб қолгани, саратондан қўрқиш керак эмаслиги ҳақидаги муҳим маълумотлари билан бўлишди.

“Эртак китоблар ўрнига тиббий журналлар ўқиб беришган”

Мен Тошкент шаҳрида туғилиб ўсганман. Отамнинг миллати турк, у 90 йилларнинг бошларида иш учун бу ерга кўчиб келган ва Ўзбекистонда онам билан танишиб қолиб, оила қуришган.

Болалигим бошқаларники билан деярли бир хил ўтган. Кунларимнинг кўп қисмини маҳалламиз атрофида югуриб, қуёш ботгунча дўстларим билан ўйнаб ўтказардим. Аммо кечқурун мен учун куннинг энг севимли қисми эди. Сабаби, ҳар оқшом онам менга болалар тиббий журналларини ўқиб берарди. Уларнинг ҳар бири тананинг турли қисмлари ҳақида маълумот берар, унинг қандай ишлашини ва нима вазифа бажаришини тушунтирарди. Ўша пайтлари онам билан ўтган кечки мутолаа вақти мен учун энг севимли давр эди.

Шу тариқа болалигимдан илм-фанга қизиқиб қолганман. Барбилар ўрнига ота-онам совға қилган анатомик фигуралар билан ўйнадим. Қизиқишим туфайли мактабдан ташқари ҳам биология ва анатомиядан қўшимча дарсларга қатнашардим.

“Саратон сабаб бувим вафот этган”

Гарчи болаликдан тиббиёт йўналишига қизиқа бошлаган бўлсам-да, аниқ қарор қилишимга ҳаётимдаги даҳшатли йўқотиш сабаб бўлди. 15 ёшимда мени доимо қўллаб-қувватлаб, далда бериб келган бувим саратон касаллигидан вафот этди. Охирги телефон суҳбатларимиздан бирини ҳеч қачон унутмайман. Ўшанда бувим менга катта бўлгач, бу касалликка даво топиб, унинг ҳаётини сақлаб қолишим мумкинлигини айтди.

Бувим оламдан ўтганидан кейин мен ўзимга ваъда бердим: гарчи уни қутқара олмаган бўлсам ҳам, ҳаётимни бошқаларга ёрдам беришга бағишлайман. Мен ҳис қилган йўқотиш ва ночорлик ҳиссини бошқалар бошдан кечиришини хоҳламасдим.

Ўрта мактабни тугатганимдан сўнг тасодифан Брунел университетида генетика соҳасида ўқишимга ёрдам бера оладиган бир инсонни учратдим ва шундан кейин академик саёҳатим бошланди. Лондонга илк марта ўқиш учун келганимда 18 ёшда эдим.

Университетда ўқиш давомида курснинг бир қисми сифатида Буюк Британиядаги йирик фармацевтика компанияси бўлган GSK’да бир йил амалиёт қилиш имконига эга бўлдим. У ерда мен генетик токсикология бўйича ишладим ва ўз хулосаларимни муҳим анжуманда тақдим этдим. Натижада менга фақатгина моддий мукофот эмас, балки магистрлик даражасини бутунлай четлаб ўтиб, докторлик диссертациясини давом эттириш имконияти ҳам берилди.

Университетга охирги курсимга қайтиб, остеосаркома ва янги терапевтик усуллар бўйича қисқа муддатли тадқиқотлар ўтказдим. Бу лойиҳам эса Буюк Британияда Биология қироллик жамиятининг мукофотига сазовор бўлди.

Саратон қўзғатувчи моддаларни тадқиқ қиляпман

Ҳозирда мен Суонси университетида докторлик диссертациясини давом эттирмоқдаман, у ерда мен соҳадаги етакчи мутахассислар билан ишлаш имконига эга бўлдим. Тадқиқотим генетик токсикологияга қаратилган бўлиб, у канцерогенларни (саратон қўзғатувчи моддалар) аниқлаш ва уларнинг механизмларини тушунишга бағишланган.

Мен ҳар доим ўз ишимни Ўзбекистон билан боғлашга – ватанда кенг тарқалган муаммони ҳал қилишга уриниб келаман. Мамлакатимизда ошқозон саратони – саратон сабаб кузатиладиган ўлимнинг энг кенг тарқалган тури ҳисобланади. Менинг тадқиқотим ошқозон-ичак ҳужайралари чизиқларини ўрганишга бағишланган. Одатда очиқ оловда ёки юқори ҳароратда пишириладиган овқатларда, айниқса, гўштларда учрайдиган кимёвий моддаларнинг таъсирини ўрганяпман. Мақсадим – бу кимёвий моддаларнинг ошқозон-ичак ҳужайраларига генотоксик (ДНКга зарари) таъсирини аниқлаш ва бизнинг диетамиз ҳамда саратон хавфи ўртасидаги ҳар қандай потенциал алоқаларни ўрганишдан иборат.

