Жаҳон | 17:26 / 06.01.2025
2802
2 дақиқада ўқилади

Россиянинг Воронеж областида мигрантларга яна бир неча соҳада ишлаш тақиқланди

Чет элликлар меҳнат қилиши тақиқланган соҳалар рўйхати кенгайтирилди.

Фото: Freepik

Россиянинг Воронеж области губернатори Александр Гусев бир қатор соҳаларда мигрантларни ишга жойлаштиришга қўйилган тақиқни узайтирди ва кенгайтирди, деб ёзди «Вести-Воронеж».

Энди хорижликлар куриер сифатида, таълим ва соғлиқни сақлашда, савдода ёки касалларни парвариш қилишда ишлай олмайди. Уларга, шунингдек, сув таъминоти каби ресурс соҳасида ишлаш ҳам тақиқланди. Фақатгина истиснолар - ёрдамчи ишчилар - юк кўтарувчилар, тозаловчилар ва фаррошлар.

Шу билан бирга, тақиқланган меҳнат турида ишлаб келаётган мигрантлар ишдан бўшатилиши ёки бошқа, тақиқланмаган лавозимларга ўтказилиши лозим.

2024 йил ёзида Воронеж областида мигрантларга транспорт соҳасида – такси ва жамоат транспорти ҳайдовчиси сифатида ишлаш тақиқланган эди. Кейинчалик - чакана савдо ва ижтимоий хизматларда ҳам чеклов жорий этилди.

Илгари мигрантлар учун тақиқланган иш ўринлари рўйхати Россиянинг ўнлаб бошқа минтақаларида кенгайтирилди. Россия ҳукумати «Крокус Сити Холл»даги терактдан кейин мигрантларга нисбатан қаттиқ чекловлар жорий қила бошлади.

Сардор Юсупов
Тайёрлаган Сардор Юсупов
Kun.uz янгиликларини Google News'да кузатинг
+ Обуна бўлиш

Мавзуга оид