“Армияга рози бўлмаганимдан кейин ортга қайтаришди” – ўзбекистонликлар Москвага киритилмади
Шереметово аэропортида 5 кун тунаб, уйига қайтган Достонбек Қурбонниёзовга кўра, чегара ҳудудида муҳожирларни урушга чақириш тарғиботи авж олган. Бунинг учун ойига 200 минг рубл ҳам ваъда қилинган. Унга рози бўлмаганлар сўроққа тутилиб, ортга қайтарилмоқда.
Россиянинг Москва шаҳрига ишлаш учун борган бир гуруҳ ўзбекистонликлар чегарадан ўта олмай, Шереметово аэропортида егуликсиз, ёрдамсиз қолиб кетди. Бу ҳақда дастлаб Migrant.uz сайти хабар қилди.
Хўш, ҳозирга келиб уларнинг аҳволи қандай? Аэропортдан уйига қайта олмаётганлар сони қанча? Нима сабаб улар ушлаб турилибди? Kun.uz айни мавзу юзасидан Шереметовода 5 кун қолиб, 15 августда Қорақалпоғистонга қайтган Достонбек Қурбонниёзов билан суҳбатлашди.
Таъкидланишича, у 10 август санасида Урганч шаҳридан Аэрофлот авиакомпаниясининг рейси билан Москвага учган. Шереметово аэропортига қўнганидан сўнг муаммо паспорт текширувига келганда бошланган.
“[Паспорт текширувида] тўхтатишди, камерага қарадик, муҳр қўядиган жойида савол-жавоб қилди. Чегарачи қаерга кетаётганимни, Россияга келишдан мақсадим нима экани, олдин нима иш қилганимни сўради. Кейин ҳозирги ишимдан ҳам яхшироқ иш таклиф қилиши ҳақида бир неча маротаба сўради. Йўқ деганимдан кейин чеккага чиқариб қўйди.
Армияга хизматга боришимни сўрашганди, ойлигим 200 минг рубл бўлишини, олдиндан маълум суммада пул беришларини ҳам айтишди. Рози бўлмаганимдан кейин ортга қайтариб, қўшимча савол-жавоб учун бир хонага олиб киришди. У ерда яна сўроқ бўлди. Кейин шу билан ўша ердан ҳам бошқа жойга жўнатишди. У ерда бармоқ изларини олишга бошқа хонага олиб киришди. Шу билан кутиш залига ўтказиб юборишди. У ерда 5 кун қолиб, Ўзбекистонга келдик”, – дейди Қурбонниёзов.
Суҳбатдошга кўра, аэропортда қолиб кетган фуқароларга ёрдам бериш учун ҳеч қайси масъул ташкилот келмаган. Одамлар кутиш залининг ўзида тунаб қолган.
“Migrant.uz порталига қилинган мурожаатдан кейин элчихонадан одам келганини айтишди, лекин мен кўрганим йўқ. 5 кун давомида [кутиш залидаги] ўриндиқда ўтирдик. У ерда ухлаб қолишнинг иложи йўқ, энди ухлашга ётсангиз, карнайлардан “диққат, ҳурматли йўловчилар!” деб гапиришни бошлайди, у ерда тузукроқ дам олишнинг имкони йўқ.
Еб-ичишда ҳамма ўзи олиб борган нарсаларни: нон, майда-чуйда, қуруқ маҳсулотларни ейишди. Биринчи куни шундай бўлди. Иккинчи куни нонушта ва тушлик соат 14:00 да битта қилиб берилди. Кейин 2 кун кечки овқат беришди, кейин тўхтаб қолди. Элчихонадан келиб кетган вакилдан кейин эртасига яна кечлик бера бошлашди”, – дея таъкидлайди у.
Достонбек Қурбонниёзовнинг айтишича, аэропортда қолиб кетганлар ичида қўшни давлат фуқаролари ҳам бўлган. Ҳамюртимиз 2012 йилдан бери Россияга қатнаб ишлаши ҳақида гапираркан, шу вақтгача ҳужжатлар билан боғлиқ бирор муаммо юзага келмаганини, аэропортда нима учун бундай вазият юзага келганини тушунмаганини билдирди.
“Иложи бўлса, русчани яхши билмайдиган ёки ҳужжатларида носозликлар бўлса, ёнида ишончли одами билан боргани яхши. Савол-жавоблар бўлса, [ҳар хил] ҳужжатларга қўл қўймагани маъқул. У ерда савол-жавоб ҳамма билан ҳам бўлаётгани йўқ. Орасидан ё ўзлари танлаб оляпти, ё маълум ўтирган одамлар урушга, армияга боришни тарғиб қиляпти”, – деди Достонбек.
Kun.uz ҳолат юзасидан Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги билан боғланди. Маълум қилинишича, фуқаролар чегара ҳудудида нейтрал зонада бўлгани сабаб агентлик масъулларининг у ерга кириш имкони бўлмаган. Консуллик идоралари ходимларининг одамларга ёрдам қилиш мақсадида аэропортга боргани юзасидан ахборотлар йўқлиги айтилди.
Ташқи ишлар вазирлигининг таҳририятга берган маълумотига кўра, вазият бўйича аэропортга Ўзбекистоннинг Москвадаги элчихонаси қошидаги консуллик бўлими маркази вакиллари борган. У ердан кетолмай қолган ўзбекистонликлар сони 40 нафар экани аниқланган.
Қўшимча қилинишича, Россиядаги теракт воқеалардан кейин хавфсизлик масаласи кучайтирилган, шу сабабли мигрантларни сўроққа тутиш, кенгайтирилган савол-жавобларга жалб қилишлар кўпайган. Шереметоводаги ҳолат ҳам айни шулардан. Ҳозирда 40 нафар Ўзбекистон фуқаросининг ярмидан кўпи уйига қайтарилган. Қолган қисми ҳам қайтиши кутилмоқда.
Дилшода Шомирзаева тайёрлади.
Мавзуга оид
17:47 / 22.11.2024
Кремл Россияга мигрантлар нима учун кераклигини тушунтирди
18:21 / 20.11.2024
АҚШ ортидан Буюк Британия ҳам Украинага узоқ масофали ракеталардан Россияга зарба йўллашга рухсат берди – ОАВ
16:13 / 20.11.2024
«Крокус»да теракт содир этганликда айбланаётганлар яна 3 ой ҳибсда қолади
12:07 / 20.11.2024