Бундан ташқари, лойиҳамнинг бошқа қисми ҳужайрадаги энергия алмашинувини, оддий сўз билан айтганда, бизнинг ҳужайраларимиз томонидан энергия ишлаб чиқарилишини ўрганишга бағишланган. Мен ундан канцерогенезни (саратон қўзғатувчи) эрта аниқлаш учун биомаркер сифатида фойдаланмоқчиман.

Одамлар нега саратондан қўрқади?

Мен "саратон" сўзи билан боғлиқ қўрқувни тўғри тушунаман. Кўпчилик саратон ўзларига ҳеч қачон таъсир қилмайди деб ўйлайди ва шунинг учун зарур чораларни кўрмайди. Менимча, бу муносабат зарарли бўлиши мумкин. Саратон бу аниқ ҳақиқат. Кўпчилигимиз бу касаллик билан курашган ёки шу сабаб вафот этган одамни биламиз. Шунинг ўзиёқ касаллик ҳақида маълумотга эга бўлиш муҳимлигини англатади. Ҳозирги кунда олимларнинг саратонни даволаш борасида қилаётган изланишларига эса оптимистик нигоҳ билан қарайман.

Биз эса ўзимизни яхшироқ ҳимоя қилиш учун биринчи навбатда саратон нима эканини тушунишимиз керак. Аслида, саратон ҳужайраларимиздаги хатолардан келиб чиқади. Бизнинг ДНК мутацияга учрайди ва бу мутациялар вақт ўтиши билан тўпланиб, саратон ҳужайраларининг ривожланишига олиб келади. Бу ҳужайралар тез ўсади ва бўлинади, улар ҳатто жуда оғир шароитларда ҳам танада ривожланиш хусусиятига эга.

Ўзбекистонда саратонни даволашни мақсад қилганман

Келгуси уч йил ичида докторлик диссертациям устида ишлайман.

Буюк Британиядаги вақтимни қанчалик қадрласам ҳам, ватандек жой йўқ. Ўзбекистон менинг ҳаётимда алоҳида ўрин тутади: мен ўсган жой, дўстларим, ота-онам бор.

Бундан ташқари, ватандан менга кўрсатилаётган қўллаб-қувватлов ва имконият беқиёс бўлиб, ўзимда миннатдорлик ва бир пайтнинг ўзида масъулият туйғусини ҳам сезаман. Хорижда олган билим ва тажрибам билан қайтиб, жамиятимизга ҳисса қўшишни жуда хоҳлайман.

Илм-фанга қизиқадиган ёшларга тавсиялар

Агар сиз илмга қизиқаётган бўлсангиз, мен сизни доим қизиқувчан бўлишга ва қийинчиликларга дуч келсангиз ҳам, доим йўлингизда давом этишга чақираман. Яна ҳайратланиш туйғунгизни ҳам сақлаб қолишингизни сўраган бўлардим.

Саратондан сақланиш бўйича тавсиялар

Суҳбат охирида саратон касаллигига чалиниш хавфини камайтириш учун бир нечта тавсиялар бериб ўтмоқчиман. Буни Harvard Health сайтидан ҳам топиш мумкин.

Чекманг: тамаки маҳсулотларидан (сигареталар ва тамаки чайнаш) бутунлай воз кечинг.

Соғлом парҳез: Қайта ишланган гўшт ва қизил гўшт истеъмолини чеклаб, мева, сабзавот ва тўлиқ донларга бой овқатланишни танланг.

Мунтазам жисмоний фаоллик: Соғлом вазнни сақланг ва жисмоний фаолиятни кундалик ҳаётингизга киритинг.

Қуёшдан ҳимояланиш: Ўзингизни қуёшдан ҳимоя қилинг. Қуёшдан ҳимояловчи воситалардан фойдаланинг, ҳимоя кийимларини кийинг ва қуёш энг кучли пайт:10:00 дан 16:00 гача ундан сақланинг.

Спиртли ичимликларни чекланг.

Эмлашлар: Гепатит Б ва одам папилломавируси (ҲПВ) каби саратонга олиб келиши мумкин бўлган вирусли инфекцияларга қарши эмланинг.

Мунтазам равишда ўз-ўзини текшириш ва турли хил саратон турлари учун скрининглар - даволаш муваффақиятли бўлганда саратонни эрта аниқлаш имкониятини ошириши мумкин.

Атроф-муҳит хавфлари: Атрофингиздан хабардор бўлинг, ишда ва уйда потенциал канцерогенлар ва заҳарли кимёвий моддалар таъсиридан сақланинг.

Стрессни бошқариш: Стресс ва саратон ўртасидаги тўғридан тўғри боғлиқлик аниқ бўлмаса-да, стрессни самарали бошқариш сизнинг умумий фаровонлигингизни яхшилайди ва соғлиғингизни сақлашга ёрдам беради.

Зилола Ғайбуллаева суҳбатлашди.

Top