Ўзбекистон | 12:00 / 12.10.2024
15606
4 дақиқада ўқилади

Сергелидаги портлаш: 4 нафар айбланувчининг ҳар бири 5 йилга озодликдан маҳрум қилинди

2023 йил сентябрь ойида Сергелидаги омборда содир бўлган кучли портлашда Inter Logistics ҳамда Polychem МЧЖларнинг директорлари айбдор, деб топилди. Судланувчининг ҳар бирига 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиниб, 2 йил давомида “раҳбарлик ва ёнғин хавфсизлиги вазифалари юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқи”дан маҳрум этилди. Шунингдек, фуқаровий жабрланувчилар ва даъвогарлар фойдасига 282 миллиард сўм маблағни солидар тартибда ундирилиши белгиланди.

2023 йил 28 сентябр куни соат 2:43 да Тошкент шаҳри Сергели тумани Қурувчилар массивида Inter logistics компанияси омборхонада кучли портлаш рўй берган эди. Расмий маълумотларга кўра, ҳудуддаги 39 та кўп қаватли уйнинг 1370 та хонадони ҳамда 246 та ҳовлига зиён етиб, умумий зарар миқдори 14,5 млрд сўмни ташкил этганди. Фожиа оқибатида 1 нафар ўсмир вафот этган, 100 дан ортиқ киши жабрланганди.

Daryo.uz нашрининг хабар беришича, 11 октябр куни Жиноят ишлари бўйича Миробод туман судида судя Дадабоева раислигида мазкур иш кўриб чиқилди. 4 нафар судланувчининг ҳар бири Жиноят кодексининг 259-моддаси 2-қисми “а” ҳамда “б” бандлари назарда тутилган жиноятлар — “одам ўлиши ва бошқа оғир оқибатлар келиб чиқишига сабаб бўлган ҳолда ёнғин хавфсизлиги қоидаларининг шу қоидалар бажарилиши учун масъул бўлган шахс томонидан бузилиши”да айбдор деб топилган. Судланувчиларга, ушбу модда учун назарда тутилган энг оғир жазолар тайинланган, хусусан:

Inter Logistics МЧЖ директори Фирдавс Сайиддинов – Жиноят кодексининг 259 модда, 2 қисми “а” ва “б” бандлари билан айбдор, деб топилган. У шу модда билан 2 йил давомида “раҳбарлик ва ёнғин хавфсизлиги вазифалари юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқи”дан маҳрум этилиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони манзил колонияда ўташ белгиланди.

Inter Logistics МЧЖ қўриқлаш хизмати бошлиғи Фарҳод Абдураҳимов – Жиноят кодексининг 259 модда, 2 қисми “а” ва “б” бандлари билан айбдор, деб топилган. У шу модда билан 2 йил давомида “раҳбарлик ва ёнғин хавфсизлиги вазифалари юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқи”дан маҳрум этилиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони манзил колонияда ўташ белгиланди.

Polychem МЧЖ директори Сардор Баҳромов – Жиноят кодексининг 259 модда, 2 қисми “а” ва “б” бандлари билан айбдор, деб топилган. У шу модда билан 2 йил давомида “раҳбарлик ва ёнғин хавфсизлиги вазифалари юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқи”дан маҳрум этилиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони манзил колонияда ўташ белгиланди.

Polychem МЧЖ омбор мудири Камолиддин Назаров – Жиноят кодексининг 259 модда, 2 қисми “а” ва “б” бандлари билан айбдор, деб топилган. У шу модда билан 2 йил давомида “раҳбарлик ва ёнғин хавфсизлиги вазифалари юклатилган лавозимларда ишлаш ҳуқуқи”дан маҳрум этилиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Тайинланган жазони манзил колонияда ўташ белгиланди.

Барча айбланувчилар учун жазо муддатини ўташ – 2023 йил 29 сентябрь бошлаб ҳисобланган ҳамда қамоққа олиш эҳтиёт чораси аслича қолдирилган.

Суд томонидан судланувчилар ҳамда Inter Logistics МЧЖ, Polychem МЧЖдан ўнлаб фуқаровий жабрланувчилар ва даъвогарлар фойдасига 282 миллиард сўм маблағни солидар тартибда ундириши белгиланди.

Мавзуга оид